ЎзА Ўзбек

25.09.2019 Чоп этиш версияси

Ҳудудларда “Ватанга қасамёд” матни тарғиботи

Ҳудудларда “Ватанга қасамёд” матни тарғиботи

Республикамиз бўйлаб “Ватанга қасамёд” матни моҳиятини ёшлар орасида кенг тарғиб этиш мақсадида “Ўзбекистон Республикасига садоқат билан хизмат қиламан!” шиори остида маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда.

Шундай тадбирлардан бири Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округи томонидан Қашқадарё вилоятининг Нишон туманидаги 35-сонли умумий ўрта таълим мактабида бўлди.

Унда Қуролли Кучлар сафига кираётган ҳар бир ҳарбий хизматчи умри мобайнида бир марта қабул қиладиган “Ҳарбий қасамёд” матни “Ватанга қасамёд” матнига ўзгаргани ҳақида алоҳида тўхталиб ўтилди. Ҳарбий хизматчи томонидан “Ватанга қасамёд” матни тантанали ўқиб эшиттирилди.

Сўнгги йилларда миллий армиямизда туб ислоҳотлар олиб борилмоқда. Қуролли Кучларимизга олиб келинаётган сўнги русумдаги ҳарбий техника ва қурол-яроқлар, ҳарбий хизматчиларга яратилаётган кенг имконият-у шарт шароитлар бунинг яққол исботи бўла олади.

photo5211007808361835358.jpg

Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 5 сентябрдаги “Хавфсизлик ва мудофаа соҳасидаги қонун ҳужжатлари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунига мувофиқ, “Ватанга қасамёд” матни мазмун-моҳиятини кенг тарғиб этиш орқали ёш авлодни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, маънавиятини юксалтириш ва бўш вақтини мазмунли ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Тадбирдан кўзланган мақсад айни шу масалаларни ёшлар ўртасида кенг тарғиб етишга қаратилган. Тадбир мобайнида ҳарбий хизматчилар томонидан кўргазмали чиқишлар ҳамда қўл жанги машқлари намойиш етилди.

Бундай тадбирлар ёшларда ҳарбий-ватанпарварлик туйғусини шакллантириш, уларда юртга садоқат ва ҳарбий хизматга қизиқиш ҳисларини уйғотиши билан аҳамиятлидир.

4 044
ЎзА