ЎзА Ўзбек

11.03.2020 Чоп этиш версияси

Ҳунармандлар марказидан усталар хонадонигача

Ҳунармандлар марказидан усталар хонадонигача

Ўзбекистон Республикаси “Ҳунарманд” уюшмаси, Самарқанд вилояти ҳокимлиги ва Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими ҳамкорлигида Самарқанд вилоятида ҳунармандчилик ва халқ амалий санъатини ривожлантиришга бағишланган пресс-тур ташкил этилди.

Маълумотларга кўра, бугунги кунда Самарқанд вилоятида “Ҳунарманд” уюшмасига аъзо бўлган 6 мингдан ортиқ ҳунарманд ва уларнинг шогирдлари 34 йўналиш бўйича ҳунармандчилик ва халқ амалий санъатини давом эттирмоқда. “Устоз-шогирд” анъанаси асосида 4 минг 400 нафарга яқин ёшлар маҳоратли усталардан ҳунар сирларини ўрганмоқда. 2020 йил 1 мартга қадар уюшмага минг нафардан зиёд янги аъзо жалб этилди ва 2 минг нафардан ортиқ ёшлар шогирдликка қабул қилинди.

Ўтган йил 14,7 миллиард сўмлик банк кредити ҳисобига ҳунармандлар томонидан 411 та лойиҳа амалга оширилиб, 1 минг 270 нафар аҳоли бандлиги таъминланди. Жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида эса 29,4 миллиард сўм банк кредити ҳисобига 834 та лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган.

photo5424828013549300864.jpg

Пресс-тур қатнашчилари дастлаб Самарқанд шаҳридаги “Ҳунармандлар маркази”да кулолчилик, заргарлик, наққошлик, кандакорлик, зардўзлик каби ҳунармандчилик турлари билан шуғулланаётган усталар фаолияти билан танишди.

Кейинги манзил “Самарқанд – Бухоро ипак гиламлари” Ўзбекистон – Афғонистон қўшма корхонаси бўлди. 250 нафар хотин-қиз фаолият кўрсатаётган мазкур корхонада ипакнинг табиий бўёқлар билан рангланиши ва гилам тўқиш жараёни тадбир иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди.

Корхонанинг кўргазма залида вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов пресс-тур иштирокчилари билан суҳбатлашди.

photo5424828013549300865.jpg

– Ҳар ким ҳам ҳунармандчилик маҳсулотларига харидор бўлавермайди, уларни асосан, санъатни, қўл меҳнати машаққатини тушунадиган, ундан завқлана оладиган инсонларгина сотиб олади, – деди Э.Турдимов. – Самарқандлик ҳунармандлар томонидан тайёрланган маҳсулотлар шу пайтга қадар, асосан, хорижликлар томонидан харид қилинар эди. Бугунги кунда маҳаллий аҳолининг ҳам бунга қизиқиши ортиб бормоқда. Вилоятимизда ҳунармандчилик маҳсулотлари тайёрлаш жараёнини сайёҳларга кўрсатиш мақсадида туристик масканлар ташкил этилмоқда.

Суҳбат чоғида журналист ва блогерларга Самарқанд ҳунармандчилиги ва халқ амалий санъатини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида батафсил маълумот берилди.

Шундан сўнг пресс-тур иштирокчилари Ургут туманидаги кулоллар сулоласининг саккизинчи вакили Нўъмон Облоқулов хонадонида бўлди. Бу ерда улар кулолнинг устахонаси, кўргазма зали билан танишди. Кулолчилик маҳсулотлари ясалиш жараёнини томоша қилди.

Журналист ва блогерлар тойлоқлик рассом Аҳмад Умаров ижод уйида ҳам бўлишди.

photo5424828013549300867.jpg

Тадбирнинг иккинчи куни Самарқанд шаҳридаги Бунёдкор маҳалласида фаолият юритаётган ёғоч ўймакори Мансур Асадов устахонасидаги иш жараёни билан танишишдан бошланди. Бу ерда оддий ёғочдан ноёб ва гўзал буюмлар яратиб, уларга “жон” бағишлаётган ҳунарманд ва “Устоз-шогирд” анъанаси асосида ушбу ҳунар сирларини ўрганаётган ёшлар иши иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.

Шундан сўнг, пресс-тур иштирокчилари Самарқанд туманидаги “Конигил мерос” хусусий корхонасига борди. Бу ерда улар қадимий қоғоз ишлаб чиқариш жараёни, тегирмон ва жувозлар, корхона ҳудудида ўтмиш ва бугун уйғунлигида сайёҳлар учун яратилган шароит билан танишди.

– Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 28 ноябрдаги “Ҳунармандчиликни янада ривожлантириш ва ҳунармандларни қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан ҳудудлар ҳунармандлар фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича ихтисослаштирилади, ҳунармандчилик маҳсулотларини чет эл бозорларида намойиш этиш ва сотишга кўмаклашиш учун Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхоналари ҳудудларга бириктирилди, – дейди “Ҳунарманд” уюшмаси Самарқанд вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи У.Ҳакимов. – Дипломатик ваколатхоналар эса ўзларига бириктирилган ҳудудларда ҳунармандлар маҳсулотларини намойиш этиш ва сотишга амалий ёрдам кўрсатиши белгиланди. Бу имкониятдан самарқандлик ҳунармандлар ҳам самарали фойдаланмоқда. Шунингдек, вилоятимиздаги йирик савдо мажмуалари ва деҳқон бозорлари ҳудудида алоҳида ҳунармандлар расталари ташкил этилиб, уларга “Ҳунарманд” уюшмасига аъзо халқ амалий санъати усталарининг маҳсулотлари жойлаштириб борилиши белгиланган. Жорий йил якунига қадар тадбиркор, ҳунарманд ва ташаббускорларни жалб қилган ҳолда Самарқанд шаҳридаги Бибихоним тарихий-меъморий мажмуасида миллий ҳунармандчиликнинг барча йўналишларини ўзида мужассам этадиган замонавий “Ҳунармандлар бозори” ташкил этилади.

2 004
Ғолиб ҲАСАНОВ, Алишер ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА