ЎзА Ўзбек

19.11.2019 Чоп этиш версияси

Уммон ортидаги учрашувлар

Уммон ортидаги учрашувлар

Америка Қўшма Штатларининг Нью-Йорк шаҳри. Сентябрнинг соҳир оқшомларидан бири. Форест-Хилсдаги муҳташам санъат саройи ҳар қачонгидан ҳам гавжум, файзиёб. Кенг-мўл зални тўлдириб ўтирган кишилар юз-кўзида табассум, қувонч ва ҳаяжон. Масъул мезбонлар орасида Нью-Йорк шаҳридаги Ўзбекистон Республикаси Бош консуллигининг биринчи маслаҳатчиси Улуғбек Аҳмедов, АҚШ ва Канада Бухоро яҳудийлари Конгресси раҳбари Борис Қандов, “The Bukharian Times” газетаси бош муҳаррири Рафаэль Некталов ва бошқаларни кўриш мумкин. Чор-атрофда тантанавор, шукуҳли бир руҳ.

– Ҳурматли юртдошлар, – деди Борис Қандов тантанали кечани очиб бераркан. – Кўриб турибсиз, бугун санъат саройимиз ҳар қачонгидан ҳам ёруғ ва чароғон. Чунки шаҳримизга ҳаммамиз учун азиз ва суюкли, серқуёш ва нурафшон Ўзбекистондан қадрли дўстларимиз, таниқли кино ижодкорлар ташриф буюришди. Ўйлайманки, уларни таништиришга ҳеч бир ҳожат йўқ, чунки бу инсонларни жуда яхши биласиз.

Зал гулдурос қарсаклардан ларзага келди. Ўзбекистонлик меҳмонлар, “Фаввора фильм” киностудияси раҳбари Келдиёр Хўжаёров, таниқли режиссёр ва сценарист Борис Бобоевлар ўринларидан қўзғалиб енгилгина таъзим қилиб қўйишди.

Ҳа, бу кино ижодкорларни ўтирганларнинг аксарияти жуда яхши билишади. Чунки улар роппа-роса икки йил аввал, 2017 йилнинг кузида ҳам Нью-Йоркка ташриф буюришган, “Фаввора фильм” студияси томондан суратга олинган “Бағри кенг Тошкент” номли ҳужжатли фильмнинг тақдимотини ўтказишган ва бу воқеа бутун АҚШ, Канада давлатлари бўйлаб, бир пайтлар собиқ шўролар иттифоқида, жумладан, Ўзбекистонда истиқомат қилган, кейинчалик тақдир тақозосига кўра уммон ортига келиб қолган миллатлар, қавмлар ўртасида катта шов-шувга сабаб бўлган эди. Нима учун? Чунки “Бағри кенг Тошкент” Иккинчи жаҳон уруши жабру жафоларини, бало-офатларини бошидан ўтказган турли миллат ва элатларнинг ўзбек заминида бошпана, эъзоз-эътибор топиши ҳақида ҳикоя қиларди. Бу фильм ўзбек халқига хос буюк меҳр-мурувват, бағрикенглик, мардлик-тантилик тараннум этилган ажойиб достон эди. Зеро, ўша ўт-оловли, қирғин-қувғин авж олган йилларда миллатимиз ўзининг метин иродасини, юксак инсоний фазилатларини тўла-тўкис намойиш этди. Кун ботар юртларда одамлар бир-бирини ўлдираётган, қон тўкаётган бир пайтда ўзбек халқи минг-минглаб инсонларнинг ҳаётини сақлаб қолди. Болтиқбўйи, Украина, Беларусь каби жангу жадал авж олган юртлардан кўчирилган юзлаб-минглаб оилаларга, қария ва аёлларга, мурғак болаларга бағрини очди. Ўзлари оч-яланғоч, муҳтож бўлишига қарамай, уларга нон-туз тутди, бошпана берди. Шунингдек, қон, олов кечаётган жангчиларни озиқ-овқат, кийим-кечак билан таъминлашда бемисл фидокорлик кўрсатди.

