Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

03.04.2018 12:26 Чоп этиш версияси

Ғуломжон отанинг пандлари

Ғуломжон отанинг пандлари Наманган вилояти Наманган туманидаги Бешкапа қишлоғида яшовчи Ғуломжон ота Мирзажонов хонадонида бўлган киши томорқадаги манзарани кўриб, баҳри дили яйрайди. 15 сотихли томорқанинг 10 сотихидаги иссиқхонада помидор кўчатлари гулга кирган, қолган қисмидаги эртачи сабзавот ва кўкатлар барқ уриб яшнаб ётибди.

– Ер, сув, қуёш, ҳаво, иқлим шароити шунчалик қулай бўлган юртда деҳқончилик қилмаслик гуноҳи азим, – дейди Ғуломжон ота. – Оллоҳ берган бу неъматлардан унумли фойдаланмасдан, “Берсанг ейман, урсанг ўламан” қабилида кун кўриш динимизга ҳам, замонамизга ҳам зиддир. “Сендан – ҳаракат, мендан баракат” деган ҳикмат бежиз айтилмаган. Ким шу нақлга амалга қилмаса, бири икки бўлмайди. Уйида бир парчагина бўлса-да, томорқаси бор киши касб-коридан қатъи назар, ер умрини беҳуда ўтказмаслиги шарт. Шунда рўзғорига барака киради. Томорқасида ишлаганнинг турмуши фаровон, егани олдида, емагани ортида бўлади, болам.

3.jpg

Бир умр жамоа хўжалигида тракторчи бўлиб ишлаган Ғуломжон отанинг томорқасида йил бўйи иш тўхтамайди, ҳосил аримайди. Мўъжазгина иссиқхонада куз-қиш мавсумида бодринг, қиш-баҳор мавсумида помидор етиштирилади. Оралиқда эса помидор кўчати тайёрланиб, томорқачиларга етказиб берилади.

Отахоннинг таъкидлашича, ўтган йили кузда иссиқхонадан 4 тонна бодринг олган. Йил давомида олинган даромад 70 миллион сўмдан ошган. Отанинг алоҳида ҳовли-жой қилиб кетган уч ўғлининг томорқасидан келаётган даромад жамланса, оиланинг томорқачилик орқасидан топаётган даромади унча-мунча ақлни шоширади.

7.jpg

Туманда бундай хонадонлар кўп. Масалан, Хонобод қишлоғида яшовчи Дилором Халилова 27-умумтаълим мактабида бошланғич синф ўқитувчиси бўлиб ишлайди. Шу билан бирга, турмуш ўртоғи, меҳнат фахрийси Усмонали Халилов, ўғиллари Фарҳод ва Фахриддиннинг кўмаги билан ҳовлидаги ердан ташқари, деҳқон хўжалиги сифатида тасарруфига олган 70 сотихли томорқада 5 иссиқхона қуриб, бодринг, редиска, саримсоқпиёз, карам етиштиришни йўлга қўйган. Йиллик даромади 30 миллион сўмдан кам эмас.

Дарҳақиқат, Наманган туманида томорқачилик ривожланган. Бугунги кунда туманда 28 минг 366 хонадон тасарруфидаги 1 минг 389 гектар томорқа ерда пиёз, карам, картошка, кўкат, помидор, дуккакли экин сингари қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилмоқда. Ҳисоб-китобларга кўра, 19 минг тонннага яқин маҳсулот олиш кутилмоқда. Шундан 5 минг 600 тоннадан зиёдроғи оилалар эҳтиёжи учун сарф бўлади, қолган 13 минг тонна маҳсулот эса, бозорга чиқарилади.

9.jpg

Бундан ташқари, туманда 1 ва 1,5 сотихли арзон иссиқхоналар ташкил этиш бўйича ҳам аҳолидан таклифлар йиғилмоқда. Ҳозиргача шундай иссиқхона ташкил этиш юзасидан 53 маҳалла фуқаролар йиғини бўйича 900 нафарга яқин фуқародан ариза қабул қилинди ва уларга амалий ёрдам берилмоқда.

– Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг топшириғига асосан туманимизда “Томорқа хизмати” масъулияти чекланган жамияти фаолиятини йўлга қўйиш бўйича ташкилий ишлар бошланган, – дейди фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари туман кенгаши бош мутахассиси Комилжон Жўраев. – Эътиборлиси, туманимизда томорқасини ўз ҳолига ташлаб қўйган хонадон йўқ. Ер майдонига нисбатан аҳоли зичлиги туфайли аҳоли ҳар бир қарич ердан унумли фойдаланади. Албатта, уларнинг ҳаммаси томорқадан миллионлаб сўм даромад қилмаслиги мумкин, лекин ҳар ҳолда, ҳеч ким бир парча ерини экин-тикинсиз қолдирмаётгани эътиборга лойиқ.

Акрамжон Сатторов, Ҳотам Мамадалиев (сурат) ЎзА
6 733