ЎзА Ўзбек

14.02.2018 11:48 Чоп этиш версияси

Улуғ иқтисодчиларнинг фикрларини Президент Мирзиёевнинг ният ва ҳаракатларида кўрдим

Ўзбекистондаги ўзгаришларни кузатар эканман, 1998-2001 йиллари "Умид" жамғармаси орқали Англияда ўқиган талабалик пайтларим, айниқса Макроиқтисодиёт ва Монетар сиёсат фанлари эсимга тушади.

АҚШда 1960-80 йиллари консерватив қарашга эга бўлганлар бозор иқтисодиётини эркинлаштиришга қарши чиқишган. Иқтисодиётни либераллаштиришга монополистлар, консерватив қарашга эга бўлганлар қарши бўлади. Либерал сиёсатчилар эса очиқ иқтисодиётни ёқлайди. Алал-оқибат либераллашув АҚШ иқтисодиётини дунёда биринчи поғонага олиб чиқди. Эътиборли томони шундаки, АҚШда ўртача маош йилига 58 минг долларга тенг бўлгани билан кўп истеъмол товарлари нисбатан арзон.

Президент Шавкат Мирзиёев юритаётган сиёсат ҳам Ўзбекистон иқтисодиётини либераллаштиришга қаратилган. Зеро, фақат эркин иқтисодиёт ва рақобат орқалигина товарлар сифати яхшиланади, нархлар арзонлашади ва халқнинг турмуш даражаси ошади.

Ривожланган давлатлар тажрибаси шуни кўрсатадики, давлат иқтисодиётни холи қўйиши керак. Эркин иқтисодиёт ҳаммасини жой-жойига қўйиб олади. Асосийси, нима қилиш эмас, балки нима қилмаслик керак, деган саволга аниқ жавоб топиш керак.

Эркин бозор иқтисодиёти "ихтиёрий ҳамкорлик" тамойилига асосланади. Давлат томонидан бошқариладиган иқтисодиётда ким, нима, қачон ва қанча истеъмол қилиши режалаштирилади ва бундай тизим нимага олиб келишини собиқ тизим кўрсатди.

2004-2010 йиллари АҚШдаги компаниялардан бирида ишлаётган пайтим Ўзбекистон давлат идораларидаги айрим раҳбарлар мурожаат қилиб, юртимизда компания филиалини очишни таклиф қилди, давлат кафолати берилишини айтди. Таклиф компаниямиз раҳбарига етказдим. У эса бундай деди: "Албатта, таклифдан хурсандман. Лекин сармоя олиб кирувчига давлат кафолати эмас, балки очиқ иқтисодиёт керак. Конвертация очилиши, сиёсат ва иқтисодиёт эркинлаштирилиши, молк-мулк кафолати таъминланиши лозим. Шундай бўлгандагина Ўзбекистон иқтисодиётига қизиқиш ўйғонади".

МДҲ мамлакатлари иқтисодиёти асосан хом-ашё ресурслари экспортига асосланган. Бизнес эса, яшириб нима қилдик, давлат сиёсатидан келиб чиққан ҳолда юритилади.

Ваҳоланки, дунёнинг энг ривожланган мамлакатларида на нефть на олтин ва на бошқа табиий бойликлар бор, лекин турмуш даражаси АҚШдагидан юқори. Нега шундай? Чунки, ривожланган давлатларда давлат сиёсатни бизнеснинг ҳолатидан келиб чиққан ҳолда ишлаб чиқади. Сабаб - бизнес ҳам давлатни, ҳам халқни боқади. Энг оғир даврларда бу давлатлар сармояни ўз халқининг илмий салоҳиятига сарф қилган. Масалан, ўз даврида шу йўлни тутган Сингапур бугун иқтисодиёт ва давлат сиёсати бўйича муваффақиятли модель сифатида ўрганилади.

Бу тажрибани Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ва амалдаги Президент Шавкат Мирзиёевнинг саъй-ҳаракатларида кузатишимиз мумкин. Ўзбекистон иқтисодиёти қийин аҳволда қолганига қарамай, Хусусан, Биринчи Президентимиз юзлаб ёшларимизни дунёнинг энг ривожланган давлатларига ўқишга юборди. Шавкат Мирзиёевнинг Мактабгача таълим вазирлигини ташкил қилиш тўғрисидаги қарори - инқилобий ғоя.

Хом-ашё экспортига асосланган иқтисодиётнинг келажаги йўқ. Ривожланган давлатлар анъанавий ёқилғидан фойдаланадиган автомобилларни ишлаб чиқариш ва сотишни тўхтатмоқчи. Бу ҳали фақат автомобилсозликдаги янгилик. Бошқа соҳаларда ҳам углеводород захираларига эҳтиёж камайиб бораверади.

Президентнинг "Умид" жамғармаси орқали ўқиган 800 кишилик армияси бор. Улар вақтида сараланган иқтидорли, илмга чанқоқ ёшлар, бугун эса олий тоифали мутахассислардир. Бундан ташқари, ўз ҳаракати билан чет элда таълим олиб, ривожланган давлатларда банк ва молия, тиббиёт, информацион технологиялар ва инжиниринг, қонунчилик ва бошқа кўп соҳаларда ишлаётган ватандошларимиз кам эмас. Юз минглаб ҳамюртларимиздан жилла қурса ярми йилига бир марта Ўзбекистонга келиб-кетса, шунинг ўзидан миллион-миллион даромад тушади. Агар улар келиб ишласа, фойда янада юқори бўлади.

Президент Билл Клинтон АҚШга раҳбарлик қилган даврда давлат бюджети 1957 йилдан буён биринчи марта 4 йил мобайнида про
фицит билан ёпилган. Бунинг сабаби Б.Клинтоннинг АҚШдаги энг кучли иқтисодчиларни Оқ уйга тез-тез таклиф қилиб, улар билан иқтисодий ривожланиш стратегиясини баҳс қилиб турганидир. Президент Ш.Мирзиёевнинг хориждаги ватандошлар билан ҳамкорлик борасидаги ташаббуслари шу маънода айни муддао бўлди.

Юзта қарор чиқариш мумкин, лекин бажарадиган мутахассис бўлмаса, қоғозда қолиб кетаверади. Чумчуқ сўйса ҳам қоссоб сўйсин. Яхши мутахассис тайёрлаш учун вақт керак. Ривожланган мамлакатлардаги ватандошлар билан яқин алоқа шу жиҳатдан муҳим. Ҳеч ким ўз-ўзидан сармоя билан юртимизга кириб келавермайди. Дунёда икки юздан зиёд давлат бор ва жаҳон иқтисодиётида ўрин топиш учун фақат ўзимиз курашишимиз керак.

Аробиддин Тўрахонов,
Инвестиция бўйича катта мутахассис

ЎзА
9 122