ЎзА Ўзбек

05.07.2018 17:18 Чоп этиш версияси

Қулай ва арзон дорихона ташкил этилди

Қулай ва арзон дорихона ташкил этилди

Илгари Навоий вилояти Хатирчи тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли “Лангар” қишлоқ врачлик пункти ва “Зарафшон” қишлоқ оилавий поликлиникасида дори-дармон ва тиббиёт ускуналари етарли бўлмагани сабаб қатор муаммолар юзага келар эди.

Ушбу тиббий муассасаларда биттадан ижтимоий дорихона ташкил этилди.

Президентимизнинг 2018 йил 14 февралдаги “Фармацевтика тармоғини жадал ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ташкил этилган ушбу дорихоналар аҳоли эҳтиёжларини атрофлича ўрганиш асосида иш бошлади. Натижада тумандаги ижтимоий дорихоналар сони 22 тага етди. Ушбу нуқталарда жами 24 тиббиёт ходимининг бандлиги таъминланган.

– Ҳудуддаги қишлоқ врачлик пунктларида 13 та, оилавий поликлиникаларда 7 та, шунингдек, кўп тармоқли марказий поликлиника ва туман тиббиёт бирлашмасида биттадан ижтимоий дорихона фаолият юритмоқда, – дейди “Навоий дори-дармон” акциядорлик жамиятининг ижтимоий дорихоналар бўйича Хатирчи тумани бўлими раиси А.Ярашев. – Уларда бўлиши зарур деб топилган 152 турдаги ва ундан ортиқ фармацевтика маҳсулотлари мавжуд. Қолаверса, туман марказида кўчма дорихона ташкил этилгани ва ижтимоий дорихоналарга дори-дармон етказиб бериш учун алоҳида техника ажратилгани аҳолига янада қулайлик яратмоқда.

“Майдонсой”, “Мирдош” маҳалла фуқаролар йиғинлари туман марказидан 70 километр узоқда жойлашган. Ушбу ҳудудларда дорихоналар йўқлиги аҳоли оворагарчилигига сабаб бўлиб келаётган эди. Ҳудудлардаги ҚВПлар қошида ижтимоий дорихоналар ташкил этилгани эса айни муддао бўлди. Уларда тўловни амалга ошириш учун терминал аппаратлари мавжудлиги, нархлар нисбатан арзонлиги, энг муҳими, санитария-гигиена қоидаларига тўлиқ амал қилиниши барчага манзур бўлмоқда.

Нуриддин Раҳимов, ЎзА
6 889