ЎзА Ўзбек

25.06.2020 Чоп этиш версияси

Ухлаяпмиз ёхуд миллат қони билан ёзилган қайноқ ҳароратли мақолаларни қўмсаб... (+видео)

Ухлаяпмиз ёхуд миллат қони билан ёзилган қайноқ ҳароратли мақолаларни қўмсаб... (+видео)
Шу ойнинг 27 санасини биз журналистлар байрам қиламиз. Бунга 100 йиллар аввал, айнан шу куни биринчи ўзбек тилида чоп этилган “Тараққий” газетаси асос қилиб олинган. Бу сана бизга доим юз йиллар аввалги жадидчиларимиз, маърифатпарварларимиз жасорати ва шижоатини эслатиб туради. Ўша давр нашрларини варақлай туриб, тараққийпарварларимизнинг сиёсий савияда, жасоратда биздан анча устун бўлганларини пайқаш мумкин. Ҳур фикр ўлим билан мукофотланган бир даврда ҳам миллатпарварларимиз виждон амрини азиз жонларидан устун қўйганлар.


Биз французларни революционер, америкаликларни ҳурфикр, қўрқмас, деб биламиз. Бироқ, ўзимизда улардан-да ўтли жадидчиларимиз бўлганини бугун ҳамма яхши биладими?

Жадидчиларимиз юрагидаги ўти билан ҳозирги журналист, блогерларни солиштирсак бугун “биз ухлаяпмиз”, деган хулоса ясаш мумкин.

Туркистондаги илк газеталар ҳақида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Қатағон қурбонлари хотираси” давлат музейи илмий ходими, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори Баҳром Ирзаев билан суҳбатлашдик.

Баҳром Ирзаевнинг айтишича, Беҳбудий, Мунаввар Қори, Фитрат, Чўлпон, Ҳамза каби маърифатпарварларимиз мақолаларининг миллат қони билан ёзилган қайноқ хароратини бугун ҳам ҳис этиш мумкин.

Тараққийпарварлар газетани бойиб кетиш мақсадида чоп этишмаганди...

Ўша вақтларда газеталарга муҳаррирлик қилганларнинг кўпчилиги бадавлат инсонлар бўлган. Хусусан, тоғ-кон муҳандиси (нефтчи) Обиджон Маҳмудовнинг қурган биноси бугун “Қўқон садоси” чиқаётган Қўқондаги энг муҳташам бинолардан ҳисобланади. Беҳбудийнинг “Самарқанд” газетаси чоп этилган иншоат ҳам ҳозирда Самарқанднинг тарихий, гўзал обидаларидандир. Яна саноатчи бойлар ҳам миллатпарварларни қўллаб-қувватлаб уларга хуфиёна моддий кўмак бериб келганлар. Улар империя томонидан таъқибга учрамаслик учун ва ислом маданиятига кўра ўзларини ошкор этмаганлар. Шунинг учун ҳам маҳаллий бойлар ҳақида аниқ маълумотлар бизгача етиб келган эмас. Бироқ, мақолалар мазмунидан ана шундай бойларнинг кўп бўлганини сезиш мумкин. Шунингдек, газеталарнинг сўнги бетларида рекламалар ҳам бўлган.

Шу билан бирга, газеталарда текин тарқатилишга чорловчи маълумотлар ҳам бор. Ҳеч қайси тараққийпарвар, жадидчиларимиз газетани бойиб кетиш мақсадида чоп этмаган.

Аммо, соф тижорий мақсадда чоп этилган нашрлар ҳам бўлган. Мисол учун, Саид Азимбойнинг “Тужжор” номли нашри шундай газеталардан эди. Бироқ, унда ҳам Авлоний, Беҳбудий каби маърифатпарварларимиз мақолалари аҳолини жалб қилиш мақсадида чоп этилиб турган.

