ЎзА Ўзбек

16.09.2020 Чоп этиш версияси

УЧИНЧИ РEНEССАНС: улкан янгиланишлар, катта режалар ва эзгу ниятлар мужассамлиги

УЧИНЧИ РEНEССАНС: улкан янгиланишлар, катта режалар ва эзгу ниятлар мужассамлиги

Мустақил Ўзбекистонимизнинг кўп асрлик бой тарихига назар ташласак, жамиятда илм-маърифат, фан, таълим, санъат ва маданиятнинг юксалиши, буюк сиймоларнинг ўз ижодида эришган ютуқлари жаҳон тамаддунининг ривожига улкан ҳисса қўшганликларига гувоҳ бўламиз.

Шарқ донишмандлари айтганидек, "Энг катта бойлик – бу ақл-заковат ва илм, энг катта мерос – бу яхши тарбия, энг катта қашшоқлик – бу билимсизликдир!".

Шу сабабли ҳаммамиз учун замонавий билимларни ўзлаштириш, чинакам маърифат ва юксак маданият эгаси бўлиш узлуксиз ҳаётий эҳтиёжга айланмоқда. Инсон ҳаётида илм-маърифат, маънавият беқиёс аҳамият касб этади.

Давлатимиз раҳбари юртимиз мустақиллигининг 29 йиллиги арафасидаги тантанали табрик нутқида асосий мақсадимиз Учинчи Ренессанс бўлишини алоҳида таъкидладилар.

Буюк намоёндаларимиз Ибн Сино, ал-Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби олимлар биринчи ва иккинчи юксалиш босқичига ҳисса қўшгани қиёс қилинса, Учинчи Ренессанс вакиллари бугунги ислоҳотларнинг фаол иштирокчиси бўлган – Янги Ўзбекистон фарзандлари орасидан чиқиши йўлида катта шарт-шароитлар яратилмоқда.

Зеро, Президентимиз таъкидлаганидек, "Халқимизнинг улуғвор қудрати жўш урган ҳозирги замонда Ўзбекистонда янги бир уйғониш – Учинчи Ренессанс даврига пойдевор яратилмоқда".

Эндиликда биз ёшларнинг асосий вазифамиз бу имкониятдан унумли фойдаланиб, келажакда мустақил Ўзбекистоннинг ривожланган давлатлар сафидан ўрин олишида ўз билим, иқтидоримиз билан ҳисса қўшишдир.

Юртимизнинг порлоқ келажаги, равнақи ва барқарорлиги, дунё мамлакатлари ичида ўзининг муносиб ўрнига эга бўлиши сўзсиз инновацион билимларни эгаллаган, бошқача айтганда, инсон капитали соҳиби бўлган бугунги ёшлар қўлида. Шу сабабли Президентимиз томонидан ёшлар тарбиясида энг муҳим қадамлар ташланмоқда. Учинчи ренессанс эса бу йўлда улкан янгиланишлар, катта режалар ва эзгу ниятлар мужассамлигидир.

А.ОТАБОЕВ,
ЎзЛиДеП Фарғона вилояти Кенгаши ходими

2 635
ЎзА