ЎзА Ўзбек

20.08.2018 12:16 Чоп этиш версияси

Қурбон ҳайитини азага, хафагарчиликка айлантирмаслик керак!

Қурбон ҳайитини азага, хафагарчиликка айлантирмаслик керак!
Фарғона вилоятида ҳам Қурбон ҳайитини кўтаринки руҳда нишонлашга қизғин ҳозирлик кўрилди. Шаҳар ва туманларда ташкил этилаётган тадбирларда ўзаро меҳр-оқибат, хайр-саховат ҳамда ҳамжиҳатлик фазилатлари яққол намоён бўлмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 15 августдаги “Қурбон ҳайитини нишонлаш тўғрисида”ги фармонини халқимиз катта хурсандчилик билан кутиб олди.

Энг улуғ, энг азиз байрамимиз-мустақиллигимизнинг 27 йиллиги шодиёналари билан бирга Қурбон ҳайити нишонланишида ҳам ўзига хос рамзий маъно бор. Зеро, айнан истиқлол халқимизга муқаддас динимиз арконларини эмин-эркин адо этиш имконини берди.

– Халқимиз ва динимизнинг улуғ қадриятларидан бири бўлган “Ийд ал Азҳо”– Қурбон ҳайити яхшилик, поклик, шоду хуррамлик айёмидир, – дейди Фарғона шаҳар “Жўйдам” жомеъ масжиди имом-хатиби Баҳромжон Турсунов. – Ҳайитдан мақсад, кўнгилларга хушнудлик, нафсларга севинч, жисмга роҳат бағишлаш, дўстлар, яқинлар ўртасида муҳаббат, қариндошлар ўртасидаги меҳр ришталарини янгилаш, кишиларни бир-бирларига ёрдам ва саховат кўрсатишга чорлашдир. Бу кунларни азага, хафагарчиликка айлантирмаслик керак. Ўтганларимизни эслаш, уларни руҳларини шод этиб дуойи хайрлар қилишимиз яхши амал, лекин булар ҳайит байрами шукуҳига таъсир қилмаслиги лозим.

Вилоятда байрам тадбирларини тинч-осойишта, халқимизга хос меҳр-мурувват, бағрикенглик ҳамда саховатпешалик фазилатларини намоён этган ҳолда ўтказиш юзасидан чора-тадбирлар белгиланди. Ҳайит намози ўқиладиган масжидларда барча шароит ва қулайликлар яратилди. Қурбон ҳайити байрами олдидан вилоятнинг барча ҳудудида катта ҳажмда ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Айниқса, муқаддас қадамжолар, тарихий обидаларда таъмирлаш ишлари бажарилди. Маҳаллалар, кўча-ю хиёбонлар янада кўркам қиёфа касб этди.

Қутлуғ айём арафасида табаррук отахону онахонларга юксак ҳурмат ва эҳтиром кўрсатилиб, якка-ёлғиз, боқувчисини йўқотган, кам таъминланган оилалар, ногиронлар, ҳолидан хабар олинмоқда. Вилоятда бугунги кунда 100 ёшдан ошган 77 нафар нуроний бор. Байрам кунларида уларнинг хонадонларида бўлиниб, эъзоз ва эътибор кўрсатилади.

– Ҳайит байрами арафасида бизни йўқлаб келганлардан жуда ҳам миннатдормиз, – дейди Фарғона шаҳрилик 104 ёшли онахон Ҳабибахон Алиохунова. – Биз қарияларга катта эътибор бераётган, ғамхўрлик кўрсатаётган Юртбошимиз соғ-омон бўлсин. Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин.

М. Сулаймонов, ЎзА
5 556