Табиийки, нашрларни вилоятларга жўнатиш бироз қийинчилик туғдирган ва бу маблағ талаб этган. Одатда, газеталарнинг 3-6 ойлик нархлари сўнги бетида ёзиб қўйилган. Вилоятларга жўнатилаётганда алоҳида нарх ва тарқатувчиси бўлган ҳамда аввалдан пули тўлаб қўйилган. Маълум жамиятлар, жумладан, “Турон” жамияти ҳам газеталарни вилоятларга етказиб беришга кўмаклашган.

Бир нашр таъқиқ сабаб ёпилса, бошқаси яна “бош кўтариб” чиқиб келарди

Ўзбек матбуотининг тўнғичи, яъни биринчи нашри “Тараққий” газетаси ҳисобланади.

У 1906 йил 27 июнидан чоп этила бошланган. Биз 27 июнни Ўзбекистон журналистлари куни сифатида нишонлаймиз. “Тараққий”нинг муҳаррири Исмоил Обидий бўлган. Нашрда ўткир ижтимоий муаммолар кўтарилган. Унда Мунаввар қори, Абдулла Авлоний каби буюк адибларимизнинг мақолалари чоп этилган. Гарчи нашрнинг 20 та сони чиққан бўлса-да, у тарихимизда мустаҳкам ўринга эга. Унга Абдулла Тўқай табрикнома йўллагани ҳам айтилади.

1907 йил сентябрь ойида Мунаввар Қорининг “Хуршид” газетаси нашр қилина бошланган. Яна шу йили Авлонийнинг “Шуҳрат”, 1908 йилда Аҳмаджон Бектемировнинг “Осиё” газеталари чоп этила бошланган. Лекин, мазкур нашрлар ҳам 8-10 сондан сўнг ўткирроқ мақола туфайли ёпилишга мажбур бўлган. Шундан сўнг 1908 йилдан 1913 йилгача Туркистонда маҳаллий биронта нашр чиққан эмас. Бу тинчликни 1913 йилда Беҳбудийнинг “Самарқанд” газетаси бузади. Шу йилнинг ниҳоясида тараққийпарварларнинг илк журнали “Ойна” чоп этила бошлайди.

1914 йилнинг апрелида илк ўзбек адвокати Убайдулла Хўжаевнинг “Садои Туркистон” газетаси чоп этила бошланган. Ҳудди шу йили ўзбек тоғ мухандиси Обиджон Махмудовнинг “Садои Фарғона” нашрлари чиқа бошлаган. Мазкур газеталар орқали ўша давр тараққийпарварлари ўз олдиларига қандай мақсадни қўйганларига умумий баҳо бериш мумкин. Сабаби ушбу икки нашр нисбатан кўпроқ чоп этилган эди.

1917 йил инқилобидан сўнг яна ўнлаб газеталар чиқа бошлаган. Цензура сабаб, қайсидир газета ёпилса, яна бошқа нашрлар “бош кўтариб” чиқиб келар эди. “Улуғ Туркистон”, “Шўрои Ислом”, “Кенгаш”, “Ҳуррият”, “Эл байроғи”, “Бухорои шариф”, “Турон” нашрлари шулар жумласидандир.

Абдулла Авлонийнинг эслашича, 1905 — 1917 йиллар орасида 22 номдаги газета ва 8 номдаги журнал нашр қилинган. Зиё Саиднинг “Ўзбек матбуотига материаллар” рисоласида қайд этилишича 1870 — 1927 йилларда 45 номда газета ва 36 номда журналлар чоп этилган.

Тараққийпарварларни кимлар ўқиганди?

Абдулла Авлонийга кўра, ўша вақтда газета ўқувчиларни “жадидлар”, деб аташган. Газетани излаб, ундаги маълумотларни бир-бирига тарқатувчиларни тараққийпарварлар, “ходими миллат”, деб атаганлари ҳам маълум. Масалан, Хоразмда маҳаллий газета бўлмаган, лекин валиахд Асфандиёрхон ҳар кунлик Бухоро нашрлари, Ҳиндистон, Татар ўлкалари, Туркия газеталарини тўплаб, ўқиб кузатиб борганини яхши биламиз.

