ЎзА Ўзбек

25.07.2020 Чоп этиш версияси

ҚУРБОН ҲАЙИТИ: пандемия шароитида байрамни қандай нишонлаймиз?

ҚУРБОН ҲАЙИТИ: пандемия шароитида байрамни қандай нишонлаймиз?


Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Қурбон ҳайитини нишонлаш тўғрисида”ги қарорида ушбу байрамни карантин талабларига риоя қилган ҳолда, халқимизнинг миллий ва диний анъаналарига мос равишда ўтказиш борасида вазифалар белгиланди.

Бу йил Қурбон ҳайити намозини жамоат бўлиб ўқишнинг иложи йўқлиги, нафл намозини ўқиш тартиби ва бошқа вожиб амаллар ҳақида ЎзА мухбирига Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон ИШМАТБЕКОВ сўзлаб берди.

– Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Мана шундай айём кунларига етказгани учун Аллоҳ таолога чексиз шукроналар айтамиз. Фазилатли кунларда Аллоҳдан халқимизга тинчлик-осойишталик, қут-барака ва катта ташвиш бўлиб турган коронавирус касаллигидан Ўзи ҳимоя қилишини тилаб дуолар қиламиз.

Маълумки, бугунги синовли кунларда халқимиз бир тану, бир жон бўлиб, дунё халқлари бошига келган ушбу касалликка сабр-матонат, ҳамжиҳатлик билан курашмоқда.

“Қурбон ҳайитини нишонлаш тўғрисида”ги қарорда белгиланган муҳим вазифалар Қурбон ҳайитининг юртимизда карантин қоидаларига амал қилган ҳолда, кўтаринки руҳда ўтишига асосий омил бўлмоқда.

Ушбу айём кунларида бугунги синовли даврни эътиборга олган ҳолда сабру қаноат, шукроналик, руҳий покланиш, меҳр ва кўмакка муҳтожларга янада эътиборли бўлиш, савобли амаллар қилишдек олижаноб фазилатларни ҳар қачонгидан ҳам яққол намоён этиш зарур.

Саҳобалардан бири мушкул аҳволга тушиб қолганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўрадилар: «Эй Аллоҳнинг Расули, нажот нимада? Расули Акрам алайҳиссалом «Тилингни тий, уйингда қол ва хатоларингга йиғла», дедилар (Имом Термизий ривояти).

Уламолар “Мусулмон, моҳир, тақводор табибнинг хабари ила қилинадиган муолажа фарзи айн даражасигача кўтарилади”, деб таъкидлаган. Фиқҳий қоида шуки, “Айни пайтда саломатликка ва келажакда тинч-тотувликка сабаб бўладиган нарсага амал қилиш шариат ва ақл нуқтаи назаридан вожиб ҳисобланади”.

Касаллик қайси юртда кенг тарқалса, карантин талабларига амал қилиш вожиб. Бундай пайтда чора-тадбирларни белгилаш соҳа мутахассислари ва шифокорларга боғлиқ бўлиб, улар томонидан чиқарилган қонун-қоидаларга барча аҳоли амал қилиши зарур.

Бу йил карантин туфайли юзага келган маълум қийинчиликларни тўғри тушуниб, бу масалага оқилона ёндашган, айни вақтда синовларни сабр-матонат ила енгиб ўтаётган юртдошларимизга чуқур миннатдорлик билдирамиз.

Маълумки, ҳозирги кунда бутун дунё аҳли каби биз ҳам коронавирус пандемияси билан боғлиқ мушкул вазиятни бошимиздан ўтказмоқдамиз. Карами кенг Аллоҳ таоло Қуръони каримда инсонларни масъулиятли синов кунларида сабр ва қаноатли бўлишга даъват этиб, “Албатта, қийинчилик билан бирга енгиллик ҳам бордир”, деб марҳамат қилади.

Шу маънода, бугунги қийинчиликлар албатта ўтиб кетади, ҳали қанча хурсандчилик кунлар, байрам ва ҳайитларни барчамиз биргаликда нишонлаймиз, деб ишонаман.

Домла айтингчи, Ислом динида Қурбон ҳайитини нишонлаш бўйича қандай тавсиялар келган, халқимиз бу кунларда қандай амалларни бажарганлари афзал?

Қурбон ҳайити Зулҳижжа ойининг 10-кунига тўғри келиши эътиборидан ушбу ой ва унинг биринчи ўн кунлиги фазилати жуда улуғ экани мўътабар манбаларда баён этилган.

Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг “Фажр” сурасида: “Тонгга қасам. (Зулҳижжа ойидаги аввалги) ўн кечага қасам. Жуфт ва тоққа қасам”, деб марҳамат қилган.

“Жуфтга қасам”даги “жуфт”дан мурод, зулҳижжа ойининг ўнинчи куни, “тоқ”дан мурод эса тўққизинчи кунидир. Имом Нисобурий айтадилар: “Аллоҳ таолонинг ушбу ўн кечага қасам ичиши, бу кунларнинг нечоғлик шарафли ва улуғ кунлар эканига далолат қилади ва унда дунёвий ва уҳровий манфаатлар борлигини кўрсатади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ учун ибодат қилинишга зулҳижжанинг ўн кунидан севимлироқ кунлар йўқ. Унинг ҳар кунлик рўзаси бир йиллик рўзага, ҳар тундаги ибодат Лайлатул қадрдаги ибодатга тенгдир”, деганлар (Имом Термизий ривояти).

Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Арафа кунининг рўзаси ундан олдинги бир йил ва ундан кейинги бир йиллик гуноҳларга каффорат бўлишини Аллоҳдан умид қиламан”, деганлар (Имом Муслим ривояти).

Яна бир ҳадиси шарифда: “Аллоҳ таолонинг наздида ушбу ўн кунда қилинган солиҳ амалдан кўра маҳбуброқ ва улуғроқ кун йўқ. Бу кунларда таҳлил, такбир ва ҳамд санони кўпайтириинглар”, деб марҳамат қилганлар.

Шунингдек, бу айёмларда имкони етганлар қурбонлик қилишлари энг афзал ибодатдир. Аллоҳ таоло Қурбон ҳайити кунида бизларни ҳайит намозини ўқишга, қурби етган кишиларни эса қурбонлик қилишга буюрган. Қуръони каримда бу ҳақда шундай баён қилинган: “Бас, Раббингиз учун намоз ўқинг ва (туя) сўйиб қурбонлик қилинг!” (Кавсар сураси, 2-оят).

Ҳазрати Али разияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: «Ким қурбонликка жонлиқ олиш учун бозорга борса, Аллоҳ таоло ҳар бир қадамига ўнта савоб ато этади ва ўнта гуноҳини кечиради ва мартабасини ўн даража кўтаради. Жонлиқни савдо қилаётганда айтган сўзларини тасбеҳ ўрнида қабул қилади. У учун берган ҳар бир дирҳамига етти юз дирҳамнинг савобини беради. Қурбонликнинг ҳар қатра қонидан ўнта фаришта яратади ва улар қиёматгача унинг учун истиғфор айтадилар. Қурбонлик гўштининг ҳар луқмаси учун Исмоил алайҳиссалом фарзандларидан бир қулни озод қилганлик савобини беради».

Мазкур ҳадиси шариф қурбонликнинг нақадар улуғ савобли амал эканлигидан далолат беради.

Қурбонлик диний бир ибодат бўлиши билан бирга унинг ахлоқий-ижтимоий аҳамияти ҳам бисёрдир. У ана шу хусусияти билан исломдаги ўзаро ижтимоий ёрдамнинг гўзал бир намунаси бўлиб хизмат қилади. Чунки, Қурбонлик гўшти учга тақсимланиб, бир қисми – яқин қариндошларга, яна бир қисми – камбағал ва муҳтожларга тарқатиш, қолганини – оила аҳлига олиб қолиш мустаҳабдир. Ҳаммасини фақирларга берса ёки оилада кўпчилик бўлса, уйда қолдирса ҳам бўлади.

Қурбон ҳайити – хайр-эҳсон, саховат, меҳр-мурувват байрами. Унда қилинадиган қурбонликлар эса жамиятда кишилар ўртасида тенглик, тотувлик каби инсоний фазилатлар ривож топишида хизмат қилувчи воситадир. Чунки қурбонлик гўштидан ва ундан тайёрланган таомлардан бир-бирларимизга эҳсон қилишимиз қалбларимизни юмшатиб, одамлар орасида меҳр-муҳаббат ришталарининг янада мустаҳкамроқ боғланишига хизмат қилади.