Ўшанда “Бағри кенг Тошкент”ни томоша қилган америкалик, канадалик собиқ ватандошларнинг кўзларида ёш қалқди. Онг-шуурларида ўзлари бошларидан ўтказган мунгли, қайғули, шу баробарида, ёруғ хотиралар яна бир карра жонланди.

– Ҳа, бу фильмда менинг, нафақат менинг, балки Иккинчи жаҳон уруши даврларида Ўзбекистонда бошпана топган барча яҳудийларнинг, русларнинг, украинларнинг тарихи акс этибди, – дея ўз фикрларини баён қилди саксон ёшли онахон. – Биз ўзбек халқидан бир умр миннатдормиз.

Ўша куни тақдимотдан сўнг маҳаллий телевидениенинг рус тилида олиб бориладиган дастурида Ўзбекистон халқ артисти Галина Мельникова, режиссёр Борис Бобоев иштирокида давра суҳбати бўлиб ўтди. Улар кўрсатув давомида “Бағри кенг Тошкент”нинг яратилиш тарихига алоҳида тўхталиб ўтишди.

– Фильмнинг дунёга келишида “Фаввора фильм” киностудиясининг раҳбари Келдиёр Хўжаёровнинг хизматлари катта, – деб таъкидлади Борис Бобоев. – Санъатга ошуфта бу инсоннинг қатъияти, ғамхўрлиги, талабчанлиги бизни доимо руҳлантириб турди.

Ўша йилнинг кузида “Бағри кенг Тошкент” Нью-Йоркдаги Бухоро яҳудийлари марказида такрор ва такрор намойиш этилди. Томошабинларнинг юрагидан чуқур жой олди.

Мана, бугун ўша фильм ижодкорлари, “Фаввора фильм” ходимлари яна Нью-Йорк шаҳрида, мухлислар даврасида. Шунинг учун ҳам уларни яхши танийдиган ихлосмандларнинг гулдурос қарсаклари зални ларзага келтирди.

– Ҳар биримиз учун азиз Ўзбекистондан ташриф буюрган муҳтарам меҳмонларимиз ҳар доимгидек, бу гал ҳам қуруқ қўл билан келишгани йўқ, – дея сўзида давом эттирди АҚШ ва Канада Бухоро яҳудийлари Конгресси раҳбари Борис Қандов залдаги олқишлар, қутловлар бир зум тингач. – Унга тез орада ўзларингиз ҳам гувоҳ бўласиз.

Дарҳақиқат, шундай бўлди. Мезбонларнинг, меҳмонларнинг расмий чиқишларидан сўнг, атроф нимқоронғуликка чўмди. Ногоҳ зал тўридаги экран ёришиб унда ёзувлар пайдо бўлди: “Манас Левиев: мафтунингман.” Экран ёришиш баробарида чор-атроф бўйлаб таниш, жуда таниш мусиқа таралди: “Гуллар рақси”. Шу куй қанотида, ажиб, соҳир оҳанглар оғушида бутун уммон орти мамлакатларига, Нью-Йорк шаҳрига Ўзбекистондан самимий саломлар, дўстона каломлар, меҳр-муҳаббат балққан табассумлар кириб келгандай бўлди. Баланд-баланд бинолар, сершовқин, гавжум кўчалар бўйлаб ўзбек заминининг хуш ифори таралгандай туюлди. 

Ҳа, “Фаввора фильм” киностудияси ижодкорлари бу гал уммон ортида истиқомат қилаётган ватандошлар, Бухоро яҳудийлари эътиборига машҳур бастакор Манас Левиевнинг ҳаёти ва ижодига бағишланган янги ҳужжатли фильмни тақдим этишган эди. Маълумки, Манас Левиев 1912 йилда Наманган шаҳрида, Самарқанддан хизмат тақозосига кўра келиб қолган яҳудийлар оиласида таваллуд топган. Ўз умрини санъатга, мусиқага бахш этган бу инсон кейинчалик ҳаёти давомида Самарқанд, Ленинград, Тошкент шаҳарларида истиқомат қилди. Ўзбек мақоматининг йирик билимдонлари Левич Бобохонов, Исроил Толмасов, Михаил Гаврилов каби устозлардан таҳсил олди. Ўзи ҳам сермазмун ва самарали ижод қилди. Манас Левиев 1990 йилда Ўзбекистон пойтахтида вафот этди. Буюк бастакордан улкан ва беқиёс мусиқий мерос қолди.

