ЎзА Ўзбек

01.06.2018 12:40 Чоп этиш версияси

Қурғоқчиликни олдиндан огоҳлантириш тизими амалда

«Терра-Модис» сунъий йўлдош платформасининг маълумотига кўра, Амударё ва Сирдарёнинг бошланишидаги дарё ҳавзаларининг қор қоплаган майдони 2017 йилга нисбатан сезиларли камайган.

Бундай шароитда қишлоқ хўжалиги экинларини суғориш мавсумида сув миқдори меъёр бўйича 40 фоиз атрофида бўлиши кутилмоқда. Бу –минтақаларда сув танқислиги эҳтимоли юқори дегани. Шу сабабли қишлоқ хўжалигида сув танқислигининг олдини олишга қаратилган қўшимча чора-тадбирларни амалга ошириш зарур.

Бунда, аввало, фермер ва деҳқонлар экин мавсумида ўзига қанча миқдорда сув кераклигини тахминан билиши, кутилаётган вазиятдан келиб чиққан ҳолда қайси экинларни экиш, қачон ва қай тарзда суғориш режасини аниқ белгилаб олиши ниҳоятда зарур. Бу жиҳат, айниқса, лалми ерларда деҳқончилик қилаётганлар учун муҳимдир.

Бутунжаҳон метеорология ташкилотининг баёнотига кўра, 2017 йилдаги табиий офатлардан дунё миқёсида кўрилган зарар 320 миллиард АҚШ долларига тенг бўлган. Шунингдек, 2015-2016 йиллар каби 2017 йил метеорологик кузатувлар тарихидаги учта энг илиқ йил қаторига кирди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт дастури ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳузуридаги Гидрометеорология хизмати билан ҳамкорликда амалга оширилаётган иқлим ўзгаришида "Ўзбекистоннинг қурғоқчил ҳудудларида жойлашган фермер ва деҳқон хўжаликларининг иқлимий барқарорлигини таъминлаш" лойиҳаси доирасида ташкил этилган қурғоқчиликни олдиндан огоҳлантириш тизими қишлоқ хўжалигида яхши самара беришига ишонч билдирилмоқда.

Мазкур тизим Амударё ва Сирдарёнинг юқори қисмлари учун ишлаб чиқилган. Шуни қайд этиш жоизки, Қорақалпоғистон Республикаси Амударёнинг этагида жойлашган ва бу ерда сув оқимидан фойдаланиш ва қайта тиклашга зарур бўладиган шароитлар юқори қисмлардан тубдан фарқ қилади. Ҳозирги вақтда қурғоқчиликни олдиндан огоҳлантириш тизими ёрдамида сув миқдорини баҳолаш, сув ресурслари етарли эканлиги ёки қурғоқчилик кутилаётгани, маълум бир объект учун сув захираларини тавсифлаш ҳақидаги бирламчи маълумотларни аниқлаш мумкин бўлади.

Қорақалпоғистон Республикасида ўтган йили 10 метеорологик станцияли кузатув метеорологик тармоқ модернизация қилинди. Бу жараёнга Россия, Қирғизистон ва Италиядан мутахассислар жалб қилинди. Пировардида тармоқлар энг илғор технология ва ускуналар билан жиҳозланди. Эндиликда асосий метеорологик параметрларни юқори аниқликда ўлчаш, аниқ ҳисоб-китобларни амалга ошириш, ахборот тезкорлигини таъминлаш имкони яратилади.

Лойиҳа доирасида амалга оширилаётган гидрометеорологик тармоқларни модернизациялаш бўйича чора-тадбирлар қурғоқчиликни олдиндан огоҳлантириш тизимини ривожлантириш ҳамда ҳамжамиятларнинг иқлимга барқарорлигини таъминлашга сезиларли ҳисса қўшади.

Нурилло Насриев, ЎзА
4 957