ЎзА Ўзбек

01.05.2018 20:30 Чоп этиш версияси

Ҳукумат соати: Парламент назоратининг самарали механизмлари амалда

Жорий йилнинг 1 май куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисида»ги ва «Парламент назорати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига мувофиқ «Ҳукумат соати» ўтказилди. Таъкидлаш жоиз, мазкур амалиёт миллий парламент тарихида илк бор ташкил этилди.

Депутатларнинг ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа аҳволи юзасидан олиб борган ўрганишлари ҳамда одамлардан келаётган мурожаатлардан келиб чиқиб, сиёсий партияларнинг қуйи палатадаги фракциялари таклифларига кўра “Ҳукумат соати”га “Республика аҳолисининг тоза ичимлик суви билан таъминланишида ҳамда ичимлик сувини тежамкорлик билан ишлатишда олиб борилаётган ишлар”, шунингдек, “Аҳолини ва тиббиёт муассасаларини арзон ва сифатли дори-дармон воситалари ҳамда тиббиёт буюмлари билан таъминлаш, айниқса, жойларда ижтимоий дорихоналарни ташкил этиш ҳолатлари” тўғрисидаги масалалар киритилди.

Ушбу масалалар юзасидан депутатларга ахборот ва уларнинг саволларига атрофлича жавоб бериш учун Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирликлари мутасадди раҳбарлари таклиф этилди.

Тадбир давомида ҳукумат вакиллари депутатлар томонидан қўйилган масалалар юзасидан маълумот бериб, уларнинг қўшимча саволларига батафсил жавоб қайтардилар.

– Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил 12 июлда “Ҳукумат соати” институтини жорий этиш хақида ўз тавсияларини берган эди, – дейди эксперт Ихтиёр Беков. – Қонунчилик палатасида “Ҳукумат соати”нинг ўтказилиши Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган жамиятда парламентнинг ролини оширишга қаратилган чора-тадбирларнинг амалдаги ифодаси ҳисобланади. Тадбирнинг аҳамиятидан келиб чиқиб, унинг самарали ўтганини таъкидлаш лозим. Мазкур институт биринчидан, ҳукуматнинг парламент билан муносабатлардаги масъулиятини оширса, иккинчидан, жойларда тўпланиб қолган, аҳолини ўйлантираётган масалаларни ҳал этишга хизмат қилади.

– Таъкидлаш жоиз, “Ҳукумат соати” Ҳаракатлар стратегиясида кўрсатиб ўтилган давлат ва жамият қурилишини такомиллаштириш йўналишида ҳам муҳим аҳамиятга эга, – дейди эксперт Шоҳруҳбек Собиров . – Ушбу институт нафақат Олий Мажлиснинг ижро ҳокимияти устидан парламент назоратини таъминлашда ролини оширишга, балки бўлиб ўтган бугунги тадбирдаги каби сайловчиларни қийнаётган муаммоларни ҳал этишда муҳим омил бўлади.

Тадбир сўнггида Қонунчилик палатаси қўмиталарига ушбу соҳалардаги амалдаги қонун ҳужжатларини ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш тавсия этилди, шу билан бирга мазкур йўналишдаги ишлар юзасидан самарали парламент назоратини таъминлашга келишиб олинди.



Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси

Қонунчилик палатаси Ахборот хизмати


11 283