– Бу картина мени буткул ўзига ром этди, – дея фикр-мулоҳаза билдирди Тавриз Аронов тақдимотдан сўнг. – Кўнглим соғинч, интизорлик ҳисларига тўлиб-тошди, шунда мен яҳудий миллатига мансуб бўлсам-да, аллақачон табиатан ўзбекка айланиб кетганимни яна бир карра чуқур англадим.

Ҳа, “Манас Левиев: мафтунингман” ҳужжатли фильми ҳам худди “Бағри кенг Тошкент” сингари Америка қитъасидаги томошабинлар қалбидан чуқур жой олди. Қизғин муҳокамаларга, шов-шувларга сабаб бўлди. Маҳаллий газеталар у ҳақида турли мақолалар, таҳлиллар, тақризлар чоп этишди. Жумладан, “Менора” газетасининг махсус мухбири Рена Елизарова мазкур ҳужжатли фильм сценарийси муаллифи Борис Бобоевнинг маҳоратига, савиясига юксак баҳо бериб ўтди. Профессор Эдуард Аминов “Фаввора фильм” ижодкорларига бағишланган шеърий эҳтиромини эълон қилди.

– Ўзбекистон биз, яҳудийларни сақлаб қолган юрт, – дея кўнгил изҳорини баён этди Америкада яшовчи, Ўзбекистон халқ артисти Изро Малаков. – Бу замин биз учун ҳам азиз Ватандир. Мана, бугун “Фаввора фильм” ижодкорлари тимсолида бизни унутмаган, меҳнатимизни қадрлаб келаётган, шу баробарида, танти, мард, бағри кенг эл эканлигини намойиш этаётган ўзбек халқини кўриб турибмиз. Уларга чуқур миннатдорчилик билдирамиз.

Албатта, “Бағри кенг Тошкент”, “Манас Левиев: мафтунингман” каби ҳужжатли кино асарлари билан хориждаги томошабинларга ҳаяжон, қувонч, завқ-шавқ улашган ижодкорлар бундай муваффақиятларга осонгина эришиб қолишгани йўқ. “Фаввора фильм” ташкил этилганидан бери қисқа бир давр ичида тинимсиз ижодий изланишлар олиб борилди. Алҳол, фидокорона меҳнатлар бугун ўз самарасини бериб турибди. “Фаввора фильм” томонидан шу пайтгача элликка яқин ҳужжатли, бешта бадиий фильм, шунингдек, қатор аудио тасмалар яратилди. Барчаси мутахассислар, санъат ихлосмандлари томонидан юқори баҳоланди.

– Муҳтарам Президентимиз раҳбарлигида барча соҳалар қатори кино санъати ривожига ҳам катта эътибор қаратилмоқда, – дейди “Фаввора фильм” киностудияси раҳбари Келдиёр Хўжаёров. – Биз бундай хайрихоҳликка, қўллаб-қувватлашларга муносиб ижод қилишимиз керак. Ўзбекистон маданиятини, санъатини дунёга олиб чиқишимиз зарур. Ҳали олдинда турган режаларимиз кўп. Уларни амалга ошириш учун бутун куч-ғайратимизни, имкониятларимизни аямаймиз.

Ҳа, биз ҳам санъатга кўнгил қўйган, эзгу ниятлар билан меҳнат қилаётган “Фаввора фильм” ижодкорларига янгидан-янги муваффақиятлар тилаб қоламиз.

Луқмон БЎРИХОН

3 453
ЎзА