ЎзА Ўзбек

29.05.2020 Чоп этиш версияси

Урганчда тезкор коммунал хизмати йўлга қўйилди

Урганчда тезкор коммунал хизмати йўлга қўйилди

Хоразм вилояти Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси ҳузуридаги «Таъмирлаш-тиклаш хизмати» Давлат унитар корхонасига иккита автомашина берилди.

Коммунал хизмат кўрсатиш соҳаси халқимизнинг турмуш даражасини ошириш, аҳолининг кундалик эҳтиёжларини қондириш, улар учун қулай яшаш шароитини яратишда муҳим аҳамиятга эга. Ушбу соҳа мутахассисларининг фидокорона меҳнати туфайли аҳолига тоза ичимлик суви ва иссиқлик энергияси етказиб берилмоқда. Шаҳар ва туманлардаги кўп квартирали уй-жойлар обод бўлмоқда, йиллар давомида аҳолини қийнаб келаётган муаммолар изчиллик билан ҳал қилинмоқда.

Ўзбекистон Республикаси уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири ўринбосари Назиржон Назиров вазирлик жамғармаси маблағлари ҳисобидан харид қилинган 2 та Дамас автомобилини Хоразм вилояти уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси ҳузуридаги «Таъмирлаш-тиклаш хизмати» Давлат унитар корхонасига топширди.

Эндиликда корхона мутахассислари Урганч шаҳри бўйлаб ушбу транспорт воситасида кўп хонадонли уйларда яшовчи аҳолига турли йўналишларда маиший техникаларни ўрнатиш ва таъмирлаш, сантехник, электрик ва бошқа хизматларни таклиф этиш имкониятига эга бўлди.

–Аҳолига коммунал хизматлар кўрсатиш тизимининг моддий-техника базасини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди вилоят уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси ҳузуридаги «Таъмирлаш-тиклаш хизмати» ДУК раҳбари Санжар Қиличев. – Бу борадаги ишларни янада жадаллаштириш аҳолига тезкор коммунал хизмат кўрсатиш мақсадида ушбу автомобилларнинг ҳар бирида иккитадан мутахассис аҳоли хизматида бўлади. Ушбу хизматдан фойдаланиш учун фуқароларимиз «1184» – қисқа рақамига қўнғироқни амалга ошириб, манзил ва юзага келган муаммо ҳақида хабар қилсалар бас. Мутахассисларимиз зудлик билан етиб боришади ҳамда муаммо қисқа фурсатда бартараф этилади. Жорий йил якунига бориб ушбу хизматга яна иккита автомабил қўшилади.

Тадбирда таъкидланганидек, соҳани ривожлантиришга қаратилган шу каби муҳим вазифалар билан бир қаторда пандемия билан боғлиқ бу синовли кунларда аҳоли хонадонларига ва тиббиёт муассасаларига, айниқса, махсус карантин объектларига узлуксиз тоза ичимлик сувини етказиб бериш, кўп квартирали уй-жойларни иссиқ сув билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилади.

Уйлар ва унга туташ ҳудудларни дезинфекциялаш тадбирларини мунтазам равишда амалга ошириш учун сув ва иссиқлик таъминоти ташкилотлари, барча диспетчерлик ва авария хизматлари кучайтирилган иш режимида фаолиятини давом эттиради.

1 579
Аҳмаджон ШОКИРОВ, ЎзА