Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

31.08.2018 20:12 Чоп этиш версияси

Ҳурлик солномаси битилар дилдан

Ҳурлик солномаси битилар дилдан
Ҳар йили Мустақиллик байрами арафасида ортга бир назар солиб, йил давомида юртимизда қандай ўзгаришлар бўлди, халқимиз бу йил нималарга эришди, қандай эзгу ишлар мамлакатимиз аҳолисини хушнуд этди, одамларни ҳам иқтисодий, ҳам маънавий баркамол этадиган қайси яхши, соғлом амаллар рўёбга чиқди – шулар ҳақида ўйга толаман, ютуқларни мулоҳаза қилиб, қувонаман.

Ижодкор бўлганим учун ўзимга яқин соҳа, яъни адабиёт, тил, китоб ва китобхонликка тааллуқли ишларга тўхталиб ўтмоқчиман.

Мустақиллик туфайли халқимиз эришган энг олий неъматлардан бири – ўзбек тилига Давлат тили мақоми берилиши эди.

Юртимизда саводхонликни ривожлантирувчи омиллардан бири бўлган шаҳар ва туманларда дўкон ва корхоналар пештоқларида ёзиладиган ҳар бир ёзувдан тортиб, мактаб, олий таълим муассасаларидаги таълим жараёнларида саводхонликка эътиборни кучайтириш бугуннинг энг зарур талабидир.

Ҳа, бу соҳада кўп ишлар амалга оширилди, ислоҳотлар давом этмоқда. Президентимизнинг китобхонликни тарғиб қилиш ва рағбатлантириш борасидаги эзгу ташаббуслари ғоят қадрлидир. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисидаги қарори ҳам барча ижод аҳлини бирдек хурсанд қилди. Шулардан келиб чиқиб, айтаманки, юртимиз энди ривожланишнинг энг олий илмий, маърифий тарафига қараб йўлга чиқмоқда. Тўғрида, ҳар қанча фахрлансак, қувонсак арзигулик ишлар. Қарор фақатгина уюшма фаолияти ва унинг ходимларигагина тааллуқли бўлмасдан, бевосита уюшма аъзоси бўлган ҳар бир ёзувчи-шоирга, нафақат ёзувчи-шоирга, қўлида қалами борки, ҳар қандай ижодкорга катта масъулиятли вазифаларни белгилаб берди. Замон билан ҳамнафас яшаш энди ижодкорнинг бирламчи иши бўлмоқда. У юксак бадиий асар ёзиш баробарида виждонига хилоф иш тутмаслиги керак бўлади.

Ижодкор ҳаётни ҳаққоний тасвирламоғи зарур. Шундагина у бугун учунгина эмас, келажак учун ҳам ижод қилган бўлади. Демак, ёзувчи-шоир учун аллақандай қотиб қолган қолипларда чегараланиб эмас, ростмана эркин ёзиш имкони берилгани ана шу ғамхўрликлар нишонасидир.

Фарид Усмон,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси,
"Дўстлик" ордени соҳиби.

ЎзА
3 319