ЎзА Ўзбек

09.07.2018 19:04 Чоп этиш версияси

Ҳунармандлар ўз маҳсулотини намойиш қилди

Ҳунармандлар ўз маҳсулотини намойиш қилди Пойтахтимиздаги Ғафур Ғулом номидаги маданият ва истироҳат боғида “Мустақил юрт ҳунармандлари” деб номланган халқ бадиий ҳунармандлиги ва амалий санъати маҳсулотларининг анъанавий X кўргазмаси ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси “Ҳунарманд” уюшмаси, Маданият вазирлиги ҳамда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳамкорлигида ташкил этилган кўргазмада Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятлардан 300 нафардан зиёд уста-ҳунарманд ўз маҳсулотлари билан иштирок этди.

1 (1).jpg

Президентимизнинг 2017 йил 17 ноябрдаги “Ҳунармандчиликни янада ривожлантириш ва ҳунармандларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижроси доирасида ҳунармандчилик маҳсулотларини ички ва ташқи бозорда сотишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Кўргазмада ёғоч ўймакорлиги, тикувчилик, заргарлик, тўқувчилик ва миниатюра санъати каби турли хил қўл меҳнати маҳсулотлари намойиш этилди. Шунингдек, кўргазма доирасида ҳунармандларнинг маҳорат дарслари, маданий-кўнгилочар тадбирлар, концерт дастурлари ҳам ўтказилди.

– Ўйинчоқ ҳар бир бола учун нафақат овунчоқ, балки маънавий камолоти ва тафаккурининг шаклланишига хизмат қилувчи воситадир, – дейди Хоразм вилоятидан келган уста Мансуржон Курязов. – Шунинг учун қўғирчоқ ясашда миллий қаҳрамонларимиз образи ҳамда эртаклардаги ижобий тимсолларни яратишга алоҳида эътибор қаратамиз. “Ҳунарманд” уюшмасига аъзо бўлганимга 12 йил бўлди. Ўтган вақт давомида фаолиятимизни янада оммалаштириш мақсадида кўплаб хориж давлатларида ўтазилган кўргазмаларда қатнашиб, миллий маданиятимизни жаҳонга танитишга ҳаракат қилдик.

Уюшма томонидан ҳунармандлик маҳсулотларини четга экспорт қилиш ва ҳунармандлар фаолиятини янада ривожлантириш мақсадида жорий йилда дунёнинг 20 дан ортиқ давлатида кўргазма ва ярмаркалар ўтказилди. Унда 50 дан ортиқ ҳунармандлар ўз маҳсулотлари билан иштирок этди. 

2.jpg

4.jpg

11.jpg

13.jpg

14.jpg

18.jpg

19.jpg

А.Мусаев,ЎзА
11 994