Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

23.05.2018 15:20 Чоп этиш версияси

Умримизни ёритувчи нур

– Ўғлим мендан кўра синф раҳбарининг гапларига кўпроқ қулоқ солади-я, – ажабланиб сўзлаб қолди Зулфия опа. – Уйга берган топшириқларини битта ҳам қўймай бажариши билан бирга мактабга мобиль телефон олиб бормаслик, ножўя сўзларни айтмаслик, доим озода юриш сингари кўплаб йўл-йўриқларига ҳам сўзсиз амал қилади. 

– Демак, устози наинки ўз фани бўйича, балки болаларга тўғри ва ижобий таъсир ўтказиш, уларнинг кўнглига йўл топа олиш бўйича ҳам моҳир мураббий экан. Бундан фақат суюнишимиз керак. Фарзандимизнинг ўқитувчисидан ёлчибмиз, – деб уни қувватлади турмуш ўртоғи.

Болалар мисоли беғубор кўзгу. Катталарнинг қандайлиги, жажжиларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига нечоғли ҳурмат билан қараши, самимий ёки аксинча муомаласи, меҳр ва эътибори уларнинг катталарга, айниқса, педагогларга бўлган муносабатида ўз аксини топади. 

Бугунги шиддатли глобаллашув даври ёш авлод феъл-атвори, хулқи, дунёқараши, атрофни идрок этишига ҳам ўзининг салбий таъсирини ўтказмади, десак янглишган бўламиз. Болаларнинг шўх, шиддатли, ҳозиржавоб, бетоқатлиги ҳам рост. Азалдан ўқитувчилик, устозлик мартабаси улуғ саналган халқимизда бугунги кунда болаларнинг айрим ҳолларда ўқитувчига нисбатан беписанд, баъзан бетгачопар муносабатидан ҳам сира кўз юмиб бўлмайди.

Шулар ҳақида ўйласам, устоз адиб Озод Шарафиддиновнинг "Ижодни англаш бахти" китобида келтирилган ҳаётий ҳикоялар кўз ўнгимда гавдаланаверади. Ўқувчиларнинг ўқитувчи олдида, айниқса, ишга янги келган мураббий кўз ўнгида ўзларини бир кўрсатиб қўйишга бўлган интилишлари, дарсни бузишга уринишлари, асоссиз тўполон ва шўхликлари, дарсдан "қуён" бўлишлари ғоят ҳаётий, оддий, ишонарли тарзда ифодаланганки, ўзимизнинг ўқувчилик давридаги шу каби ранг-баранг "ҳангомалар" беихтиёр ёдга тушаверади. Демак, замон чархи қандай айланмасин, болалар эса ҳамиша шўх, қайсар, қулоқсиз. Оддий, одмигина, камтар, лекин инсонийлик бурчига, касбига, виждонига содиқ ўқитувчилар болаларнинг меҳрини қозонишга, уларга билим билан бирга, энг аввало, одамийликдан сабоқ берган устозлар ўқувчиларда турли фанларга қизиқтириш билан бирга ҳаётга бўлган муносабатининг тўғри шаклланишига муҳим пойдевор яратган. 

Бугун-чи, бугун ўқитувчи ва ўқувчи муносабати қандай шаклланган? Бунда ота-оналарнинг ўрни қандай?

– Болалар ёлғонни, сохталикни, иккиюзламачиликни, қўрс муомалани сира ёқтирмайди, – дейди пойтахтимизнинг Юнусобод туманидаги 313-мактаб ўқитувчиси Наргиза Исломова. – Шу сабабли улар билан ростгўй, хушмуомала ва айни дамда худди катталар каби жиддий муносабатда бўлиш мақсадга мувофиқ. Айнан ўқитувчининг қиёфасида уларнинг кўз ўнгида жамиятдаги одамлар намоён бўлади. Боланинг келгусида қандай касб танлаши, қандай инсон бўлиб камолга етиши аксарият ҳолларда ўқитувчига ҳам боғлиқ. Айрим ҳолларда ота-оналар кундалик иш-юмушлар, турли ташвишлар билан бўлиб бола тарбиясини фақат мактабга, ўқитувчига ташлаб қўйганидан ҳам кўз юмиб бўлмайди. Ахир таълимдан ташқари пайтда, оила шароитида ўқувчилар ота-оналари назоратида бўлиши керак эмасми?! Боланинг мактабга, ўқишга, устозга бўлган муносабатини тўғри шакллантиришда ота-оналар ҳам ўқитувчилардан кам роль ўйнамайди. 

