ЎзА Ўзбек

23.07.2018 21:11 Чоп этиш версияси

Ҳукуматлараро комиссия йиғилиши

Тошкентдаги Халқаро савдо марказида 23 июль куни Савдо-иқтисодий ва илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон – Вьетнам ҳукуматлараро комиссиясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.

Тадбирда икки мамлакатнинг ташқи иқтисодий алоқалар, савдо-саноат, сармоя, фан-таълим, қишлоқ ва сув хўжалиги каби қатор соҳалар учун масъул вазирлик ва идоралари, компания ва концернлари раҳбарлари иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси ташқи савдо вазири, комиссия ҳамраиси Жамшид Хўжаев, Вьетнам Социалистик Республикаси саноат ва савдо вазирининг ўринбосари Хоанг Куок Вионг ва бошқалар мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик барча йўналишларда, жумладан, савдо-иқтисодий, саноат ва илмий-техникавий соҳаларда изчил ривожланиб бораётганини алоҳида таъкидлади.

Ўзбекистон билан Вьетнам ўртасида дипломатия муносабатлари 1992 йилда ўрнатилган. Ўзаро ҳамкорлик мустаҳкам ҳуқуқий асосга эга. Савдо-саноат, сармоя, илм-фан, туризм каби кўплаб соҳалардаги алоқаларни тартибга солувчи 20 дан зиёд ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинган.

Мамлакатларимиз савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш борасида улкан салоҳиятга эга. Ўзбекистон Вьетнамга ловия, ипак, юқори сифатли пахта толаси, минерал ўғитлар ва бошқа товарлар экспорт қилади. Вьетнам мамлакатимизга ускуналар, электротехника, фармацевтика маҳсулотлари, қаҳва ва чой етказиб беради.

Ўзаро товар айирбошлаш ҳажми мунтазам ошмоқда. Бу борадаги кўрсаткич жорий йилнинг ўтган олти ойида ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2,4 баравар ортди. Ўзбекистонда Вьетнам сармояси иштирокида тузилган 17 қўшма корхона фаолият кўрсатмоқда.

Ҳукуматлараро комиссия мажлисида Ўзбекистон ва Вьетнам ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини янада оширишдан, кенг кўламли савдо-иқтисодий, сармоявий ва илмий-техникавий ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдор экани таъкидланди. Мамлакатларимиз қишлоқ хўжалиги, фан-техника, сайёҳлик, хусусий тадбиркорлик каби соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш борасида катта салоҳиятга эга экани қайд этилди.

Вьетнам делегацияси Ўзбекистонда олиб борилаётган иқтисодий сиёсат, хорижий инвестиция жалб қилиш учун яратилаётган шароит, эркин ва кичик саноат зоналаридаги имкониятлар билан таништирилди.

Тадбирда ўзаро ҳамкорликда қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Ўзбекистондаги қулай инвестициявий муҳит туфайли Вьетнам ишбилармонларининг юртимизда тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишга қизиқиши ортиб бораётгани қайд этилди. Савдо, иқтисодиёт, сармоя, хусусий сектор каби йўналишлардаги ҳамкорликни янада фаоллаштириш, экологик тоза технологияларни жорий этиш ва ривожлантиришга доир масалалар муҳокама қилинди.

Шу куни Вьетнам делегацияси аъзолари қатор вазирлик ва идораларда иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари юзасидан учрашув ва музокаралар ўтказди.

Улуғбек Шоназаров, ЎзА
4 514