ЎзА Ўзбек

18.09.2018 Чоп этиш версияси

Қурилиш материаллари саноати: ўзаро ҳамкорликнинг амалий натижалари

Қурилиш материаллари саноати: ўзаро ҳамкорликнинг амалий натижалари “Ўзқурилишматериаллари” акциядорлик жамиятининг маҳаллий давлат ҳокимликлари билан ҳамкорлиги амалий натижалар бермоқда.

Жорий йилнинг ўтган даврида Наманган вилоятида ишга туширилган янги қувватлар ана шундай ҳамжиҳатликлар самараси бўлиб, уларда 140 нафарга яқин фуқаро муқим иш билан таъминланди.

Бугунги кунда Наманган шаҳрида “Бунёдкор-3” масъулияти чекланган жамиятида ўрнатилган ускуналар сабаб йилига 120 минг куб метр темир-бетон маҳсулотлари ишлаб чиқариш имконияти яратилган бўлса, “Алишер камера сервис” хусусий корхонасида эса йилига 100 минг дона шифер ишлаб чиқариш лойиҳаси амалиётга татбиқ этилди. Ҳар икки корхонада айни чоғда 60 та янги иш ўрни вужудга келди.

qurilish.jpg

Наманган шаҳридаги “Муҳаммадқодир саноат сервис” масъулияти чекланган жамияти фаолиятига тўхталадиган бўлсак, бу ерда йилига 1,2 минг квадрат метр МДФ эшик ва ромлар ишлаб чиқарила бошлади. 3 миллиард сўм бўлган лойиҳа қийматининг қарийб 2 миллиард сўми ташаббускор маблағига тўғри келди. Лойиҳанинг 1,5 миллиард сўми тижорат банки томонидан ажратилган кредит маблағидир. Лойиҳа ўнта янги иш ўрнини очди.

– Наманган, Косонсой, Тўрақўрғон ва Уйчи туманларида иш бошлаган янги қувватлар аҳоли эҳтиёжини қондирмоқда, – деди “Ўзқурилишматериаллари” акциядорлик жамиятининг ташкилий тузилмасидаги “ЎзқурилишматериаллариЛИТИ” масъулияти чекланган жамиятининг Наманган вилояти бўйича қурилиш материаллари соҳасига доир инвестиция лойиҳалари йиғма ахборот-таҳлил бўлими мутахассиси Фарҳод Мадраҳимов. – 15 иш ўрни яратилган Наманган туманидаги “Шербулоқ адирлари” хусусий корхонасида йилига 100 минг дона шифер ишлаб чиқарилади. Тўрақўрғон туманидаги “Оқтош темир-бетон махсулотлари” масъулияти чекланган жамияти эса йилига 185 минг куб метр темир-бетон маҳсулотлари тайёрлаб беради. Катта ҳажмдаги бетон плиталар, қувурлар, лоток, йўл ва йўлак бардюрлари ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқариш лойиҳаси учун ташаббускорнинг 8 миллиард сўм маблағи сарфланди. Бу ерда 30 та янги иш ўрни яратилди.

Шу билан бирга, Косонсой туманидаги “Абдулносир Абдулазиз савдо сервис” ва Уйчи туманидаги “Адҳамжон савдо барака” хусусий корхонаси масъулияти чекланган жамиятлари фаолиятида янги қувватлар янги имкониятлар эшигини очди. Масалан, “Абдулносир Абдулазиз савдо сервис” МЧЖ томонидан амалга оширилган лойиҳа қиймати 650 миллион сўм, шу жумладан, 200 миллион сўм ташаббускорники, 400 миллион сўм хизмат кўрсатувчи тижорат банки кредит маблағидир. Бу ерда йилига 1,2 минг тонна мих ва қотирма маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳаси амалга оширилди ҳамда 10 та янги иш ўринлари яратилди. “Адҳамжон савдо барака” хусусий корхонаси йилига 150 минг дона бетон ва пеноблоклар ишлаб чиқариш лойиҳаси ташаббускорнинг 400 миллион сўм ўз маблағи ўзлаштирилиши ҳисобига ишга туширилиб, 7 та янги иш ўрни ташкил этилди.

sement.jpg

Бундан ташқари, вилоятнинг норуда қазилма бойликларидан унумли фойдаланишга эътибор қаратилмоқда. Шу мақсадида 2018-2019 йилларда қурилиш моллари ишлаб чиқаришни ривожлантириш дастурлари доирасида 4 та янги турдаги қурилиши маҳсулоти ишлаб чиқариш лойиҳалари амалга оширилиши ва натижада 2019 йил якунлари билан 1310 минг тонна цемент, 1 минг 700 квадрат метр керамик плита, 15 минг дона сантехника маҳсулотлари, 1,5 миллион квадрат метр гипсокартон маҳсулотлари ишлаб чиқариш қувватлари яратилиши режалаштирилган.

Айни кунда “Қурувчи кушон”, “Поп цемент”, “Наманган цемент” ва “Жаҳон евро сервис” корхоналари томонидан цемент ишлаб чиқариш, “Float tile” корхонаси томонидан керамик плита ишлаб чиқариш лойиҳаларида кенг кўламдаги қурилиш ишлари олиб борилмоқда.

3 346
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА