ЎзА Ўзбек

26.02.2020 Чоп этиш версияси

УМРИНИ ЎТАБ БЎЛГАН ЗАХИРА: аслида давлатнинг ўзи чорак аср боқимандаликка юз тутмадими?

УМРИНИ ЎТАБ БЎЛГАН ЗАХИРА: аслида давлатнинг ўзи чорак аср боқимандаликка юз тутмадими?

Эътибор қилган бўлсангиз, юртимизнинг олис нуқталарига, ҳаттоки, тоғлар орасидаги қишлоқларгача асфальт йўллар борлигига амин бўласиз. Аммо бу асфальтлар умрини ўтаб, ёшини яшаб бўлган. 50-60 йиллар олдин қилинган асфальтлар неча-неча авлодларга хизмат қилиб бўлган.

Ёшлигимни, яъни 80-йилларни эслайман. Қишлоғимизда боғча бўлар эди. Мактаблар талаб даражасида бўлган. Биргина қишлоқнинг ўзида шифохоналарнинг ҳар бир йўналиши бўлган. Электр умуман ўчмас эди. Собиқ Совет даврини мақтамоқчи эмасман. Юртимизнинг олис нуқтасигача шароит ва имкониятларни яратиб қўйган айнан ана шу империя ҳам демоқчи эмасман. Халқ учун яратилган шароитларнинг барчаси биргина шахс – Шароф Рашидов билан боғлиқ, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.

15 та давлатни қамраб олган империядан халқи учун зарур бўлган нарсаларни талаб қилиб олиш учун инсонда катта юрак ва иқтидор, асосийси, халқ учун куйиниш ҳисси бўлиши керак. Шароф Рашидовда шуларнинг барчаси бўлган эканки, мустамлака бўла туриб керакли шароитларни Ўзбекистон учун қилиб берди.

Тошкентдаги метро, “Халқлар дўстлиги” санъат саройи, цирк биноси, театрлар, кинотеатрлар, катта-катта шифохоналар, олий ўқув юртлари, завод ва фабрикалар, сон-саноқсиз кўп қаватли турар жойлар каби халқ учун зарур бўлган объектларни айтаверса, адоғи йўқ. Буларнинг барчаси ўша биз тилга олишни истамайдиган совет тузуми даврида қурилган. Бу албатта, халқ учун жон куйдирган Шароф Рашидов хизматларининг самараси.

МУСТАҚИЛЛИК ДАВРИДА НИМАЛАР ҚУРДИК?

Фақат кўприклар қурдик. ОАВ эса кейинги кўприк қурилгунича олдингисини мақташдан тўхтамас эди. Ҳаттоки, бор кўприкларни бузганларимиз ҳам бўлди. Мустақиллик майдони олдидаги биргина баланд бинони ҳам кўп кўрдик шекилли, маълум бир сабабларга кўра бўйини қисқартирдик.

Биргина Форумлар саройини қуриш эвазига бир асрлик дарахтларни йўқотдик. “Миллий” стадионимиз (Бунёдкор) ҳам чумолидай тиним билмай ишлайдиган ҳайдовчиларимизнинг ҳалол пуллари эвазига бунёд бўлган десак, ёлғон гап бўлмас. Чкалов, Алгоритм, ТТЗ каби заводлар бутунлай йўқликка юз бурди. Завод фабрикалар ҳудуди бўлган Ангрен каби шаҳарлар ҳам батамом тугатилди.

Умуман олганда, қурган нарсаларимиздан кўра бузганимиз кўп бўлган экан. “Янгисини қурмай туриб эскисини бузма” деган мақол ҳам фақат микрофонлар қаршисида айтиладиган “навбатчи” сўз бўлиб хизмат қилган.

Шароф Рашидов келажак авлодининг бошига мана шундай кунлар келишини билган шекилли, барчасини муҳайё қилиб кетди. У барпо этган иморатлар мустамлака даврида 30 йил хизмат қилган бўлса, мустақиллик даврида ҳам шунча йил халқнинг оғир кунларига яради.

Келажак авлодни ҳам ўйлаб мустаҳкам қурилган биноларимиз ҳали яна кўп хизмат қилади. Аммо тан олишимиз керакки, бутун Ўзбекистондаги йўллар батамом яроқсиз ҳолга келган. Фарзандларимиз ўқиётган мактабларда бир замонлар ота-боболаримиз ҳам таҳсил олган. Эътибор берган бўлсангиз, ўша мактабларнинг 99 фоизи Ш.Рашидов даврида қурилган. Улар қурилган йилларни суриштирсангиз 60, 70, 80-йиллар оралиғидаги даврга бориб тақалади.

Биз мустақиллик даврида ҳам Шароф Рашидов қолдириб кетган захира билан яшаб келдик. Энди эса, эски иморатларнинг асоратлари билинаяпти. Қишлоқларда боғчалар аллақачон йўқ бўлиб, мактаблар хароба аҳволга келиб қолган. (Мана, уч йилдирки, уларни тузатишга киришилди.)

Мустақиллик даврида фақат вилоятларни боғловчи асосий йўллар таъмирланди. Аммо бошқа умрини ўтаб бўлган йўллар таъмирланмади.

Қаердадир асфальт қилингандир, қайсидир қишлоқларда мактаблар қурилгандир. Аммо улар реал ҳаётда эмас, виртуал ҳаётда – қоғозларда қурилган. Бу қоғозларни ўқиш мумкин, аммо унда ўқиб бўлмайди. Лекин бор ҳақиқат шуки, Ш.Рашидов қолдирган захиралар тугаб, қишлоқларда яшаш учун ҳеч қандай шароит қолмади.

Ҳаттоки, электр симлари тортилган устунларнинг ёғочлари ҳам чириб бўлди. Яқинда Тошкентда симёғоч ағанаб бир ҳомиладор аёлнинг устига тушгани ҳам Ш.Рашидов биз учун қуриб бериб кетган симёғочларнинг муддати тугаб бўлганидан далолат.

ТУРАР-ЖОЙЛАР МУАММОСИ

Бир ҳақиқатни англаб етишимиз керакки, Шароф Рашидов ўз вақтида Тошкентда керагидан ортиқ кўп қаватли турар жойларни қурдирган эди. У вақти келиб, турар жойлар қурилмаслигини билган эканки, роппа-роса 25 йил мустақил Ўзбекистонда кўп қаватли уйлар деярли қурилмади.

Натижада икки хонали уйда икки овсин, уч хонали уйда уч овсин ўнлаб нафар фарзандлари билан тиқилиб яшашга мажбур бўлишди. Ҳаттоки, мустақиллик даврида дунёга келган фарзандлар ҳам улғайиб турмушга чиқди, уйланди, аммо уйли-жойли бўлолмади. Рўзғордаги жанжалларнинг 90 фоизи турар-жойлар муаммоси оқибатида келиб чиқаётгани ҳам бор гап.

“Оилавий ажримларни камайтирамиз”, деб катта-катта мажлислар, давра суҳбатлари ўтказишни қойиллатдик. Аммо бу муаммонинг туб моҳиятига кўз юмдик, аниқроғи, эътибор қаратишни истамадик.

Бугун эса одамларнинг яшаш шароитини яхшилаш учун кўплаб уй-жойлар қурилишига рухсат берилди. Барчасини жадал бошлаб юбордик. Аммо ер устига эътибор бериб ер остини бутунлай унутиб қўймадикми?

Иссиқ ва совуқ сув қувурлари, канализациялар ҳам Ш.Рашидов қуриб берганича қолиб кетган. Қувурларимизнинг ёши ҳам 60 дан ошди.

Эътибор берган бўлсангиз, уйда бир кун сув ўчиб қолса, жўмракдан занг сув кела бошлайди. Бу еростидаги захиралар ҳам чириб бўлганидан далолат. Шаҳримизнинг қоқ марказида ер остидан сувларнинг сизиб чиқиши, қаердадир иссиқ сувнинг отилиб кетиши каби муаммолар йилдан-йилга кўпайиб бормоқда.

m_bydqvczNMfnWN5h0mhJSw8mHU0C9V3.jpg

Бу албатта ерости қувурларини янгилаш вақти келди, дегани. Машиналар серқатнов бўлган катта йўлнинг ўртасини ўйиб, трубалар алмаштирилишини ҳар куни ҳар жойда кузатамиз. Бу биз учун оддий ҳолга айланган. Қувурларнинг ҳали у ери, ҳали бу ерида муаммо чиқади. Уларни бутунлай янгиламас эканмиз, бари бир муаммо бўлаверади. 10-15 йилдан кейин Марказий Осиёнинг мегаполисига айланадиган Тошкентнинг фақат устини эмас, аввало тагини янгилаш лозим.

Биз чорак аср Шароф Рашидов қолдириб кетган захиралар эвазига шу кунгача етиб келдик. Шароф Рашидов номи мустақиллик бошидагина қайта тикланди. Ҳаттоки, 1992 йил 75 йиллик юбилейи ҳам нишонланди. Лекин яна маълум муддат Ш.Рашидовнинг номини тилга олишга ҳам ботина олмадик.

Бошқа бир шахс номига тасаннолар айтавердик. “Мустақиллик йилларида барча соҳаларда бўлгани каби...” сўзлар билан ўзимизни алдаб келдик. Охир-оқибат... айтаверса гап кўп.

ХОЛИСОНА НИГОҲ БИЛАН ОРТГА НАЗАР СОЛСАНГИЗ...

Мустақиллик йилларида Ўзбекистон аҳолиси 67,1 фоизга (2019 йилги статистика) ўсди. Аммо ушбу рақамларга монанд равишда аҳоли яшаши учун турар-жойлар қурилмади, аҳолини иш билан таъминлаш чоралари кўрилмади. Аксинча, ишлаб чиқариш йилдан-йилга камайиб бораверди.

Холисона нигоҳ билан ортга назар солсангиз, ҳеч қандай ишлаб чиқаришсиз давлат ниманинг ҳисобига кун кўрган экан, деган савол туғилиши табиий. Албатта, хорижда ишлаб, давлатга пул жўнатаётган “дангаса” миграция ҳисобига бутун бошли бир давлат яшаб келди. Биргина “Асака” заводимиз эса ўз халқига машиналарни икки, уч баробар қимматга сотиш ва халқнинг олаётган маошидан-да катта бўлган жарималар ҳисобига зўрға кун кўриб келган эди.

Ишонинг, Шароф Рашидов қолдирган захираларнинг муддати тугади. Нафақат у қурган йўллар, барпо этган иморатлар, мактаблар, ҳаттоки, у тарбиялаган етук ва ҳалол кадрлар захираси ҳам тугаган. (Аниқроғи, тугатилди.)

“Ҳаракатлар стратегияси”нинг асл моҳияти ҳам 25 йилда йиғилган муаммоларни 5 йилда бартараф этишни англатади. Эътибор берган бўлсангиз, Ўзбекистондаги ислоҳотлар аҳоли учун кўп қаватли турар-жойлар қуриш билан бошланди. Бу стратегия аслида чорак аср ҳаракатсизликда бўлган давлатни ҳаракатланишга зудлик билан ўргатиш учун ишлаб чиқилган, десак айни ҳақиқатни айтган бўламиз.

7181600.jpg

Энди раҳбарларни ширакайф уйқудан уйғотиб, давлатни боқимандаликдан чиқариш лозим. Бунинг учун халқ дарди билан яшайдиган яна бир Шароф Рашидов керак эди. Яратганнинг 34 миллион халқ сабр-матонатига, бардошига раҳми келди назаримда. Юртимизда Шароф Рашидов амалга оширган хайрли ишларнинг муҳити айни кунларда ҳам сезилмоқда.

13 632
Шерали ОТАБОЕВ, ЎзА