ЎзА Ўзбек

04.08.2018 11:42 Чоп этиш версияси

Унутилмас тарих: 101 нафар ўзбек жангчиси

Унутилмас тарих: 101 нафар ўзбек жангчиси

“1942 йил 9 апрель. Тонг. Иккита машинада олиб келинган асирлар сафга тизилмоқда. Илк ўқ овозлари янгради. Ҳамма гап нимадалигини англади. Бироқ, бу дунёда тортмаган азоб-уқубати қолмаган маҳбуслар қўрқувга тушмади. Йўқ. Улар ўлимни мардонавор қаршилашга ўзларида куч топдилар. Орасидан 18 ёшли Илҳомжон ўзбек тилида қўшиқ куйлашни бошлади.

photo5404669885193234718.jpg

Бошқалар унга жўр бўлди. Ёши каттароқлар юзларига фотиҳа тортди. Икки-учтасининг кўзларидан ёш сизиб чиқса-да, куйлашдан тўхтамади. 77 нафар асир куйлаган бу қўшиқ Ватан соғинчи ҳақидами, олисдаги ёр муҳаббати ёки армон тўғрисида эди-ми, бу биз учун мавҳумлигича қолди”.

photo5404669885193234719.jpg

Биз бу воқеани уйлаб топганимиз йўқ. У бирор-бир бадиий тўқима ҳам эмас. Тарих ҳақиқатлари. Бу Иккинчи жаҳон урушида бедарак кетган, аслида Амерсфорт шаҳарчаси яқинида отиб ташланган 101 нафар ўзбек фарзанди ҳақидаги сўнгги хотира.

Айни вақтда кўплаб шов-шувларга сабаб бўлган бу маълумот асосида “Ўзбеккино” миллий агентлиги кино олишни бошлади. Бунга ёзувчи ва киносценарист Анвар Иргашев ва Юлия Медведовскаянинг “101” номли тарихий романи ва сценарийси асос қилиб олинди.

photo5404669885193234722.jpg

– Москвада ўзбекистонлик танишларимиздан бири бу ҳақида сўзлаб берди, – дейди Анвар Иргашев. – Қизиқиб қолдик. Ўтган йили кузда “Korzinka.uz” супермаркетлар тармоғи раҳбари, тадбиркор Зафар Ҳошимов билан учрашиб, Голландияда ўқиётган ўғилларидан бу хабарни эшитгани ҳақида билдик. Тушунарсиз ҳолат, ўзбек йигитлари у ёқларда нима қилган? Нега улар номаълум, дараксиз кетди? Шу каби саволларни ўзимизга бериб, жиддий изланиш олиб бордик. Голландияда ўша ҳодисалар гувоҳлари билан суҳбатлашиб, юзлаб, минглаб ҳужжатларни кўздан кечириб, “101” номли тарихий роман тайёрладик.

У кўпчиликка маъқул бўлди. Президентимиз ушбу роман асосида бадиий фильм олиниши ҳақида қарор чиқарганларидан ҳаяжонга тушдик. Қаҳрамон Ватандошларимиз жасоратининг абадийлаштирилишида камтарин ҳисса қўша олганимиздан жуда хурсандмиз. Ҳозирда фильм сценарийси тайёрланмоқда. 2019 йилнинг баҳорида Ўзбекистон ва Голландия кино ижодкорлари иштирокида суратга олишни бошлаймиз. Россия ва Германия билан бу борада музокаралар олиб борилмоқда.

– Сўзларингиздан маълум бўлишича, ўзбек жангчиларининг тақдири ҳақида Голландияда ўқиётган ёшлар ҳикоя қилишган. Улар бундан қандай хабар топган?

– Агар бир қизиқувчан голланд бўлмаганида, 101 нафар ўзбек фарзандини дунё буткул унутиб юборган бўларди. Маҳаллий журналист Ремко Рейдинг бундан йигирма йилча олдин, шаҳар яқинидаги Совет қабристони ҳақида эшитади ва у ерга боради. Айни қабристонда 865 нафар Совет аскари кўмилгани, улар орасида 101 аскарнинг шахсияти ва исмлари йўқлиги, “номаълум совет жангчиси“, деган битик туфайли Ремко бу воқеа юзасидан архив маълумотларини ўрганиб, гувоҳларни излайди.

Маълум бўлишича, 18-34 ёш оралиғида бўлган аскарлар 1941 йилнинг 10 июлида Смоленск яқинида асир олинган. (10 июлда аскарлар Смоленск шаҳрига келган. 10 сентябргача урушда қатнашиб, фашистларга асирга тушиб қолган. 27 сентябрда Голландияга, Амерсфортга келтирилган). Улардан 24 киши 1941 йилнинг қаҳратон қишидан омон чиқмайди. Бир қанчаси тиббий тажриба қурбони бўлган. Қолган 77 нафар нимжон ўзбек асири ишга ярамай қолганидан сўнг, концлагер яқинидаги ўрмонга олиб чиқиб, отиб ташланган...

Нега айнан ўзбеклар, деб айтиляпти. Ўша пайтда рус тилини биладиган СС зобитининг маҳбуслар билан бўлган мулоқоти бизнинг фаразларимизга аниқлик киритмоқда. Унинг айтишича, улар орасида қозоқ, қирғиз ва бошқирдлар бўлган, аммо бари ўзбекистонлик, аксарияти Самарқанддан бўлган. Бироқ, бирор-бир ҳужжат қолмаган, қандай келди, нега бунча азоб берилди, отувга ҳукмнинг сабаби нима?

