ЎзА Ўзбек

17.09.2020 Чоп этиш версияси

Учинчи Ренессанс пойдеворига ҳар биримиз ҳисса қўшишимиз лозим

Учинчи Ренессанс пойдеворига ҳар биримиз ҳисса қўшишимиз лозим

Бугун Ўзбекистон учинчи Ренессанс остонасида тургани айтилмоқда. Илм-фан ривожланган, рақамли иқтисодиёт амалиётга кенг кириб бораётган, ахборот технологиялари барча соҳани буткул қамраб олган даврда Ўзбекистон янги бир уйғониш даврига пойдевор яратмоқда. Давлатимиз раҳбари Мустақиллигимизнинг йигирма тўққиз йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида «Халқимизнинг улуғвор қудрати жўш урган ҳозирги замонда Ўзбекистонда янги бир уйғониш – Учинчи Ренессанс даврига пойдевор яратилмоқда, десак, айни ҳақиқат бўлади. Чунки бугунги Ўзбекистон – кечаги Ўзбекистон эмас. Бугунги халқимиз ҳам кечаги халқ эмас» деб алоҳида таъкидлади.

Зотан, бизнинг буюк тарихимиз бор. Илму маърифат, маънавият, маданият ва қўйингки, барча соҳаларда илғор бўлган буюк аждодларимиз дунё цивилизациясининг тамал тошини қўйганлар. Ўша даврларда ҳам узоқ муддатли турғунликлар ва ижтимоий онг ҳамда қадриятларда янги сифат босқичига чиқиш ҳолатлари кузатилган. Яъни Ренессанс – уйғониш, қайта туғилиш, бошқача мазмунда ифода этганда маънавий-маърифий, мафкуравий негизда юксак ахлоқ ва илм-маърифатга чанқоқлик устувор маъно касб этган.

Тарихнинг гувоҳлик беришича, халқимиз икки ренессансни бошидан кечирган. Узоқ тарихни ўз ичига олган бу икки уйғониш даврида буюк алломаю донишманд халқимиз Шарқни дунё цивилизацияси бешиги эканлигини амалда намоён этишган. Биринчи Ренессанс тахминан Х-ХII асрларда илм-фанда инқилоб яратган буюк аждодларимиз - Фарғоний, Хоразмий, Фаробий, Беруний, Ибн Сино, Юсуф Хос Ҳожиб, Маҳмуд Қошғарий, Маҳмуд Замахшарий, Бухорий, Термизий, Мотрудий, Абул Муин Насафий яшаб ўтган даврларга тўғри келади. Иккинчи Ренессанс эса ХIV-XVI асрларда яшаб ўтган донишманд бобокалонларимиз Мирзо Улуғбек, Ғиёсиддин Жамшид Коший, Қозизода Румий, Али Қушчи, Лутфий, Жомий, Навоий, Беҳзод фаолияти ва ижоди билан чамбарчас боғлик.

Кўриниб турибдики, иккала Ренессансда ҳам буюк аждодларимиз дунё тамаддунига улкан ҳисса қўшган, маданиятда, санъатда, таълим-тарбияда ҳалоллик, адолат тамойилларига қатъий амал қилиб, илм чўққиларини забт этишган, дунёни ҳайратда ушлаб туришган. Худди шундай бугун юртимиз ҳақида фикр юритилганда «Янги Ўзбекистон», ”Тараққиётнинг янги босқичига кириб бораётган мамлакат” каби иборалар ишлатилаяпти. Бу қўлга киритаётган улкан муваффақиятларимизнинг амалий самараси десак муболаға бўлмайди. Демак, тикланишларимиз юксалишларга йўл очмоқда. Юксалиш эса рақамли, смарт иқтисодиётга ўтиш, ишлаб чиқаришни босқичма-босқич модернизация қилиш, автоматлаштириш, роботлаштириш ва шу билан бирга ўзлигимизни маънавиятимизни, миллий қадриятларимизни ривожлантиришни тақозо этади.

Бу улуғвор мақсадлар йўлида ҳар бир соҳа вакиллари, хусусан сиёсий партиялар, депутатлар ҳам ўз кучи ва имкониятига ишонган ҳолда тараққиётнинг мутлақо янги босқичига қадам қўяётганимизни юракдан ҳис қилиб, фаолият олиб бориши зарур. Бу борада ЎзЛиДеП тадбиркор ва ишбилармонларни ягона ғоя яъни мамлакат тараққиёти йўлида бирлаштириб, уларнинг сиёсий онги, тафаккури ва мафкурасида жамият – ислоҳотлар ташаббускори ғояларини сингдиришга ҳаракат қилмоқда.

Зеро, бугун партиямиз олдида турган улуғ вазифалардан энг муҳими, кенг жамоатчиликни ўзгараётган, янгиланаётган Ўзбекистоннинг ташаббускори ва бунёдкори бўлишга даъват этишдан иборатдир. Бу йўлда олиб бораётган барча саъй-ҳаракатларимизни янада залворли бўлишида ўзимизда куч топа оламиз.

Асилабону Султонова,
OʼzLiDeP Қашқадарё вилоят Кенгаши
мафкуравий тарғибот- ташвиқот ишлари бўлими мудири.

2 201
ЎзА