ЎзА Ўзбек

08.10.2019 Чоп этиш версияси

“Умра – 2019” зиёрати яна арзонлашди

“Умра – 2019” зиёрати яна арзонлашди

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий кенгашида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита томонидан “Умра – 2019” мавсуми бўйича брифинг ташкил этилди.

Мамлакатимизда диний-маърифий жабҳада ҳам кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Жумладан, мўмин-мусулмонлар ўз ибодатлари, диний маросимларини эмин-эркин адо этиб, ҳар йили минглаб юртдошларимиз Ҳаж ва Умра ибодатларига қатнашиб келмоқда. Фуқароларимизнинг муқаддас зиёратни адо этиши учун Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Умра сафарига борувчи зиёратчиларнинг сонини белгилаш бўйича чекловлар олиб ташлангани фуқароларимизни янада қувонтирди.

Авваллари фуқароларимиз Умра сафарига бориш учун йиллаб навбат кутишар, бошқа йўллар билан бориш имкониятларини қидиришар эди. Эндиликда ортиқча оворагарчилик ва югур-югурларга барҳам берилди.

Сўнгги 2-3 йил ичида Президентимиз ташаббуси билан Ҳаж ва Умра сафарига борадиган фуқароларимиз учун яратиладиган шарт-шароит ва хизматларга алоҳида эътибор қаратилиб, сезиларли ютуқларга эришилди. Жумладан, ўтган йилдан буён зиёратчиларимизга Мадина шаҳрида Масжидун Набавийдан 50 метр узоқликда жойлашган 5 юлдузли “Пулман Зам-зам”, Макка шаҳрида эса Масжидул ҳарамдан 600-650 метр узоқликдаги 4 юлдузли “Аброж ал-Кисва” меҳмонхонаси хизмат кўрсатмоқда.

Брифингда айтилишича, 2019 йил Умра мавсуми учун сарф-харажатлар сметаси лойиҳаси ишлаб чиқилди ва ҳар бир зиёратчидан олинадиган маблағ ўтган Умра сафари учун тўланадиган маблағ миқдоридан арзонлаштирилган. Яъни, 11 миллион 600 минг сўмдан 11 миллион 450 минг сўмга туширилган.

Таъкидланганидек, жорий йил сентябрь ойидан бошлаб Саудия Арабистони Подшоҳлиги Ҳаж ва Умра ишлари вазирлиги томонидан ҳар бир зиёратчи учун қўшимча 132 АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратилмоқда. Келишувга кўра, мазкур қўшимча маблағ Умра зиёрати учун жорий йил ноябрь ойидан бошлаб тузиладиган кейинги шартномада қўшилиши белгилаб олинди.

Шунингдек, Саудия Арабистони Подшоҳлигидаги ҳамкорлар томонидан ўзбекистонлик зиёратчиларни кутиб олиш ишлари ниҳоясига етган ва улар учун барча шарт-шароитлар ҳозирлаб қўйилган.

Жумладан, ҳар бир зиёратчи учун тўланадиган маблағ ичида Саудия Арабистони Подшоҳлиги расмий визаси, Тошкент – Жидда – Тошкент йўналиши бўйича авиачипта, Макка ва Мадина шаҳарларидаги 5 ва 4 юлдузли меҳмонхона, таомлар, сархил мевалар, ширинлик ва салқин ичимликлар қамраб олинган. Шунингдек, 24 соатлик бепул тўлиқ тиббий хизмат, мамлакатимиз рамзлари туширилган махсус нимча ва сумка, Умра қўлланмаси (китоби), бейжик, қўл тасмаси, вакцина, замонавий транспорт ҳамда бошқа зиёрат хизматлари киритилган. Зиёратчиларимиз учун меҳмонхоналарда юқори даражадаги сервис хизмати йўлга қўйилади.

Брифингда Умра сафари давомида зиёратчиларимизга хизмат кўрсатиш, уларнинг ибодатлари мукаммал бўлиши учун билимли, тажрибали гуруҳ раҳбарлари саралаб олинган. Умра зиёрати 10 кунни ташкил этиб, юртдошларимиз 3 кун Мадинаи мунаввара, 7 кун Маккаи мукаррама шаҳрида бўладилар.

Умра сафари давомида зиёратчиларга ўзбекистонлик 5 нафар ишчи гуруҳи, 200 нафар гуруҳ раҳбари (элликбоши) ва 47 нафар шифокор хизмат кўрсатади.

Кириш визаси билан боғлиқ масалалар тез орада ҳал этилгандан сўнг, Умра сафарига отланган биринчи гуруҳ зиёратчиларимизнинг Саудия Арабистонига жўнаб кетиш куни Дин ишлари бўйича қўмитанинг расмий веб-сайти орқали эълон қилинади.

7 654
Гулноза БОБОЕВА, ЎзА