Цензура маърифатпарварларимизни чўчитмаган эди

Ўша вақтларда газета очилишидан аввал, муҳаррирга маълум шартлар қўйилиб имзолатиб олинган. Биринчи, “Тараққий” газетаси цензурага учраб, муҳаррирининг мулклари мусодара қилиниб, эгаси қамоққа олинган. Бу бошқаларга ўрнак бўлиши учун қилинган эди, лекин бундан тараққийпарварлар ташвишга тушган эмас. Улар закийлик билан мавзуни ёритиш йўлини тутганлар. Мисол учун мактаб масаласини шу даражада олиб борган-ки, унда сайлов, сиёсий партия, миллий армия масаласини ҳам киритиб ўтилади.

“Садои Туркистон”, “Садои Фарғона” газеталарини кўздан кечирсангиз, катта-катта бўш жойларга кўзингиз тушади. Бу цензурадан ўтмай, ўқувчисига етиб бормаган мақолаларнинг ўрни бўлган. Бу цензурадан ўтмаган мақола ўрнига бошқа материал тайёрлаб улгирилмаганини англатади. Баъзи газеталарда қоп-қорага бўялган бетлар мавжуд. Бу ҳам “кесилган” мақола ўрни эканлигини англатади. Цензура юқорида айтганимиздек, жадидларимизни ташвишга солмаган. 1923 йилда Беҳбудий шундай ёзади: “Биз бир газета ёпилса иккинчисини очдик, биримиз таъқиб этилсак, иккинчимиз давом эттирдик”, деб ифтихор билан эслайди. Демак, улар ўз номи билан ходими миллат сифатида қўрққани йўқ. Орадан юз йил вақт ўтган бўлса-да, унинг ҳар бир мақоласини қалбнинг қони билан ёзилган қайноқ ховурини сезасиз. Орасида бефарқ ўтиб кетиладиган, бугун учун ёзилган мақолалар йўқ эди.

Илк газеталардаги "Қора пиар"

Ўша даврларда тараққийпарвар, маърифатпарварларимизни обрўсизлантиришга ҳам ҳаракат қилишган эди. Масалан, Беҳбудийни обрўсизлантиришга уруниб, уни пора олганликда айблашган. Беҳбудий қози бўлган эди. Шу сабабли унинг пора олгани ҳақида махсус хатлар уюштирилган. Жадидларнинг энг ёши улуғи Беҳбудий эди. У қирқ ёшларида бутун Туркистонда ва татар юртларида “Ота” сифатида машҳур бўлган. Унинг ўзи ҳам “фарзандларим”, дея мурожаат қила олган. Бунга унинг маънавий ҳаққи ҳам бор эди. Афсуски, шундай инсонни ҳам обрўсини тўкишга ҳаракат қилинган мақолалар бор.

Ҳаттоки, Мунаввар Қори номини ҳам қоралашга уринилган. Туркистон вилоятининг газетасида шундай мақолалар борки, унда “Мунаввар Қори ўз ташрифи билан қиморхоналарни мунаввар этгани” ёзилади. Ўша даврда уламоларимизга шу каби жуда ҳам кўп ҳужумлар бўлган.

Миллатнинг яшаб қолиши ва эртаси унинг маорифига боғлиқ.

“Тараққий” газетасининг илк сонида Мунаввар Қорининг “Бизнинг жаҳолат жаҳли мураккаб” мақоласи берилади. Мазкур мақола жуда кўп миллатлар учун таржима қилинган. Масалан япон тилига ҳам... Бу Мунаввар Қорининг даҳо эканини билдиради. Ўша вақтда айтилган гаплар бугунги кунда ҳам бизга бегона эмаслигини англатади.

