ЎзА Ўзбек

23.08.2018 14:55 Чоп этиш версияси

Қурбон ҳайити Сурхондарё вилоятида ҳам кенг нишонланмоқда

Қурбон ҳайити Сурхондарё вилоятида ҳам кенг нишонланмоқда

Улуғ айём кунлари халқимизга хос саховат, инсонпарварлик, мурувват, ҳамжиҳатлик каби юксак фазилатларимиз кенг намоён этилаётгани юртдошларимиз қалбига бир олам қувонч улашиб, уларнинг тинч, фаровон, обод турмушга шукроналик ҳиссини мустаҳкамлаётир. 

Вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Б. Пўлатов, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари мурувват ва меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари, беморлар холидан хабар олиб, улар учун байрам дастурхонлари ёзмоқда, совға-саломлар улашиб, маънавий қўллаб-қувватламоқда.

Термиз туманидаги вилоят руҳий-асаб касалликлари шифохонаси, Денов туманидаги Мурувват, Термиз шаҳридаги 12-Меҳрибонлик уйларида бўлиб ўтган ана шундай тадбирлар беморлар ва тарбияланувчиларга байрам шукуҳини улашди. Файзли дастурхон атрофида дилдан суҳбатлар бўлди. 

Қурбон ҳайити муносабати билан мамлакатимизда уч кунлик дам олиш эълон қилингани юртдошларимизнинг муқаддас қадамжолар, тарихий обидаларни зиёрат қилиб, узоқ-яқиндаги қариндошлари ва беморлар ҳолидан хабар олишига қулай имконият яратди. 

– Президентимизнинг Ўзбекистон халқига Қурбон ҳайити табригида улуғ айёмнинг халқимиз ҳаётида тутган ўрни ва аҳамияти ўз ифодасини топган, – дейди термизлик З.Жўрақулов. – Шу кунларда ҳамма бир-бирини қутлаб, ҳол-аҳвол сўраб чинакам байрам қилишмоқда. Мен ҳам рўзғор-иш ташвишларидан вақт орттириб Деновдаги қариндошларимиз ва дўстларимизникида бўлмаган эдим. Айём муносабати билан юртимизда эълон қилинган дам олиш кунларидан фойдаланиб, яқинларимизникига ҳайитлаб бордик. 

Вилоятда ҳайит байрами кўтаринки рухда давом этмоқда. 

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА
4 299