ЎзА Ўзбек

02.07.2020 Чоп этиш версияси

Унда халқимизнинг асрий орзу-умидлари, миллий қадриятлари мужассам

Унда халқимизнинг асрий орзу-умидлари, миллий қадриятлари мужассам

Биласиз, ҳар бир инсонни таърифлаганда унинг ўзига хос сифатлари алоҳида келтириб ўтилади. Ташқи кўриниши, феъл-атворидаги биз билган жиҳатлар ҳақида сўзлаймиз. Бир миллат ҳақида сўз кетганда-чи? Албатта маданияти, аҳолисининг яшаш тарзи хусусида билганларимизни нутқ этамиз. Яна бир шундай тимсол борки, у ўша мамлакатнинг юзи, орзу умидларини акс эттиради. Бу – давлат рамзларидир.

Ер юзида икки юздан ортиқ давлат бор ва албатта, ҳар бири ўз рамзлари – миллий тимсолларига эга. Давлат байроғи, герби ва мадҳияси шулар жумласидандир. Ҳар бирида ўзига хос услуб, айрича мазмун ва ранг жилоланади. Давлат рамзлари халқнинг мустақиллиги, озодлиги, тинчлиги ва барқарорлиги тимсоли ҳисобланади. Қувонарлиси, улар билан ёнма-ён турадиган Ўзбекистон Республикаси давлат рамзлари ҳеч кимдан кам эмаслигимиз ва кам бўлмаслигимизни кўрсатиб туради. Уларда халқимизнинг асрий орзу умидлари, миллий қадриятлари мужассам.

Ана шундай орзу умидлар акс эттирилган Давлат герби Ўзбекистон Республикасининг 1992 йил 2 июлдаги «Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тўғрисида»ги қонуни билан тасдиқланган. Мана 28 йилдирки, ҳар бир ўзбек фарзандининг кўнглидаги улуғ ифтихор сифатида қадрланиб келмоқда.

Юртимнинг гўзал жамолини ўзида акс эттирган гербимда тоғлар, дарёлар, мўл ҳосил рамзи бўлган буғдой бошоқлари, чаноқлари очилган ғўза шохларидан иборат чамбарга ўралган гуллаган водий узра қуёш заррин нурларини сочиб туради. Юқори қисмида Республика ҳурлигининг рамзи сифатида саккиз бурчак тасвирланган бўлиб, унинг ички қисмида ярим ой ва юлдуз тасвирланган. Гербнинг марказида ҳиммат, олижаноблик ва фидойилик тимсоли бўлган афсонавий Ҳумо қуши қанотларини ёзиб турибди. Ушбу рамз ва тимсоллар халқимизнинг тинчлик, яхшилик, бахт-саодат, фаровонлик йўлидаги орзу-умидларини ифодалайди. Гербнинг пастки қисмида Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғини ифода этувчи чамбар лентасининг бантида «Oʼzbekiston» деб ёзиб қўйилган.

Ўзбекистон Республикаси Давлат гербининг рангли кўринишида: Ҳумо қуши ва дарёлар — кумуш рангида; қуёш, бошоқлар, пахта чаноқлари ва «Oʼzbekiston» ёзуви — олтин рангида; ғўза шохлари ва барглари, тоғлар ва водий — яшил рангда; чаноқлардаги пахта — оқ рангда; лента — Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғининг рангларини акс эттирувчи уч хил рангда; саккиз бурчак — олтин зарҳал билан ҳошияланган ҳолда ҳаво рангда; ярим ой ва юлдузлар — оқ рангида тасвирланган. Бу тасвирлар халқимизнинг асрлар давомида орзу қилган ғурури, шаъни, қадр-қиммати, иродасини ифодаловчи сифатида намоён бўлган. Аждодларимизнинг орзу-армони, халқимизнинг бугуни, ўлмас хотираси, иймон-эътиқоди, келажакка бўлган комил ишончи жилоланади.

Асрлардан ғолиб, йиллардан мағрур,
Улуғ йўл бағрида унган ғурурсан.
Думалоқ дунёда адл туролган,
«Ўзбекистон» деган олтин муҳрсан.

Ўзинг теграсида қизарган офтоб,
Сен халқим кўнглида очилган пахта.
Юрагида нишлаб турса бошоғи,
Ҳумонинг бағрида мужассам бахти.

Навқирон йилларнинг нафаси узра,
Тоғлару боғларда тебранса бешик.
Ҳар ён таралганда бахтнинг нафаси,
Улуғ манзилларга очибсан эшик.

Дунёга ўргатган бахтли яшашни
Замин кипригига инган меҳрсан.
Жаҳон пештоқида навқирон имзо —
«Ўзбекистон» деган олтин муҳрсан.

Дилфуза МАҲКАМОВА,
Республика Маънавият ва маърифат маркази мутахассиси

5 847
ЎзА