ЎзА Ўзбек

25.04.2018 11:39 Чоп этиш версияси

Улуғланаётган хотира жаранги

Президентимизнинг жорий йилнинг 16 апрелдаги “Хотира ва Қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги томонидан бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари академиясида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишда мазкур ҳужжатда белгиланган чора-тадбирларни юқори савияда ўтказиш бўйича қилинаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.

Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва ўтказиш, умумхалқ байрамини давлат ва жамоат ташкилотлари билан яқин ҳамкорликда муносиб нишонлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Йиғилишда уруш фахрийлари ва ногиронлари оилаларининг шарт-шароитларини яхшилаш, уй ва турар жойларини таъминлаш, Мурувват, Саховат уйларига ташриф буюриш, ёши улуғ ҳамда кўмакка муҳтож инсонлар ҳолидан хабар олиш, уларни байрам билан табриклаш лозимлиги қайд этилди.

Бундан ташқари, давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда Иккинча жаҳон урушининг ҳар бир қатнашчиси ва ногиронларига Ўзбекистон Республикаси Президенти номидан бир марталик пул мукофотини ҳамда хизмат бурчини бажариш вақтида ҳалок бўлган 81 нафар ҳарбий хизматчининг оилаларига икки миллион сўмдан пул маблағларини тантанали равишда топшириш бўйича ишлар амалга оширилмоқда.

Йиғилишда олий таълим муассасалари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ҳамда мактабларда Иккинчи жаҳон уруши, фронт орти меҳнат фахрийлари, хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар кўрсатган жасорат ва мардлик аҳамиятини ёшлар ўртасида тушунтириш, маданий-маърифий, ватанпарварлик йўналишидаги тадбирлар, “Авлодлар учрашуви”, “Эъзоз”, “Эҳтиром”, каби учрашувлар ташкил этиш бўйича вазифалар белгилаб олинди.

Гўзал Сатторова, ЎзА
4 281