ЎзА Ўзбек

02.12.2019 Чоп этиш версияси

Ҳудудлардан хабарлар: Қисқа, муҳим ва тезкор

Ҳудудлардан хабарлар: Қисқа, муҳим ва тезкор

Сирдарё вилояти прокуратурасида оммавий ахборот воситалари ходимлари учун матбуот анжумани ташкил этилди.

Тадбирда вилоят прокуратураси бўлим ва тармоқ бошлиқлари, Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ва Мажбурий ижро бюроси вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситаси ходимлари иштирок этди.

Анжуман иштирокчиларига вилоят прокурорининг ўринбосари С.Бозоров прокуратура органлари томонидан жорий йилнинг ўтган 10 ойи давомида ҳудудда қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилган ишлар юзасидан батафсил маълумот берди.

Ҳуқуқ-тартибот органлари мутасаддилари журналистларнинг саволларга батафсил жавоб берилди.

***

photo5415597046498438047.jpg

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кун олдидан Сирдарё вилояти Оқолтин туманда “Биз коррупцияга қаршимиз” шиори остида митинг бўлиб ўтди.

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси вилоят ва туман кенгашлари ташаббуси билан ташкил этилган сайловолди тарғибот тадбирида партия фаоллари, бошланғич партия ташкилотлари аъзолари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари, партиядан депутатликка кўрсатилган номзодлар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

– Жамиятда порахўрлик, коррупция иллатининг авж олиши мамлакат тараққиёти йўлида олиб борилаётган ҳар қандай ислоҳотларга тўсқинлик қилиши шубҳасиз, – дейди Оқолтин туманида истиқомат қилувчи фуқаро Малика Қорабекова. – Бу иллатнинг жамиятда пайдо бўлганига неча минг йиллик тарих гувоҳ. Шу жиҳатдан бугунги тадбирнинг ташкил этилганини ҳар томонлама ижобий баҳолаймиз.

Митинг давомида санъаткорларнинг концерт дастури намойиш этилди.

***

photo5415972418050174164.jpg

Мамлакатимизда ҳар йили БМТ Бош Ассамблеясининг 1999 йил 17 декабрдаги резолюцияси билан Халқаро аёлларга нисбатан зўравонликка бархам бериш куни кенг нишонланади.

Маълумотларга кўра, 25 ноябрь – Аёлларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш Халқаро кунидан бошлаб 10 декабрь – Инсон ҳуқуқлари кунигача бўлган 16 кун давомида қатор тадбирлар бўлиб ўтади.

Ана шундай тадбирларнинг бири Гулистон шаҳрида бўлиб ўтди. Сирдарё вилоят адлия бошқармаси ҳамда Гулистон қурилиш касб-ҳунар коллежида Халқаро аёлларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш куни муносабати “Биз зўравонликка қаршимиз” мавзусида тарғибот-ташвиқот тадбири ҳамда семинар-тренинг бўлиб ўтди.

Тадбирда вилоят, туман ва шаҳар хотин-қизлар қўмиталари мутахассислари, Ижтимоий мослашув ҳамда вилоят “Оила” илмий-амалий тадқиқот марказлари вилоят бўлими раҳбарлари, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича ҳудудий кенгашлари вакиллари, ўқувчи-қизлар иштирок этди.

Тадбир қизғин мунозара шаклида ўтди. Якунда оилавий зўравонликларга дуч келиб, масъул ташкилотлар кўмагида оёққа турган аёлларга ҳомийларнинг қимматбаҳо совғалари улашилди.

***

photo5415972418050174165.jpg

Жорий йилнинг 22 декабрь куни бўлиб ўтадиган сайловларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига бўлиб ўтадиган сайловларга Сирдарё вилоятида ҳам қизғин ҳозирлик кўрилмоқда. Сайловчиларнинг 55,2 фоизини 30 ёшгача бўлган ёшлар ташкил этади.

Боёвут енгил саноат ва агросервис касб-ҳунар коллежида бўлиб ўтган сайловолди давра суҳбати “Ёшларнинг сайловдаги фаол иштироки – демократиянинг муҳим омили” мавзусига қаратилди.

Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сирдарё вилоят кенгаши Ёшлар билан ишлаш бўлими томонидан “Янги Ўзбекистон — янги сайловлар” шиори остида ташкил этилган ушбу тадбирда партия фаоллари, партиядан депутатликка кўрсатилган номзодлар, коллеж ўқитувчилари, биринчи бор сайловда иштирок этувчи ўқувчилар ва уюшмаган ёшлар иштирок этди.

Тадбирда ёшларнинг бўлажак сайловларда иштироки юрт тақдирига дахлдорлик туйғусини ошириши алоҳида таъкидланди.

1 015
Абдужалол ҚАЮМОВ, ЎзА