ЎзА Ўзбек

19.09.2018 Чоп этиш версияси

Ғуломовлар оиласи энг ибратли оила

Нурафшон шаҳрида “Ибратли оила” республика кўрик-танловининг Тошкент вилояти босқичи бўлиб ўтди.

“Оила” илмий-амалий тадқиқот марказининг Тошкент вилоят бошқармаси ташаббуси билан вилоят хотин-қизлар қўмитаси, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича вилоят кенгаши ҳамкорлигида ташкил этилган танловда 16 ибратли оила 4 шарт бўйича ўзаро баҳслашди.

– Вилоятимизда 621 мингдан зиёд хонадон, жумладан, қарийб 793 минг оила мавжуд, – дейди Тошкент вилояти ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Озода Парпибоева. – Мазкур танлов оилаларни янада мустаҳкамлаш, бу борадаги илғор тажрибаларни оммалаштириш, уларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Зеро, оилаларимиз барқарор ва мустаҳкам бўлса, юртда тинчлик, кўнгил хотиржам, ишимиз ва дастурхонимизда қут-барака бўлади.

Ғолибларни аниқлашда иштирокчиларнинг оиладаги ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, хусусан, қайнона-келин, ота-она ва фарзандлар ўртасидаги муносабатлар, бу борада турли зиддиятли ҳолатларнинг олдини олиш, шунингдек, қўни-қўшнилар билан яхши муносабатда бўлиш борасидаги тажрибаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Ҳакамлар ҳайъати хулосасига кўра, Зангиота туманидаги "Ўртаовул" маҳалласида яшовчи Нуриддин Ғуломовлар оиласи энг ибратли оила, деб топилди ва танловнинг мамлакат босқичи йўлланмасини қўлга киритди.

Иккинчи ўрин Нурафшон шаҳрида истиқомат қилувчи Тўлагановлар ва пискентлик Мирзаевлар оиласига, учинчи ўрин эса Тошкент тумани вакили Раҳматовлар ва чинозлик Ҳакимовлар оиласига насиб этди.

Танловда “Тадбиркор оила”, “Аҳил оила”, “Ишбилармон оила”, “Меҳнаткаш оила”, “Ораста оила”, “Саховатли оила” каби қатор номинациялар бўйича ҳам ғолиблар аниқланди.

Ғолиб ва совриндорлар махсус диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

2 809
Авазбек Худойқулов, ЎзА