ЎзА Ўзбек

31.08.2018 17:59 Чоп этиш версияси

Улкан имконият ва имтиёзлар даври

Улкан имконият ва имтиёзлар даври
Ташкилотимиз иши билан юрганимда бош ҳисобчимиз қўнғироқ қилиб туман ҳокимлигидан сўрашаётганини, улар билан боғланишим кераклигини айтди.

“Оббо, шу етмай турувди ўзи, нима деб бошимни қотиришар экан-а”, деган гап келди хаёлимга.

Тўғрида, 2005 йилдан буён Тошкент шаҳрининг турли туманларида (ижарага олинган жойда узоқ туриш имкони йўқ) нашриёт ва матбаа фаолияти билан шуғулланиб келамизу на банк, на солиқ, на прокуратура, на ички ишлар бўлими ва на ҳокимият томонидан "кунжит дони оғирлигича" ёрдам олганимизни билмаймиз.

Яқин-яқингача улар томонидан уюштирилган “ташриф”лар тадбиркор бошига бир талай ғавғо келтирган бўлса келтирган-ки, юкини енгил қилган эмас. Ҳатто бу ташкилотларнинг “тирноқ остидан кир қидириб” қайта-қайта ўтказган текширишларидан сўнг ўзини ўнглолмай, буюртмачи олдидаги қарзини узолмай охир-оқибат “тадбиркорлик” деган гапга қўл силтаб кетган кишиларни биламан.

“Ассалому алайкум, туман ҳокимиятиданмиз”, “Ассалому алайкум, прокуратураданмиз”, “Ассалому алайкум, солиқданмиз”, “Ассалому алайкум, ички ишлар бўлимиданмиз”, деган каломдан кейин кўпинча (йилда бир десаям бўлар) тадбиркорга пахта чопиғи ёки терими учун одам ажратиш, бунинг имкони бўлмаган тақдирда маълум миқдордаги моддий ёрдам кўрсатиш мажбурияти юкланар, энг ёмони бу “ёрдам” учун корхонанинг имкони бор-йўқлиги ҳеч кимни қизиқтирмасди.

Қолаверса, мавсумий “кўпга келувчи тўй”лардан ташқари бошқа йиғ-йиғлар тадбиркорни додламоқдан бери қилгани ҳам бор гап.

Энди ўзингиз инсоф билан айтингчи, шу кунларни ўз бошидан ўтказиб келган тадбиркор ҳокимият йўқловидан хурсанд бўладими?

Йўқ албатта.

Мен ҳам шуларнинг бири эдим...

Тўғри мана икки йилга яқин вақт ичида улар бизни безовта қилгани йўқ. Бироқ...

Хуллас ҳокимиятга қўнғироқ қилмадим. Орадан уч-тўрт соатлар ўтиб тадбиркорни топиб олишга уста бўлиб кетишган эмасми, ўзлари алоқага чиқди. Рости оғриниб телефонни кўтардим.

– Ассалому алайкум, Абдуҳамид ака сиз бўласизми, мен сизни ҳокимиятдан безовта қилаяпман, – деди нариги томондан хушмуомала бир овоз.

Гарчанд овоз эгасининг мулойим оҳанги анча далда бўлган эсада, барибир ҳадиксираб жавоб қилдим.

– Ҳа, менман. Эшитаман, қандай хизмат, айтаверинг.

Бу калима бизга ёд бўлиб кетган.

Бир томони “менталитет”.

Ишхонамиз эшигидан кириб келиб давлат номидан гапиришни, яна озгина дағдағани ўхшатган бор-ки, “Бизга нима хизмат ака?”, “Хизматлар бўлса...”, “Яхши ният билан бир хизмат қиламиз”, деган лутфимизга сазовор бўлади.

Аввал ширин калом, аллаловчи, далда оҳангида бошлаган гаплар кейин дағаллашиб, икки-уч кун, ҳатто ҳафталаб оромингни бузади. Ҳам вақтингни ҳам нақдингни шўрини қуритган ҳоллар кечаги кун тадбиркорига ниҳоятда таниш манзара. Шуларни ўйларканман, ҳокимликнинг ширинсўз вакилини хавотир аралаш тинглай бошладим.

– Президентимиз Шайхонтоҳур тумани тадбиркорлари билан учрашади. Рўйхатда сизнинг корхонангиз ҳам бор...

Қолган гаплар қулоғимга кирмади.

Унга нима деб жавоб қилганимни ҳозир ҳам эслолмаяпман. Англаганим шу бўлди-ки, ҳокимиятга бориб таклифнома олиб кетишим керак.

Ҳокимиятга йўл олдим. Таклифномани олиб белгиланган вақтда Ўзбекистон халқаро анжуманлар саройига отландим. Президент келгунича Шайхонтоҳур туманидаги мавжуд муаммоларни ўзида акс эттирган фильм намойиш қилинди. Ютуқлар ҳақида бир оғиз ҳам гап йўқ. Аввалгидек ошириб-тошириб гапиришлар, “ҳамду сано” ўқишлар фильмдан жой олмаган.

...Президентнинг бир гапи онгимда қаттиқ ўрнашиб қолди. “Бизнинг энг катта душманимиз, ички душманимиз бу – бефарқ одам”, деди Шавкат Мирзиёев.

Шу тариқа чин маънода халқ ва юрт қайғусига тушган, бу халқнинг, бу юртнинг фаровонлигини, тўкинлигини, бахтиёрлигини ниҳоятда катта сабрсизлик билан кутаётган, ич-ичидан шунга интилаётган, бу йўлда ўзини ҳам атрофидагиларни ҳам аямаётган, ўзига қўйган талабни бошқаларга ҳам қўяётган, лоқайдликка жон-жаҳди билан қарши бўлган Президентни қайта кашф этдим ва юрт раҳбари сифатида иш бошлаганига ҳали икки йил ҳам тўлмасдан нима учун халқ меҳрини қозониб улгурганини англаб етгандай бўлдим.

Оддий одам сифатида Президентдаги куч-ғайратга тан бермай илож йўқ. Ўзингиз бир тасаввур қилинг, эрта тонгдан туриб шаҳар айланиб, бир-неча чақирим масофани пиёда босиб, оддий одамлар хонадонигача кириб бориш, улар ҳолидан воқиф бўлиш, аҳоли турмуш-тарзи, маҳалла ва кўчалар ободлиги, қўйингчи ўз йўлида учраган энг майда масаладан тортиб йирик муаммоларгача бевосита ҳал этиш, ундан кейин белгиланган жойда халқ вакиллари, фаоллар ва тадбиркорлар билан соатлаб тик оёқда турганча мулоқот қилиш осонми?

Бугун барчамизни мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, хусусан, тадбиркорларга яратилаётган имкониятлар хурсанд қилади. Тадбиркорлик қиламан, шу орқали рўзғоримни тебратиб, мамлакатим тараққиётига ҳисса қўшаман, одамларга фойдам тегади, деган кишига йўл очиқ, имконият ва имтиёзлар етарли. Бизнинг вазифамиз эса ўз вазифамизни, бурчимизни виждонан бажариш, асло бефарқ бўлмасликдир.

Абдуҳамид Мухторов, 
ношир.

ЎзА
2 908