Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

03.05.2018 22:07 Чоп этиш версияси

Марказий давлат архиви: Жангоҳдан мактублар

Марказий давлат архиви: Жангоҳдан мактублар
Ўзбекистон Республикаси Марказий давлат архивидаги мактубларни имконият даражасида ўқиш ва уларни мавзуларга саралаб, эътиборингизга ҳавола этишда давом этамиз. Уларнинг орасида уруш суронлари, жанг ҳолатлари тасвирланган расмларни ҳам учратдик. Рангли қаламларда чизилган бу ҳолатлар моҳир рассом эмас, оддий жангчи қўли билан чизилгани билан аҳамиятли.

c138fa8d-d591-4bea-9f9d-b1ff7d0d1bd4.jpg

Иккинчи жаҳон уруши... у ўзининг кўлами билан кўплаб халқлар бошига битмас, тугамас кулфатлар олиб келди. Қанчадан- қанча ёш умрлар рушнолик кўрмай хазон бўлди. Гўдаклар, норасидалар нобуд бўлди. Шунда ҳам халқ ўзи оч-наҳор, юпун кийимда бўлсада, меҳнат қилиб, топган-тутганини жангчиларга, фронтга юборишдан бир дақиқа ҳам тўхтагани йўқ. Буни архивда сақланаётган маълумотлар, ёзишмалар ва ҳисоботлар ҳам тасдиқлайди.

Ҳамма нарса фронт учун!!!

1943 йил 25 март.

И.Комогоров имзоси қўйилган ҳисобот. “Наманган вилояти 6 тонна помидор қоқи, 1,4 тонна гуруч, 30 килограмм асал, 2,2 тонна қуритилган лавлаги, 4,3 тонна турли меваларнинг қоқиси. Самарқанд 530.000 рубил, Бухоро 500 килограмм сабзавот қоқиси, 609 килограмм туршак, 249та дастрўмол, 70 жуфт пайпоқ”. 

765fc02d-c7c5-4da7-b8dc-995744c91fdc.jpg

Бу каби маҳсулотлар рўйхати турли вилоятлар мисолида деярли ҳар куни юргизилган.

“Ёвни енгиб, сени кўрмак тилагим!”

Ўзбекистон Республикаси Марказий давлат архивида сақланаётган йиғмажилдлардаги мактубларни эҳтиётлик билан, авайлаб ушлаймиз. Учбурчак, сарғайган, ранги учган бу мактубларда жанггоҳлар ҳиди, уруш даври одамлари, уларнинг изтробларини ўзида акс эттирган қалб кечинмалари бордек назаримда.

1942 йил. 28 июнь.

Ғарбий фронтдан лейтенант Юсупов ўзининг дил кечинмаларини, ватан соғинчини шундай сатрларда баён этган: 

“Ўзбекистон: Алишернинг севган боғи гулзори,
Ўзбекистон: Ҳакимзода билан бирга яшаган.
Ўзбекистон: Озод халққа энг севимли бир ватан,
Ўзбекистон: Ёвни енгиб сени кўрмак тилагим.” 

22607df9-f9fb-457b-8a68-2134fb587998.jpg

Бир вақтлар юртимизда чиқарилган “Қизил Ўзбекистон” (ҳозирги “Ўзбекистон овози”)га юборилган бир саҳифа шеърнинг ҳар бир сатрида ватанга муҳаббат, соғинч, душманни енгишга бўлган кучли ишонч акс этиб турибди. 
Энг муҳими, биз ўқиган ва ўқишга ҳаракат қилган мактубларнинг бирортасида ўлимдан қўрқиш, қийинчиликлардан нолиш қайд этилмаган. Ҳар бир сатрда фақат, фақат ғалаба, душман йўлини жон бериб бўлсада тўсиш, олис Ўзбекистон тинчлигини шу ерда, душман қаршисида туриб таъминлаш акс этганига гувоҳ бўлдик.

“Обод шаҳарларни, вайрон этдинг”

Архив фондларининг бош қўриқчиси ва сақловчиси Татьяна Фоменко билан мактубларни эҳтиётлик билан синчиклаб ўқишда давом этамиз.

1942 йил. 12 августь.

Татаристон. Елабуга шаҳридан Абдулхайр Ҳасанов имзоси билан юборилган хат. Унинг қисқача баёни шундай.

“Ўзбекистондан олисда. Волгабўйи ҳарбий округида таълим олаяпман. Ҳадемай, урушга кирамиз. Биз турган жойга ҳам уруш суронлари, ваҳимаси гоҳида эшитилиб турибди. Гитлердан қанчалар нафратланишимни...(ўқиб бўлмади.) шеър ёздим.

Обод шаҳарларни,вайрон этдинг,
Озод халқларни сарсон айладинг.
Чуқурдан ўзинга вайрон сайладинг
Қилмишларингла ўзинга гўр ковладинг.

be6585b9-7a56-442e-9c50-cf679b2fa2aa.jpg

Абдулхайрнинг бу сатрларини танлаб олдик. Оддий қоғоз саҳифаси тўлдириб ёзилган шеърда немисларнинг тор-мор этилишига бўлган ишончнинг жуда кучли эканига гувоҳ бўласиз. Тинч замонлар келишига бўлган ана шу ишонч балки жангчиларимизни ғалабга руҳлантиргандир. Балки, балки, балки...

Биз учун яна бир нарса номаълум. Бу ҳам бўлса, мактубларини ўқиганимиз, дилномаларини сизга ҳавола этганимиз - бу инсонларга ватанга қайтиш бахти насиб этганми-кан? Уларнинг кейинги ҳаёт йўли қандай кечгани бизга қоронғу... 

Афсус, бу ҳақида архив маълумотлари йиғилмаган. 

Сайёра Шоева, ЎзА
19 747