ЎзА Ўзбек

12.02.2020 Чоп этиш версияси

Улуғ аждодларимиз мероси ёш шарқшунослар талқинида

Улуғ аждодларимиз мероси ёш шарқшунослар талқинида

Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ҳар бир мисраси, байти, банди мингйилликлар қаъридан отилиб чиққан ҳикматлар билан йўғрилган. Ушбу мисралар ўз замонида қанчалик хизмат қилган бўлса, бугун ҳам замондошларимиз, айниқса, ёшлар учун шунчалик аҳамиятли. Бу икки аллома барча замонлар ва барча маконлар мутафаккири сифатида ХХI асрнинг тугунлари ечимига йўл кўрсатган ғоялари билан ниҳоят даражада қадрлидир.

Бугун Тошкент давлат шарқшунослик институтида ана шу миллатнинг маънавий устунлари ижодига бағишланган “Улуғ аждодларимиз мероси ёш шарқшунослар талқинида” мавзуидаги маърифий-бадиий тадбир ташкил этилди.

photo5341757178471623965.jpg

Унда институт ректори Гулчеҳра Рихсиева тадбирни очар экан, институтда фаолият юритиб келаётган мамлакатимиз таълим тизимида ягона ҳисобланувчи мумтоз филология таълим йўналишида ёзма мерос билан шуғулланувчи мутахассисларнинг янги авлодини тайёрлаш ҳамда мумтоз ёдгорликлар бўйича мутахассис моделини тайёрлашда классик туркий (эски ўзбек), араб ва форс тилларида ёзилган обидаларнинг манбашунослик, матншунослик ва филологик таҳлил қила оладиган кадрлар етиштириш ишига айрича урғу бериш кераклиги ҳақида тўхталди. Шунингдек, у мумтоз филология таълим йўналишида сабоқ олаётган ва ёзма меросни чуқур ўзлаштираётган энг билимдон талабалар учун бу йилдан бошлаб ректор стипендияси жорий қилинганлигини ҳам эълон қилди.

photo5341406442852297882.jpg

Шундан сўнг тадбирда элимизнинг таниқли олимлари Боқижон Тўхлиев, Олимжон Давлатов, Буробия Ражабова алломаларимиз мероси ва қарашлари билан боғлиқ қизиқарли маълумотлар ҳамда уларнинг асарлари орқали бугуннинг ёшларини аждодлар меросига яқинлаштир хусусида сўз юритди. Эл суйган ҳофиз Илёс Арабов эса йиғилганларни Навоий ва Бобур ғазаллари асосида тайёрланган қўшиқлари билан хушнуд этди.

Тадбир якунида институт илми толибларининг саҳна чиқишлари, Навоий ва Бобур асарларидан турли шарқ тилларига қилган янги таржималари ҳам ўқиб берилди.

3 632
Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА