ЎзА Ўзбек

02.07.2020 Чоп этиш версияси

Ҳунарманд аёл маҳалладошларига иш ўрни яратмоқчи

Ҳунарманд аёл маҳалладошларига иш ўрни яратмоқчи
Қарор ва ижро

Кейинги йилларда миллий ҳунармандчилик, халқ бадиий ва амалий санъатини ривожлантириш, бу орқали банд бўлмаган аҳоли, айниқса, ёшлар, аёллар ва кам таъминланган оила вакилларини ҳунармандчиликка кенг жалб этиш орқали уларнинг бандлигини таъминлаш борасидаги ишлар ўз самарасини бермоқда.

Бу борада Тошкент вилоятида ҳам ҳозирги карантин қоидаларига амал қилган ҳолда иш юритилмоқда. Хусусан, Оққўрғон туманида яшовчи Гулшода Йўлдошева ҳунармандчиликнинг нозик соҳаси –заргарликни танлаган. Ёш бўлишига қарамай, шу касб орқали элда эътибор топди. Унинг оддий металлардан тайёрлаган буюмлари бугун нафақат юртимиз, балки хориж давлатларида ҳам харидоргир ҳисобланади.

Қаҳрамонимиз ёшлигидан ушбу ҳунарга қизиқар эди. Шу боис тўрт йилдирки, якка тартибдаги тадбиркор сифатида фаолият юритиб келади. Халқимизнинг бой маданий-маънавий меросини, кўп қиррали ўзбек миллий ҳунармандчилигини кенг намойиш қилиш, унинг ноёб намуналарини тарғиб қилишда ўз ҳиссасини қўшмоқда.

Ёш ҳунарманд изланувчанлиги сабабли кўплаб муваффақиятларга эришди. Аслида бу иш жуда мураккаб ва кўп меҳнат талаб қилади. Тайёрланган заргарлик намуналарининг бежиримлиги, миллий анъаналарни ўзида акс эттиргани туфайли кўпчиликка маъқул бўлмоқда.

Заргар аёлга икки йил муқаддам «Ҳунарманд» уюшмаси томонидан имтиёзли кредит олиш сертификати берилди. Ўтган йили эса «Ташаббус» кўрик-танловининг туман босқичида «Йилнинг энг яхши ҳунарманди» номинацияси бўйича II даражали диплом билан тақдирланди. Шу билан бирга, «Ёшлар келажагимиз» жамғармаси томонидан уюштирилган «Ёш тадбиркорлар» II форумида сертификат олиб, қирғизистонлик тадбиркор аёл билан буюмларини сотиш юзасидан шартнома имзолади.

– Пандемия сабабли ишимиз бироз сустлашиб қолган бўлса ҳам карантин қоидалари асосида маҳсулотларни тайёрлаяпмиз, – дейди Гулшода Йўлдошева. – Ҳозиргача тайёрлаётган буюмларимни Россия, Хитой ва Қирғизистонга экспорт қилмоқдаман. Энди Тожикистон ва бошқа давлатларга ҳам жўнатиш юзасидан келишувлар бўйича ишлаяпман. Тақинчоқлар асосан мис ва мельхиор каби металлар, табиий шифобахш тошлар, хусусан, феруза, ҳақиқ, яшна, каҳалан ва гранат кабилардан ясалаётганлиги боис уларга бўлган қизиқиш катта.

Президентимизнинг 2020 йил 8 июндаги «Тадбиркорлик фаолияти ва ўзини ўзи банд қилишни давлат томонидан тартибга солишни соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, аҳолини тадбиркорлик фаолиятига янада кенг жалб қилиш ва қонуний меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун қўшимча шарт-шароитларни яратиш мақсадида бир қатор қулайлик ва имтиёзлар белгиланди.

Айни кунларда ҳунарманд банкдан 30 миллион сўм кредит олиш тараддудида юрибди. Олинган маблағга яна тўртта иш ўрни яратиш, жами иш ўринлари сонини 8 тага етказишни режалаштирган. Шу орқали маҳалласидаги хотин-қизларга миллий тақинчоқлар ясаш сирларини ўргатишни мақсад қилган.

3 391
Абдулазиз МУСАЕВ, ЎзА