ЎзА Ўзбек

23.01.2020 Чоп этиш версияси

Қурилиши тугалланмаган объектлар мулкдорлари диққатига!

Қурилиши тугалланмаган объектлар мулкдорлари диққатига!


Ўзбекистон Республикасида инвестицион муҳитни янада яхшилаш, тадбиркорлик фаолияти учун қулай имкониятлар яратиш, шунингдек бюрократик тўсиқларни бартараф этиш бўйича изчил ислоҳотлар олиб борилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорациясининг “Doing Business” (Бизнес юритиш) йиллик ҳисоботида рейтингини яхшилаш мақсадида, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 29 декабрдаги “Кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 1060-сонли қарори қабул қилинган.

Ушбу қарорга мувофиқ, қурилиши тугалланмаган объектлар – қурилиши белгиланган тартибда ажратилган ер участкасида тасдиқланган лойиҳа ҳужжатларига мувофиқ бошланган, лекин белгиланган кунида тугалланмаган ёки қурилиши тугалланган, аммо қурилиши (реконструкцияси) тугалланган бинолар ва иншоотларни фойдаланишга қабул қилиш далолатномаси асосида қабул қилинмаган бино ва иншоотлар ҳисобланади.

Мазкур Қарор билан тасдиқланган “Кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисида”ги Низомга мувофиқ, эндиликда қурилиши тугалланмаган нотураржой бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқлар тегишли лойиҳа ташкилоти томонидан уларнинг қурилиши бошланганлиги тасдиқланган тақдирда давлат рўйхатидан ўтказилиши мумкин. Бунда, қурилиши тугалланмаган объектга нисбатан мулк ҳуқуқи ер участкасига бўлган ҳуқуқ белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилганлиги ҳамда қурилиш қонун ҳужжатларига мувофиқ тасдиқланган лойиҳа асосида бошланганлиги шарти билан давлат рўйхатидан ўтказилади.

Қарорга қўра, қурилиши тугалланмаган бино ва иншоотларга бўлган мулк ҳуқуқини давлат рўйхатидан ўтказишда, шунингдек уларни бошқа шахсга ўтказишда туман ҳокими қарори қабул қилиниши ва унинг рухсатномасини талаб этиш амалиёти бекор қилинган.

Қурилиши тугалланмаган бино ва иншоотларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш ва давлат рўйхатидан ўтказиш, шунингдек бошқа шахсларга ўтказишда бу тартибнинг жорий этилиши фуқаролар ва тадбиркорларга бу турдаги объектларни гаровга қўйиб кредитлар олиш, молиявий қийинчиликларга учраганда эса уларни бошқа шахсларга сотиш орқали қурилиш жараёни туглланмасдан қолиб келаётган бинолар сонининг кескин камайишига, бюрократия ва коррупциаген ҳолатларнинг олдини олишга ёрдам беради ҳамда “53 фоизлик бинолар” тушунчаси бутунлай барҳам топди.

Давлат хизматлари агентлиги Тошкент шаҳар

матбуот хизмати


3 865
ЎзА