Психологларнинг фикрича, педагогга қўйиладиган асосий ва ўзгармас талаблар болаларга бўлган меҳр, ўзи ишлайдиган соҳа бўйича махсус билим, кенг фикрлай олиш, педагогик интуиция, юқори савияда ривожланган тафаккур, чуқур билим, маданият ва яхши хулққа эга бўлиш, болаларни ўқитиш ва тарбиялашнинг турли услубларидан моҳирона фойдалана олишни билишдан иборат. Бу хусусиятлар педагогнинг ўз устида тинмай ишлаши туфайли шаклланади. Ўқитувчи ва тарбиячиларнинг кўплиги сир эмас, бироқ бу касбни юксак даражада, муваффақият билан адо этиш мушкул иш. Педагог учун қўшимча, лекин нисбатан турғун талаблар қаторига киришувчанлик, яхши маънодаги артистлик, шодон хулқ, яхши дид-фаросат ва бошқаларни киритиш мумкин. Бу хусусиятлар энг асосий ўринда турмаса-да, аммо ўқитувчи фаолияти учун катта ёрдам беради.

– Баъзан ўқитувчи ва ўқувчи ўртасидаги муносабатлар кўнгилсиз тус олганига гувоҳ бўлиш мумкин, – дейди Раҳимжон Қодиров. – Менинг уч фарзандим мактабга боради. Уларни мактабга кузатиш ва кутиб олиш жараёнида ғалати ҳолатга гувоҳ бўлганман. Айрим ўқувчилар бугунги фаровон ҳаётни, дориломон кунларни, яратиб берилаётган кенг имконият ва имтиёзларни худди ўз-ўзидан пайдо бўлганидек, шунчаки осмондан тайёр ҳолда тушганидек қабул қилади. Бу эса ёшларда атроф-муҳитга, кенг имкониятларга, мустақиллик неъматларига нисбатан беписандлик, бефарқлик, очиқроқ айтганда ношукурлик, масъулиятсизлик кайфиятларини юзага келтираётгани жуда афсусланарли. Болаларга билим олиш йўлидаги кенг имкониятлар, устозни ҳурматлашга оид кўникмаларни сингдиришда ота-оналар ҳам масъулдирлар. 

– Бугун бола билан муомалада бўлишда унга жазо бериш ёки қўпол муносабатда бўлиш, турли руҳий зарбалар бериш мутлақо ярамайди, – дейди пойтахтимизнинг Шайхонтоҳур туманидаги "Янгиобод" маҳалла фуқаролар йиғини раиси Манзурахон Валиева. – Ўқувчи билан муносабатда бугунги кун янгича ёндашувни талаб этмоқда. Болани койиш, уни кўпчилик ичида изза қилиш, уялтириш яхши натижаларга олиб келмайди. Унинг ўрнига болани нима қийнаяпти, нима учун ўқувчи ёмон ўзлаштиряпти, унинг онгида, хаёлида нималар кечаётганини, ўйлантираётган муаммоларини самимий тарзда аниқлаш, кўнглига йўл топа билиш муҳим аҳамият касб этади. Сир эмаски, ота-оналар ҳам турли ҳою-ҳаваслар, манманликка бўйсундирилган орзуларни деб ўз фарзанди тарбиясига беэътиборроқ бўлиб қолган. Маҳалламизда ёшлар тарбиясида турли нохушликларга йўл қўймаслик, ўқитувчи ва ўқувчи ўртасидаги муносабатлар тарозисини тўғри шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу мақсадда ҳудудимиздаги 13-умумий ўрта таълим мактаби билан узвий ҳамкорлик йўлга қўйилган. Бу эса тарбияси мураккаб болалар билан ишлашда педагогларга яқин кўмачи бўлиш, ёшлар маънавиятини тўғри шакллантиришда ғоят қўл келмоқда. 

Ёш авлоднинг таълим-тарбиясига мамлакатимизда давлат сиёсатининг устувор йўналиши сифатида эътибор қаратилмоқда. Ўқитувчи бу борадаги масъулиятни вазифаларни адо этишда етакчи ўрин эгаллаши шубҳасиз. Шу сабабли юртимизда ўқитувчиларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, уларнинг самарали меҳнат қилиши учун етарли шароитларни яратишга алоҳида эътибор берилмоқда. Бу эса барча ўқитувчилардан ўз касбига сидқидилдан, янада кўпроқ фидойилик ва жонкуярлик билан ёндашишни талаб этмоқда. Зеро, моҳир, жонкуяр устозларнинг ўгит ва сабоқлари барчамизнинг ҳаёт йўлларимизни умрбод нурафшон этиши шубҳасиз!

Назокат Усмонова, ЎзА
2 192