ЎзА Ўзбек

06.08.2018 18:06 Чоп этиш версияси

Умидларни тиклаган йигирма еттинчи йил

Умидларни тиклаган йигирма еттинчи йил Тарихий маълумотларга қараганда, улуғ саркарда Александр Македонский (Македониялик Искандар) тарихий юришлари олдидан барча бойликларини одамларга тарқатиб, бериб юборади. Шунда дўстларидан бири:

– Ўзингга ҳам бирор нарса қолдирдингми? – деб сўрайди.

– Ҳа, – қатъий жавоб қайтаради у. – Мен ўзимга умидларимни қолдирдим!

Македония тахти навқирон соҳибининг бу фавқулодда жавоби дўстларининг ҳам қалбини ҳаяжонга солади, улар ҳам ҳукмдорга эргашиб бойликларини халққа тарқатаётиб:

– Умидларимизни ўзимизда қолдирдик! – дея хитоб қилишади.

Мана шу ғурур ва ифтихор туйғуларига йўғрилган умидлар туфайли Александрнинг номи тарихда абадул абад муҳрланиб, унинг шиддатли юришлари ҳақида дунё халқлари турфа афсона-ю асотирлар тўқишларига сабаб бўлди. Тарихий маълумотлар эса қудратли Доронинг ҳисобсиз бойликларига қарамасдан унга таслим бўлганини тасдиқлайди. Негаки, ўз идеалларини амалга ошириш учун ҳаётини от устида ўтказган Александр Македонский маънавий жиҳатдан Дородан бир неча баробар устун эди! У ўз тутқунининг нечоғли ҳашаматли ҳаёт кечирганини кўриб ҳайратдан ёқа тутамлайди.

Мавлоно Жалолиддин Румийнинг “Ҳар қандай муяссариятда маҳрумият, ҳар қандай маҳрумиятда муяссарият мавжуддир”, деган ўлмас сўзлари табиат ва жамият ҳодисаларидаги мутаносиблик билан бирга, Улуғ шахслар қисматидаги муштаракликларни ҳам намоён этади.

Ўзбек заминида асрлар бўйи орзу қилиб келинган мустақиллик, озодлик йигирманчи асрнинг сўнги ўн йиллиги бошида амалга ошиб, авваллари хаёлга келтириш мумкин бўлмаган қадриятлар яна бўй кўрсатди. Ижтимоий ҳаётнинг бошқа соҳаларида бўлгани каби тил, урф-удумлар, буюк аждодларга муносабат, миллий қадриятлар, маънавий жабҳаларда туб бурилишлар содир этилди. Айниқса, муқаддас Ислом динига муносабат, халқимизнинг имон-эътиқоди яна юз очди. Биринчи Президент Ислом Каримов, ҳар қандай ўзгаришларнинг илдизи аввало инсон онгида кечиши кераклигини қайта-қайта таъкидлади. Иллатлар, занглар хавфи йўқолмаслиги сабаби шунда –онгдаги қолоқликда эди. Бу ўз кучини кўрсатди. Жамият механизмининг мурватчаларида, кўз илғамас қатламларида шу туфайли “оғриқли нуқталар” илдиз отди. Оддий халқнинг орзу-умидлари кўҳна разолатнинг ўзгармас заминларида чириди. Президентимизнинг “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак” деган принцининг ўзиёқ мана шу мурватча-нуқталар устидаги пардани кўтариб юборди. Халқ туйқусдан ҳушёр тортиб, ўз орзу-умидларини, бу ҳаётда бир марта яшашини эслаб қолди. Албатта, тарихий воқелик силсиласида офтоб кўрмаган елкаларга орттирилган юкни бирданига улоқтириб ташлашнинг иложи ва имкони бўлмаса-да, мустақиллигимизнинг 27 йиллиги арафасида ўзбек халқи ўз умидларини мустаҳкамлаб олишга эришди. Барча нарсага чидаши мумкин бўлган халқ ҳақсизликка ҳеч қачон чидай олмаслиги яна намоён бўлди. Ўн, йигирма йиллар мобайнида шу заминда яшаб фуқаролик паспортига эга бўлмаганлар кўзёшларида бу ҳақиқат яна юз кўрсатди. Бошқа яна ўнлаб соҳаларда, юзлаб ўзгаришларда...

Аммо онг ўзгариши масаласи ҳамон кун тартибидан тушгани йўқ.

Бузилган мурватлар, “оғриқли нуқталар” устидаги парда кўтариб ташлангани билан онг ости оқимларидаги тўлқинланишлар ҳануз мавжланишда.

Мавҳум келажакдан эмас, бугунги кундан, ҳаёт ичидан ўз бахт-саодатини топишга ишончи кучли қудратли тўлқин – халқ уларни ювиб ташлашга қодир. Негаки, уларнинг ёруғ умидлари истиқлолнинг йигирма еттинчи йилида тикланди. Негаки, бу умидни берган Президент ортида улар мустаҳкам қоядек турибди. Олис-олислардан шоирнинг ўтли сатрлари янграйди:

Асрим, асрим дейсан – асринг не ўзи,

Тўзғоқ календарнинг варақларидир.

Инсон деб фалакка ҳайқирмоқ нечун,

Инсон ёнингда-ку – у менинг қўшним!


Шойим БЎТАЕВ,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

ЎзА
8 097