ЎзА Ўзбек

10.07.2019 20:59 Чоп этиш версияси

Самарқанддаги "машҳур Умарбой” ва унинг шериклари 188 кишини чув туширганликда айбланмоқда

Самарқанддаги "машҳур Умарбой” ва унинг шериклари 188 кишини чув туширганликда айбланмоқда

Халқ орасида “Умарбой” номи билан танилган “тадбиркор” Олим Ражабов ва унинг шериклари устидан суд иши бугунги кунда Жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар суди томонидан кўриб чиқилмоқда.

Бу ҳақда бугун Жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилояти суди биносида вилоятдаги судларнинг 2019 йилнинг биринчи ярим йиллигидаги фаолияти бўйича ўтказилган брифингда маълум қилинди.

Жиноят ишлари бўйича вилоят суди раисининг ўринбосари Ўткир Мамадалиевнинг билдиришича, Олим Ражабов ва унинг шериклари Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаситегишли бандларига кўра, уюшган гуруҳ аъзолари билан олдиндан жиноий тил бириктириб, уюшган гуруҳ  манфаатларини кўзлаб, такроран алдаш ва ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан 188 нафар жабрланувчиларнинг жами 44 миллиард 647 миллион 929,4 минг сўмлик, шу жумладан, 726 минг 850 долларлик пул маблағларини фирибгарлик йўли билан талон тарож қилишда айбланмоқда. 

Шунингдек, Жиноят Кодексининг яна бир қанча модда ва бандларига биноан "Умарбой" 29 миллиард 830 миллион 649,3 минг сўмлик пул маблағларини жамиятга хизмат кўрсатувчи банк муассасаларига топширмасдан, кирим қилмасдан савдо ва хизмат кўрсатиш қоидаларини жуда кўп бор бузишда, муайян мажбуриятдан озод этадиган, жамият ва харидорлар ўртасида расмийлаштирилган “товар моддий бойликларини топшириш, қабул қилиш” далолатномаларини такроран қалбакилаштиришда, “товар моддий бойликларини топшириш, қабул қилиш” далолатномалари қалбаки эканини била туриб, улардан такроран фойдаланишда, 15 миллиард 978 миллион 31,3 минг сўмлик мол-мулкларни легаллаштиришда айбланиб судга берилган. Мазкур жиноят иши ҳозирги кунда суднинг иш юритувида бўлиб, навбатдаги суд мажлиси 15-июль куни давом этади.

photo5274165392643828378.jpg

Брифингда, шунингдек, вилоятдаги Жиноят, Маъмурий, Иқтисодий ва Фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан 2019 йилнинг биринчи ярим йиллигида амалга оширилган ишлар бўйича оммавий ахборот воситалари вакилларига атрофлича маълумот берилди.

Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ, ЎзА
22 391