ЎзА Ўзбек

12.07.2019 11:30 Чоп этиш версияси

Ҳунармандчилик маданий меросни сақлаб қолишга хизмат қиладими?

Ҳунармандчилик маданий меросни сақлаб қолишга хизмат қиладими?

Қашқадарё вилояти анъанавий ҳунармандчилигини сақлаш ва ривожлантириш, кулолчилик, каштадўзлик, гиламчилик масалаларига бағишлаб ўтказилаётган тадбирда ҳунармандлар билан учрашувлар, тренинглар ташкил этилди.

ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, Қашқадарё вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Маданият вазирлиги ҳамда Республика “Ҳунарманд” уюшмаси ҳамкорлигида ташкил этилган анжуман доирасида “Қашқадарёнинг ғарбий ҳудудларида сувли кулолчилик, каштачилик ва гиламдўзлик анъаналари” номли кўргазма очилди.

Тадбир фольклор жамоаларининг кўргазмали чиқишлари билан бошланди. Сўзга чиққанлар юртимизда миллий ҳунармандчилик, қадрият даражасига кўтарилган халқ амалий санъатини қайта тиклаш борасида кенг миқёсли ишлар амалга оширилаётгани, бунинг учун ҳунармандларга бир қатор қулайликлар яратилаётганлигини таъкидлади.

photo5278645739318258519.jpg

– Қашқадарё ҳунармандчилик ишлари жаҳон миқёсида ўз ўрнига эга экани билан аҳамиятлидир, – дейди ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Фуад Пашаев. – ЮНЕСКО томонидан ҳунармандчиликнинг кулолчилик, каштачилик, гиламчилик соҳаларини ривожлантиришга эътибор қаратилаётгани аҳоли бандлигини таъминлашда ҳам муҳим ўрин тутади. Шунингдек, анъанавий ҳунармандчилик маданий меросини сақлаб қолишга хизмат қилади.

Президентимизнинг 2017 йил 17 ноябрдаги “Ҳунармандчиликни янада ривожлантириш ва ҳунармандларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони асосида ҳунармандларга қатор қулайлик ва имкониятлар яратилди. Улар даромад солиғидан озод қилинди. Имтиёзли фоизларда кредитлар ажратилмоқда. Бунинг натижасида вилоятда 2017 йил ноябрь ойига қадар 475 нафар ҳунарманд фаолият юритган бўлса, уларнинг сони айни пайтда 2 мингдан ошди.

photo5278695573823794144.jpg

– Қашқадарёнинг ҳунармандчилиги ўзига хослиги билан бошқа ҳудудлардан ажралиб туради, – дейди Ўзбекистон Фанлар академияси академиги, профессор Акбар Ҳакимов. – Масалан, бу ҳудудда азалдан гиламчилик, каштачилик, кулолчилик ривожланиб келган. Бугунги кунда ҳам бу ҳунарларни авлоддан-авлодга мерос қолдириб, давом эттириб келаётган ҳунармандлар талайгина. Масалан, касбилик кулоллар маҳоратини, Шаҳрисабз каштачилигини, Муборак гиламчилигини эътироф этмай иложимиз йўқ. Улар бугун ҳам ўз ҳунарини ардоқлаб келмоқда. Уларга эътибор ва қўллаб-қувватлаш зарур. Шу маънода вилоятда катта анжуман ташкил этилди. Мана, бугун ҳунармандлар кўргазмаси ўтказилмоқда. Яна бир жиҳатни таъкидлаб ўтишим керакки, бугунги кўргазмага қатнашаётган ҳунармандлар Қўқон шаҳрида ўтказиладиган ҳунармандлар халқаро фестивалида қатнашиш имконига эга бўлиши мумкин.

Ў.БАРОТОВ, Ж.НОРҚОБИЛОВ (сурат), ЎзА
2 174