Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги

07.08.2018 20:46 Чоп этиш версияси

Қурилиш материаллари саноати ривожланишнинг янги босқичида

Қурилиш материаллари саноати ривожланишнинг  янги босқичида
Ўз таркибида 112 та корхонани жамлаган “Ўзқурилишматериаллари” акциядорлик жамияти давлат ҳокимияти органлари билан ҳамкорликда маҳаллий хомашёни чуқур қайта ишлаш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга оширмоқда. Хусусан, бу жараёнда рақобатдош, экспортга йўналтирилган қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ва янги турдаги сифатли қурилиш материалларига бўлган ички эҳтиёжни қондиришга алоҳида эътибор қаратилган. Ушбу талаблар эса маҳаллий ва хорижий тадбиркорларни қўллаб-қувватлашга кенг имкониятлар эшигини очаётир.

Фикримиз исботи сифатида юртимиздаги маҳаллий ва хорижий тадбиркорлар фаолияти ҳақида тўхталиб ўтсак. Тошкент вилояти Ангрен шаҳридаги “Ангрен” эркин иқтисодий ҳудудида “Греат Уол Керамикс” қўшма корхонаси шулар сирасидан.

Корхона керамик плиткалар ва саньфаянс маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Лойиҳанинг умумий қиймати 
22 миллион доллар бўлиб, йилига уч ярим миллион квадрат метр керамик плиткалар ишлаб чиқариш имкониятига эга. Лойиҳанинг биринчи босқичида 18 миллион 600 минг доллар хорижий инвестициялар ва кредитлар ўзлаштирилди. Бунинг натижасида йилига 3,5 миллион квадрат метр керамик плиткалар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди ва 47 та янги иш ўрни яратилди. Лойиҳанинг иккинчи босқичида эса йилига 200 минг дона саньфаянс ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.

Аҳамиятли жиҳати шундаки, корхонага Хитой Халқ Республикасининг энг илғор ускуналари ўрнатилган. Айни кунда асбоб-ускуналарни монтаж қилиш ва ишга тушириш тадбирлари амалга оширилмоқда. Шу йилнинг декабрь ойидан корхонада замонавий ва сифатли маҳсулот ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. 

Ҳукуматимиз томонидан яратилаётган қулайликлар туфайли “Ўзқурилишматериаллари” акциядорлик жамияти янги турдаги қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга катта эътибор қаратмоқда.

“Ангрен” эркин иқтисодий зонасида “Люкс гранит” масъулияти чекланган жамият фаолияти ҳам юқорида тўхталиб ўтган корхона ютуқларидан асло қолишмайди. Унда умумий қиймати 37,5 миллион доллар (4,4 млн. доллар хорижий инвестициялар ва кредитлар, 33,1 млн. доллар тижорат банклари кредитлари) ўзлаштирилиши эвазига йилига 2 миллион 700 минг квадрат метр керамогранит ишлаб чиқаришга ихтисослашган. 

Корхонада Италиянинг “Siti B&T Group” компанияси ускуналари ўрнатилган бўлиб, жорий йилнинг сентябрь ойидан маҳсулот ишлаб чиқарила бошлаш эвазига 50 нафар маҳаллий аҳоли янги иш ўрнига эга бўлади.

Пойтахтимизнинг Яшнобод туманидаги “Пергамент куалити эксклюзив” масъулияти чекланган жамиятида Германия технологияси бўйича йилига 3 миллион рулон сифатли ва замонавий обой маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. 2017 йилда муваффақиятли фойдаланишга топширилган мазкур лойиҳа асосида 9,5 миллион доллардан ортиқ маблағ ўзлаштирилиши натижасида 116 та янги иш ўрни яратилди.

Албатта, тизимда амалга оширилаётган бу каби лойиҳалар юртимиз қурилиш материаллари саноатини янги босқичга олиб чиқиши баробарида маҳаллий корхоналарни бугунги талаб ва эҳтиёжига монанд фаолият кўрсатишга ундайди.

Насиба Зиёдуллаева, ЎзА.