ЎзА Ўзбек

02.12.2019 Чоп этиш версияси

“Умид“нинг умидлари бўй кўрсатмоқда

“Умид“нинг умидлари бўй кўрсатмоқда

Янгийўллик Алишер Жўрабоев узоқ йиллардан буён жигар циррозидан азият чекади. Яқиндагина бир ойлик навбатдаги профилактик даволанишдан қайтди.

Аммо касаллик ҳолати операция ўтказишни талаб этмоқда. Мазкур жарроҳлик амалиёти учун эса қарийб 30 миллион сўм маблағ зарур. “Мингбулоқ” маҳалласида истиқомат қилувчи ушбу оиланинг ўзи шусиз ҳам сурункали хасталик сабаб моддий томондан тинкани қуриган. Соғайиш, дарддан фориғ бўлиб, оиласи, яқинлари бағрига қайтиши учун эса пул керак. Хўш, нима қилмоқ керак?

Тошкент вилояти Янгийўл туманида “Инсонларнинг дарду ташвишларини ўйлаб яшаш – одамийликнинг энг олий мезонидир” мавзусида бўлиб ўтган хайрия тадбирида янгийўлликларнинг шу каби кўплаб имконсиз кўринган муаммолари ижобий ҳал этилди.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши томонидан ташкил этилган тадбирда “Соғлом авлод учун” хайрия фонди вакиллари, туман секторлари, корхона ва ташкилот раҳбарлари, фуқаролар йиғинлари раислари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Маҳаллаларда ва оилалардаги ижтимоий-маънавий муҳитни янада соғломлаштириш, аҳоли билан мулоқот ўтказиб, муаммоларини аниқлаш ва бартараф этиш мақсадида ташкил этилган хайрия тадбири аввалида сайёр қабул ўтказилди.

photo5409220003611388960.jpg

Туманнинг энг олис маҳаллаларидан бири – “Умид” маҳалла фуқаролар йиғинида ташкил этилган сайёр қабулда республика маҳаллалар кенгаши раиси ўринбосари Б.Парпиев, туман сектор раҳбарлари янгийўллик аҳоли билан мулоқотга киришиб, муаммолари тинглади.

Аҳоли билан очиқ мулоқотда 32 нафар фуқаронинг уй-жой, соғлиқни сақлаш, коммунал соҳа, йўл, ичимлик суви, бандлик каби масалалар юзасидан муаммоли мурожаати тингланиб, А.Жўрабоев сингари 15 нафарининг муаммоси жойида ижобий ҳал этилди. 17 нафарининг мурожаати бўйича зарур вазифалар белгиланиб, ижроси назоратга олинди.

– Маҳалламиз қўшни Қозоғистон Республикаси билан чегарадош ҳудудда жойлашган бўлиб, қарийб 2 минг 500 нафар аҳоли истиқомат қилади, – дейди “Умид” маҳалласи раиси О.Мусаев. – Табиийки, туман марказидан 25 километр узоқда бўлган маҳалламизда ҳам йиллар мобайнида қатор йўналишлар бўйича муаммолар йиғилиб қолган эди. Президентимиз ташаббуси билан олиб борилаётган улкан бунёдкорлик ишлари, жумладан, “Обод қишлоқ” дастури доирасида жорий йил қишлоғимизда мисли кўрилмаган бунёдкорлик ишлари олиб борилди. Хусусан, авваллари маҳалладошларимиз 5 километр олисдаги қишлоқ врачлик пунктига қатнаган бўлса, айни шу кунларда маҳалламизда икки қаватли замонавий оилавий поликлиника қурилиб, фойдаланишга топширилди. 11 та кўп қаватли уйнинг ташқи фасад қисми, 6 тасининг том қисми мукаммал таъмирланди.

Дарҳақиқат, маҳалла ҳудудида “Обод қишлоқ” дастури асосида аҳоли турмуши фаровонлигини юксалтиришга қаратилган улкан қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Жумладан, ҳудудда 220 ўринли янги мактабгача таълим муассасаси, маҳалла гузари бунёд этилаётир. 50 хонадондан иборат икки қаватли турар-жой қурилиб, шинам, барча қулайликларга эга мазкур уй-жойларнинг 10 таси кам таъминланган оилаларга берилди.

Маҳалла аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида 6 километр масофадан янги ичимлик суви тармоғи тортиб келинмоқда. Ички йўлларнинг ярмига асфалть ётқизилиб, қолган қисмида таъмирлаш ишлари давом этяпти. Шунингдек, маҳалла ҳудудидаги электр ҳаво узатиш симлари янгисига алмаштирилиб, кўча ёритиш мосламалари ўрнатилди.

Тадбир доирасида “Меҳнат ярмаркаси” ташкил этилиб, 100 нафардан зиёд иштирокчилар, жумладан, 50 нафар эркак ва 70 нафар аёлга ишга жойлаштириш юзасидан тушунтириш берилди. Шунингдек, Президентимиз томонидан илгари сурилган 5 ташаббуснинг бешинчи йўналиши – хотин-қизлар бандлигини таъминлаш мақсадида “Umid Baraka Chevarlari” тикувчилик цехи фойдаланишга топширилди. Пировардида, 160 хотин-қиз, шу жумладан, маҳалланинг 70 нафар хотин-қизлари доимий иш билан таъминланди.

photo5408935595172015031.jpg

“Соғлом авлод учун” фонди ҳамда туман тиббиёт бирлашмасининг малакали шифокорлари томонидан ташкил этилган тадбирда 400 нафардан зиёд кекса авлод ва кам таъминланган оила вакиллари, боқувчисини йўқотган ва ўзгалар кўмагига муҳтож фуқаролар тиббий кўрикдан ўтказилди. Тиббий кўрик доирасида бир гуруҳ фуқароларга бепул ногиронлик аравачалари, дори дармон ва совғалар берилди.

Тадбир доирасида шунингдек, Республика маҳаллалар кенгаши раиси ўринбосари Б.Парпиев ҳамда тегишли ташкилот раҳбарлари томонидан сайловни ташкил этиш ва ўтказиш, куз-қиш мавсуми, хусусан аҳоли ўртасида ис газидан заҳарланишнинг олдини олиш юзасидан ўқув семинари ўтказилди.

1 037
Авазбек ХУДОЙҚУЛОВ, ЎзА