ЎзА Ўзбек

11.10.2018 20:02 Чоп этиш версияси

Ҳудудий босма нашрлар: муаммо ва ечим

Интернет тараққий этган айни ахборот замонида Исландияда ҳар минг нафар аҳолига қарийб 796 газета тўғри келади ва бу дунё мамлакатлари орасидаги энг юқори кўрсаткичдир. Бу борада Япония 634 дан зиёд кўрсаткич билан иккинчи ўринни эгаллайди.

Осиё қитъасининг яна бир вакили – Жанубий Кореяда эса ҳар минг ўқувчига қарийб 450 газета тўғри келади. Хўш, Ўзбекистонда-чи?

Бугунги кунда мамлакатимизда 665 газета ўртача 4 миллион нусхада чоп этилишини инобатга олсак, босма нашрларнинг ўқувчиларни қамраб олиш даражаси анча паст экани ойдинлашади. Ўз навбатида, ушбу ҳолат босма нашрлар, айниқса, туман ва шаҳар газеталари учун иқтисодий жиҳатдан мураккаб вазиятни юзага келтирмоқда.

Хўш, бир томондан интернет журналистика ахборот маконини эгаллаётган, бошқа томондан обуна масаласи тобора оғирлашиб бораётган мана шундай мураккаб шароитда нима қилиш керак? Газеталар ададини қандай кўпайтириш мумкин? Қачонки, газета саҳифаларида ҳудудлардаги долзарб, аҳолини қийнаб келаётган ёки улар учун ҳам манфаатли бўлган мавзулар очиқ-ойдин ёритилса, мавжуд муаммолар юзасидан таҳлилий-танқидий материаллар мунтазам бериб борилса, шу билан бирга, фаолиятга ёндашувни ўзгартириб, бозор тамойилларидан келиб чиққан ҳолда, маркетинг ишлари тўғри йўлга қўйилсагина газеталар адади ортади. Бу эса босма нашрларнинг иқтисодий жиҳатдан мустақил бўлишини таъминлайди.

Қибрай туманидаги “Дўрмон“ ижод уйида Тошкент вилоятидаги босма нашрлар муҳаррирлари, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, соҳа мутахассислари учун ўтказилган “Ҳудудий босма нашрлар ҳолатини яхшилаш бўйича таклиф ва тавсиялар” мавзусидаги семинар-тренингда шу ҳақда сўз юритилди.

Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди ҳамда вилоят матбуот ва ахборот бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилган мулоқотда мамлакатимизда сўнгги йилларда оммавий ахборот воситалари, хусусан, босма нашрлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасида тизимли ишлар амалга оширилаётгани, соҳани ривожлантиришга доир қатор қонун ҳужжатлари қабул қилингани таъкидланди. Айни пайтда соҳада обуна, моддий-техник база ва кадрлар билан боғлиқ жиддий муаммолар мавжудлигига эътибор қаратилди.

Амалий машғулотда “Ҳудудий босма нашрларнинг бугунги ҳолати: менежмент ва маркетинг йўналишларидаги муаммолар ва уларни яхшилаш бўйича таклифлар”, “Ҳудудий нашрларда ахборот тайёрлаш – контент масаласи”, “Журналист текширувини олиб бориш босқичлари ва тамойиллари” каби мавзуларда маърузалар тингланди.

Семинар якунида таҳририятларни иқтисодий жиҳатдан юксалтириш, газеталарни мазмунан бойитиш, савияси ва ўқишлилигини ошириш, журналистларнинг касб малакасини юксалтириш юзасидан таклиф ва тавсиялар берилди. Шунингдек, иштирокчилар ўзларини қизиқтирган барча саволларга мутахассислардан батафсил жавоб олди.

Авазбек Худойқулов, ЎзА
1 919