ЎзА Ўзбек

18.09.2018 Чоп этиш версияси

Ҳудудий гуруҳлар аъзоларига энг кам иш ҳақининг 30-50 бараваригача бир марталик мукофот пули тўланиши мумкин

Бу ҳақда Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши ижроия қўмитаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси билан ҳамкорликда ўтказган тадбирда маълум қилинди.

Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 11 сентябрдаги “Ҳудудларда тадбиркорлик ташаббуслари ва лойиҳаларини жадал амалга оширишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ҳудудларда Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш комиссияси ҳамда Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш бўйича ҳудудий гуруҳлар ташкил этилди.

Ҳудудий гуруҳлар таркибига кирган шахслар асосий иш жойи бўйича мажбуриятларини бажаришдан озод қилинади ҳамда доимий равишда ўзларига бириктирилган ҳудудда бўлади. Комиссия ва ҳудудий гуруҳларнинг сўровлари, кўрсатмалари барча давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарлари ва мансабдор шахслари томонидан сўзсиз ижро этилиши мажбурий ҳисобланади.

Ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши ҳолатини, муҳандислик-коммуникация, ишлаб чиқариш ва бошқа инфратузилмани, бўш турган давлат мулки объектлари ва ер участкаларини ўрганиш, халқаро молия институтлари ва хорижий тижорат банклари маблағларини жалб этган ҳолда ривожлантириш ва такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш, инвестиция киритишни талаб этадиган истиқболли лойиҳаларни тезкор кўриб чиқиш, инвесторлар билан музокаралар ўтказиш ҳудудий гуруҳларнинг вазифасидир.

Ҳудудий гуруҳлар иши самарадорлиги ҳар чоракда таҳлил қилинади. Ишлаб чиқарилган саноат маҳсулотлари, кўрсатилган хизматлар, ёшлар ва аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари учун яратилган доимий иш ўринлари, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари ҳудудларида амалга оширилган лойиҳалар сони, ўзлаштирилган инвестициялар миқдорига қараб ҳудудий гуруҳ аъзоларига энг кам иш ҳақининг 30-50 бараваригача бир марталик мукофот пули тўланади.

3 637
Муҳайё Тошқораева, ЎзА