Мисол учун, биз Европа таълимини қабул қиладиган бўлсак, Европанинг иллатларига қандай қарши курашамиз деган масалани олиб чиқишади. “Японияга Европа маданияти боши билан кириб келган бўлса, таасуфки бизга кети билан кириб келмоқда”, дейди улар ҳамда чекиш, ичиш ва фахш иллатларини санаб ўтади. Европанинг техника, маориф билан боғлиқ ютуқларини ўзлаштириш керак, бироқ бизнинг йиллар давомида сайқалланиб келган маданиятимизни бой бермаслик кераклиги айтилади. Мисол учун, Хўжандда чойхоналар сони билан мактаблар сони солиштирилади. Мисол учун, Ибрат Наманганда ўзининг мактабида имтиҳон олаётган бўлса, Ҳамзани чақиради. Мунаввар Қори имтиҳон олаётган бўлса, Беҳбудийни чақиради. Бу билан ота-оналар давлатманд кишилар болаларининг бурро жавоб бераётганини кўриб уларни келажагини ҳис қилган ҳолда ҳаттоки кўзларига ёш ҳам олишган. Қизлар мактабига бориб, муаллималарга совғалар ҳадя қилишган. Улар мактабни хақиқий миллатнинг фикрлар ўчоғига айлантиришган. Чўлпонни ҳам биз жадидлар газетасидан яхши биламиз. У бутун Туркистонда, Тўқмоқлидами, Қозоқлидами, Бухорода бўладими ҳамма фикрини ўртага ташлайдиган минбар яратган. Жадидлар газетаси миллат муаммоларини ўртага ташлади ва ечими устида бош қотирди ва муаммолари устида курашди. Бу жадид матбуотининг хизмати эди. Улар кўтарган муаммолар бугунги кунимиз учун ҳам бегона эмас. Мисол учун, Ҳамза “Дорул айтом” мақоласида етим болаларни ўқитиш масаласини кўтарган. Шунингдек, жадидлар нашрларида касб ва катталар мактаблари масалалари ҳам ўртага ташланган. Миллатнинг бугун яшаб қолиши ва эртаси, унинг келажаги маорифда эканлигини улар яхши англаб етишган эди. Уларнинг бу борадаги мақолалари ҳамон ҳароратини йўқотмаган.

Жадид матбуоти минг йиллик диндошлик, туркийликни унутган эмасди.

Энг қизиғи жадид матбуоти ўзининг мустақил позициясига эга бўлган эди. Масалан биринчи масалада у Рус империясини ичида турса-да русларнинг Туркия билан урушини "Рус – турк уруши" эмас, "Турк – рус уруши", деб ёритган. Олдинга туркийликни қўйганлар. Биринчи Жаҳон уруши кетаётган вақтда Ҳиндистон, Туркия мусулмонларининг аҳволи қандайлиги масаласи кўтарилади. Демакки, Империя сиёсати қаерга қарамасин улар минг йиллик диндошликни, туркийликни унутган эмас. Уларнинг виждони газетасининг тирик қолиш, қолмаслигидан юқори эди.

Жадидлар матбуотининг аксариятини номинигина биламиз холос...

Жадидларнинг бизга маълуми, бизгача етиб келган қисми тахминан 20 фоиз атрофида. Аксари бизга етиб келган эмас. Ўша сақланиб қолган 20 фоизни ҳам 4-5 йилдан сўнг, ўқиб бўлиши бўлмаслигига кафолат йўқ. Улар танг аҳволда. Зудлик билан уларни электрон ҳолатга кўчириш лозим. Навоий кутубхонаси қўлда борларини жуда яхши сақлаган. Улар кўп ўрганилмагани боис ҳам ўзини яхши сақламоқда. Жадид матбуоти одамлар қўлида ҳам бўлиши мумкин. Шунингдек, Татаристон, Япония, АҚШ, Петербургда бўлганларини ўзимизга олиб келиш муаммо бўлиб қолмоқда. Жадид нашрларининг барчаси илмий муомалага кирган эмас, аксариятини номинигина биламиз холос.

10 710
Анора Содиқова, Нишон Абдувоитов ЎзА