Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

02.04.2018 13:24 Чоп этиш версияси

“Умид ниҳоллари” спорт мусобақаларининг Тошкент вилояти босқичи ташкил этилди

Умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида ўтказилаётган “Умид ниҳоллари” спорт мусобақаларининг Тошкент вилояти босқичи Олмалиқ ва Бекобод шаҳарларида ташкил этилди.

Вилоят ҳокимлиги, халқ таълими, жисмоний тарбия ва спорт бошқармалари, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши ҳамкорлигида ташкил этилган мусобақада барча туман ва шаҳарлардан сараланган спортчилар футбол, баскетбол, волейбол, гандбол, эркин ва юнон-рум кураши, бадминтон, стол тенниси, ўзбек жанг санъати каби 21 спорт тури бўйича маҳоратини намойиш этди.

Мусобақада олмалиқлик ўқувчилар гандбол, баскетбол ва футбол каби жамоавий баҳсларда ғолиб бўлди. Олмалиқ шаҳри ёшлари эркин курашда ҳам шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан жой олди.

Миллий спорт турлари бўлган белбоғли курашда паркентлик ёшлар, турон яккакураши бўйича Тошкент тумани, ўзбек жанг санъатида чинозлик ёш полвонлар ғолиб бўлди. Таэквондо (WTF), енгил атлетика, бадминтон бўйича ангренлик ўқувчилар зафар қучди. Бекободлик спортчилар бокс бўйича вилоятда тенгсиз эканини намойиш қилди. Оғир атлетиканинг мураккаб синовларини енгиб ўтишда зангиоталик полвонларнинг қўли баланд келди. Стол теннисида Юқори Чирчиқнинг эпчил ўқувчилари барча рақибларини ортда қолдирди ва ғолибликка эришди.

Қизлар ўртасидаги баскетбол беллашувларида Янгийўл шаҳри спортчилари, волейбол бўйича эса Қуйи Чирчиқ тумани қизлари биринчиликни қўлга киритди. Бадиий гимнастикада бекободлик спортчилар ғалаба қозонди.

– Турнирда кўрсатган натижам мураббийлар ва ҳакамлар томонидан юқори баҳоланганидан хурсандман, – дейди бадиий гимнастика бўйича мусобақа ғолиби, Бекобод шаҳридаги 9-умумтаълим мактаби ўқувчиси Севара Тоштемирова. – Бугунги мусобақада қатнашиш учун бир неча босқичдан ўтишимга тўғри келди. Мураббийлар ишончини оқлаб, жамоавий ва яккалик баҳсларда яхши натижа кўрсатишга ҳаракат қилдим. Дўстлар орттирдим. Бу каби мусобақалар биз, ёшларга мамлакат ва халқаро мусобақаларда қатнашиш олдидан катта мактаб вазифасини ўтайди.

Мусобақа ғолибларига ташкилотчилар томонидан диплом ва эсдалик совғалари топширилди.

Абдулазиз Мусаев, ЎзА
3 082