Ҳайит кунлари халқимиз карантин талабларини инобатга олган ҳолда телефон орқали қавму қариндошлар ва ёру дўстлар ўзаро хабарлашишлари, масофадан туриб муҳтожлар ҳолидан хабар олишлари ҳамда бир-бирларини хурсанд қилишлари фазилатли амалдир. Бу йилги Қурбон ҳайити кунлари карантин кунларига тўғри келиши муносабати билан, эпидемиологик ҳолатни инобатга олган ҳолда ушбу қоидаларга қатъий равишда риоя қилиш муҳим ҳисобланади. Бу хусусда Ўзбекистон мусулмонлар идораси Уламолар Кенгашининг Қурбон ҳайитини нишонлаш тўғрисидаги баёноти ҳам эълон қилинди.

Маълумки, бутун дунё бўйлаб, жумладан, юртимизда ҳам коронавирус касаллиги авж олмоқда. Ҳозир инсоният оғир синовли даврни бошидан кечирмоқда. Мамлакатимизда аҳоли саломатлигини ҳар томонлама ҳимоя қилиш учун барча чоралар кўрилмоқда. Лекин бутун жаҳонда бўлгани каби юртимизда ҳам пандемия билан боғлиқ вазият кескинлигича қолмоқда.
Баъзи мусулмон ва қўшни давлатларда коронавирус инфекцияси тарқалиши билан боғлиқ ҳолат кескинлиги сабабли уламолар томонидан Қурбон ҳайити намозини жамоат бўлиб ўқишнинг иложи йўқлиги ҳақида фатволар эълон қилинди.

Ислом дини манбаларида Қурбон ҳайити намози вожиб амал экани баён этилган. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳдан жума намози вожиб бўлган кишиларга ҳайит намози вожиб экани нақл қилинган. Жума намози Қуръон, суннат, ижмо каби қатъий далиллар билан собит бўлган фарз амалдир. Модомики муайян узрлар билан фарз бўлган жума намозини вақтинча тўхтатиб туриш тўғрисида уламолар фатвоси қабул қилинган экан, вожиб амал бўлган ҳайит намозини ўқимаслик ҳам ўз-ўзидан маълум бўлади. Баён этилганлардан келиб чиқиб, 2020 йилги Қурбон ҳайити (Ийдул адҳо) намозини пандемия даврида жамоат бўлиб ўқиш имконияти мавжуд эмаслиги, мўмин-мусулмонларнинг зиммасидан ушбу ибодатни соқит қилади.

Уламолар Кенгашининг коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш бўйича фатвосида қайд этилганидек, эпидемиологик вазиятни инобатга олган ҳолдаги хулосалари айни Қурбон ҳайити намозига ҳам тегишлидир.

Бундай вазиятда оят, ҳадис ва шаръий қоидаларда кўрсатилган тавсияларга амал қилишга буюрилади. Шариат инсонга зарар етиш эҳтимоли кучайган пайтда ибодатларни енгил тарзда бажаришга рухсат беради ёки бутунлай зиммадан соқит қилади. Ийд намози вожиб амал бўлгани боис бугунгидай узрли ҳолатларда ҳайит намозини адо этиш соқит бўлади.

Мавжуд вазият тақозосидан келиб чиқиб, Қурбон ҳайити намози адо қилинмаса ҳам байрам кайфиятини сақлаб қолиш учун Ҳанафий мазҳабининг мўътабар фиқҳий манбаларидан бири бўлмиш “Мажмаъул анҳур” китобида шундай дейилади: “Маълум бўлсинки, ҳайит намози Зуҳо (чошгоҳ) намозининг ўрнига қўйилган. Қачонки, ҳайит намози бирор узр сабабли ўқилмай қолса, икки ёки тўрт ракат нафл намоз ўқиш мустаҳаб бўлади. Тўрт ракат ўқиган афзал”. Шундай экан, Қурбон ҳайити кунларида савоб ишларни кўпайтириш, такбири ташриқ айтиш, нафл ибодат қилиш, покланиш, чиройли кийимлар кийиш, хушбўйланиш, қурбонлик қилиш, яқинларига ҳадялар улашиш айни савобли ишлардан бўлади.

Аллоҳ таоло юртимиз аҳлини Зулҳижжа ойининг 10 кунлигини ва Қурбон ҳайтини Ўзига гўзал ибодатда ўтказишликни, кейинги йил Рамазон ва Қурбон ҳайити байрамларини барча мўмин-мусулмонлар тан сиҳатликда, ваболар даф бўлган ҳолда кенгчиликда нишонлашни насиб этсин!


10 585
Хуршид Қодиров, ЎзА