ЎзА Ўзбек

12.01.2019 17:57 Чоп этиш версияси

Университетда Ватан ҳимоячилари куни байрами нишонланди

Университетда Ватан ҳимоячилари куни байрами нишонланди Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 27 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан “ Ватан – муқаддас, уни ҳимоя қилиш шарафли бурчдир!” шиори остида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.

Тадбирда ЎзМУда самарали фаолият кўрсатган уруш ва меҳнат фахрийлари, профессор-ўқитувчилар, университет ҳарбий кафедраси ўқитувчи ва курсантлари ҳамда талаба-ёшлар иштирок этди.

– Мамлакатимиз Қуролли Кучлари тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар, Ватанпарварлик ойлигида ўтказилган тадбирлар талаба-ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда ғоят муҳим аҳамият касб этди, – деди ЎзМУ ректори Авазжон Мараҳимов. – Ватан – бу уйимиз, ота-онамиз. Ватанни ҳимоя қилиш фақат ҳарбийларнинг эмас, барчамизнинг муқаддас бурчимиздир. Касби-корига яраша кимдир эл осойишталигини, кимдир маънавиятни, кимдир иқтисодни, кимдир мафкурани, миллий қадриятларимизни ҳимоя қилиш учун курашади. Ҳаммамизнинг умумий муқаддас вазифамиз – она Ватанимизни, юртимиз мустақиллигини кўз қорачиғидек ҳимоя қилишдир. Бугун дунё мамлакатлари ҳарбий қудрати – армиянинг сони, қуроллар ҳажми билангина эмас, балки унинг замонавийлиги, ҳарбийлар салоҳияти ҳамда шу билан бир қаторда халқининг жипслиги ва ватанпарварлиги билан белгиланади.

Байрам муносабати билан университет ҳарбий кафедраси профессор-ўқитувчилари пул мукофоти билан тақдирланди.

– Ватанпарварлик ойлиги доирасида ҳарбий кафедрамиз аъзолари Олмазор туман ҳокимлиги билан ҳамкорликда қатор маънавий-маърифий тадбирлар ўтказди, – деди ЎзМУ ҳарбий кафедраси мудири, полковник Шавкат Ўринов. – Турли таълим муассасаларида, маҳаллаларда ўтказилган учрашувларда мамлакатимиз Қуролли Кучлари тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар мазмун-моҳияти кенг тарғиб қилинди. Ёшлар қалбида Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғуларини жўш урдиришга хизмат қиладиган китоблар совға қилинди.

Олмазор тумани ҳокимлиги томонидан ЎзМУ ҳарбий кафедрасининг бир гуруҳ ўқитувчиларига қимматбаҳо совғалар, энг фаол курсантларга Фахрий ёрлиқлар топширилди.

Тадбир сўнггида иштирокчилар эътиборига ҳарбий кафедра курсантларининг спорт йўналишидаги намойиши, ҳарбий оркестр ижросидаги мусиқий чиқишлар, истеъдодли талабаларнинг дилтортар қўшиқлари тақдим этилди.

Инобат Аҳатова, ЎзА
3 422