ЎзА Ўзбек

12.07.2018 19:45 Чоп этиш версияси

Учувчисиз учиш воситалари: ундан кимлар фойдалана олади?

Учувчисиз учиш воситалари: ундан кимлар фойдалана олади?
Техника мўъжизаси саналган учувчисиз учиш воситалари ҳаётимизга кириб келди. Мазкур қурилма турли ҳолатлар, вазиятлар, воқеалар, фавқулодда ҳолатларни юқоридан туриб тасвирга олади. Бу унинг кенг доирадаги маълумотларни йиғиши ва шунга қараб чора-тадбирларни амалга оширишда муҳим аҳамият касб этади. Аммо ундан оқилона фойдаланмаслик, ўзбилармонлик билан ҳаракатланиш ҳам салбий оқибатларга олиб келиши мумкин.

Ўзбекистон дунё миқёсида учувчисиз учиш аппаратларидан фойдаланишни тартибга солган давлатлар сирасига киради. Бу каби қурилмаларнинг кўпайиб бораётгани туфайли улардан фойдаланишни тартибга солишга аксарият давлатлар жиддий киришмоқда. Сабаби фуқароларнинг мазкур қурилмадан нима мақсадда фойдаланаётганини билиш мушкул.

Халқаро тажриба шуни кўрсатмоқдаки, учувчисиз учиш воситаларидан фойдаланиш кўламини кенгайтириш хавфсизликни таъминлаш, тинч-хотиржам турмуш яратишда муҳим аҳамиятга эга. Аммо ундан фойдаланиш қоидаларига риоя қилиниши шарт. Акс ҳолда, инсонлар ҳаёти, аҳоли яшаш жойлари учун хавфли бўлиши ҳам мумкинлиги айтилмоқда.

Парвозлар хавфсизлигини назорат қилиш давлат инспекцияси маълумотларига кўра, Ўзбекистон ҳудудига учувчисиз учиш аппаратларини олиб кириш, фойдаланиш ва сотишда ноқонуний ҳолатлар кўпайган.

Тизимни тартибга солиш мақсадида фақатгина белгиланган ташкилотларга сабаби кўрсатилгандагина ушбу қурилмани олиб кириш ва ундан фойдаланиш ҳуқуқи берилади.

Ҳозирги кунда Бош прокуратура ҳузуридаги Ахборот-таҳлил мультимедиа маркази, Маданият вазирлигининг маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш илмий-ишлаб чиқариш бош бошқармаси, “Ўзшаҳарсозлик ЛИТИ” давлат унитар корхонаси, Миллий телерадиокомпания, “Ўзбекозиқовқатхолдинг” холдинг компанияси, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси юртимизга учувчисиз учиш қурилмаларини олиб кириш ҳамда фойдаланиш ҳуқуқига эга.

Ундан ноқонуний равишда фойдаланиш мумкин эмас. Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 31 августдаги “Ўзбекистон Республикасининг фуқаро ва давлат авиациясида учувчисиз учиш қурилмаларидан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори асосида юртимизда учувчисиз учиш қурилмаларини эксплуатация қилиш тартиблари ишлаб чиқилган. Ўтган йили эса қонунчилигимизга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиб, ҳаво ҳудудидан санкциясиз фойдаланганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланган.

Барно Мелиқулова, ЎзА
7 775