Рейдингнинг топган энг даҳшатли ҳикоялардан бири фашистларга сотилган шифокор билан боғлиқ. Концлагер шифокори Николас Ван Ниуенхейзен исмли голланд шифокори ўлган иккита ўзбекнинг бошини кесдириб, калла суяклари тозалангунга қадар қайнаттириб, сўнг уларни иш хонасида тажриба учун сақлаган экан.

Ремко сентябрь ойининг охирида Ўзбекистонга келишга тайёргарлик кўрмоқда. У архивдан ана шу ўзбек жангчилари ҳақида маълумотлар топишдан умидвор.

– Сизлар ҳам Голландияга борган экансизлар, бу воқеаларнинг қай тарзда ўргандинглар? Аҳолининг фикри қандай?

– Амерсфорт кичик шаҳарча бўлиб, унда 145 минг нафар аҳоли яшар экан. 1942 йили Амерсфорт яқинида ўлдирилган 101 ўзбекни кўрган одамлар бармоқ билан санарли. Шундай бўлса-да, Марказий Нидерландиянинг Амерсфорт шаҳри яқинидаги ўрмонда ҳар баҳор юзлаб голландлар тўпланишади.

Улар 9 апрель, тонг саҳар ўрмонда 101 та шам ёқишади. Бу шамлар нацистлар қўлида ўлим топган ва кейин ярим аср унутилган 101 совет аскарининг рамзидир.

Қабристонга бордик. Ҳамма тараф тоза, озода. Кўнгиллилар бор экан, бу қабрларга қараб, гуллар олиб келадиган. Ҳозир бу аскарлар қатл этилган ўша жойда махсус ёдгорлик – “Monument Koedriest” ўрнатилган экан. Ана шу қабристонда махсус шон-шуҳрат хиёбони ташкил этилган.

Уларни вокзалда кўрган, ҳозирда оила қурган, 90-91 ёшли эр-хотинлар билан суҳбатлашдик. У вақтларда улар ёш бола бўлган. 91 ёшли Генк Броекхузен шундай хотирлайди: “Кўзларимни юмушим билан ўзбеклар кўз олдимга келаверади. Эски-туски кийиб олган. Уларга пойабзал ҳам берилмаганди. Бироқ, жуда аҳил эдилар. Ораларида кучдан қолган, юришга мажоли йўқлар бор эди. Улар ҳамиша бир-бирларини суяб, керак бўлса, опичлаб юришарди. Биз уларга сув ва нонни яширинча бераверардик. Чунки уларга ош-овқат берилмас, ҳимояланган жойда сақлашарди”.

Турли хотира ва ҳикояларни тинглаб, ўзбек йигитларимизни ўлимга тик боқиши, мардлиги, қаҳрамонлигидан кўзимизга ёш келса-да, кўксимиз фахрга тўлди. Мард бўлиб яшаган инсонлар, ўлимни ҳам мардона кутиб олишган. Уларнинг руҳини ҳеч нарса синдира олмаган.

– Аслини олганда 101 маҳбус тарихда бўлса-да, ҳужжатлар йўқ қилингани учун асл воқеалар, уларнинг изтироблари ва кечмишлари биз учун қоронғи. Шундай экан, асарда, кинода яратиладиган образларда бўрттиришлар ва бурилишлар қандай ривожланади?

– Воқеалар ривожининг қизиқарли бўлишини таъминлаш учун биз қамоқхона бошлиғининг ўн ёшли ўғли – Мартиннинг тўқима образини яратдик. Тафсилотларни унинг нигоҳи билан кўрамиз. Нимжон ва қўрқоқ болакайни отаси “эркак қилиб тарбиялаш” учун уни бу ерга олиб келади. Бир ойдан кейин у кетгач, биз таржимон образини кучайтирдик. Бу голландиялик - Алексде Леу.

101 асирнинг тўрттасига тахминий исм бердик. Ҳошим, Шуҳрат, Илҳом, Умид... Ахир, уларнинг номи бўлиши керак эди. Бироқ, турли сабабларга кўра, фамилия бермадик.

Шуҳрат — бақувват, қайсар йигит. Ўзини ва дўстларининг ҳақини талаб қила олади. Нимжон, касалмандларни ҳимоя қилади. Шу боис немис солдатлари билан кўп тўқнашади. Овқат талаб қилиб, немис солдатини юзига мушт туширгани учун уни роса калтаклашади. “Копток қилиб” тепишаётганда кўзлари қурқувдан йириклашиб қолган Мартинни кўриб қолади. Ўзи бир аҳволда бўлса-да, “болани олиб кетинг, болани” деб қичқиради. Биз ана шундай эпизодлар орқали ўзбек маданиятини, йигитлар юрагидаги жасоратни очиб беришга ҳаракат қилдик.

Маълумот ўрнида айтиш керакки, ёзувчи ва киносценарист Анвар Иргашев ва Юлия Медведовская жуфтлиги қатор фильмлар ва сериаллар яратган. Улар яратган “Ўзбекистоннинг тарихий шахслари” рукнида Ибн Сино, Жалолиддин Мангуберди каби миллий қаҳрамонларимиздан 15 нафарига бағишланган анимацион мультфильм кўпчиликка манзур бўлганди. Улар таржимасидаги Корея кино ижодкорларининг “Қалбим чечаги” кўнгиллардан жой олган эди. Ҳозирда Хитой-Москва киночилари ҳамкорлигида тайёрланаётган 31 қисмли “Operation Moscow” сериали ҳам уларга тегишли.

Сайёра Шоева, ЎзА
17 712