ЎзА Ўзбек

09.05.2020 Чоп этиш версияси

“Учган юлдуз” эсдалиги ёки 40 йил ўғлини кутган она

“Учган юлдуз” эсдалиги ёки 40 йил ўғлини кутган она

Мўйноқнинг асосий ташриф қоғози, бу албатта, кемалар қабристони жойлашган эски кема портидир. Уруш йилларида ушбу портга Ўзбекистоннинг барча жойларидан аскарлар Амударё орқали келиб, шу ердан денгиз кемаларига чиқиб, Қозоғистоннинг Орол шаҳрига борган, нариёғига фронтга поездларда ва бошқа транспортларда олиб кетилган.

Ушбу эски портда учи осмонга қараб турган эсдалик мавжуд. Ҳозирда ушбу эсдаликка денгиз ва портни эслатувчи ёдгорлик сифатида қаралади, лекин у аввал Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган аскарлар хотирасига бағишлаб қурилган ва “Учган юлдуз” деб номланган.

Ушбу ёдгорликнинг қурилишига сабаб бўлган ғоят таъсирли воқеани мўйноқликлар жуда яхши эслашади. Бу воқеа қуйидагича:

1941 йилда уруш бошланиб Мўйноқда бир уйдан ота ва ёлғиз ўғли фронтга чақирилади. Уйда Оқсари исмли она ёлғиз қолади. Кўп ўтмай фронтдан отанинг вафот этганлиги ҳақида қора хат келади. Лекин ўғли шу кетгандан мўл кетади. Кўрдим-билдим деган киши бўлмайди.

Уруш тугайди. Фронтга кетганлардан кимдир ногирон, кимдир соғлом қайта бошлайди. Қайтмаганларнинг эса урушда бирон жойда ҳалок бўлганлиги ҳақидаги хабарлари чиқиб туради. Лекин, Оқсари онанинг ўғлидан дарак бўлмайди.

Она ҳар куни почта кутади, ҳар куни келаётган кемани кутиб олишга чиқади. Лекин, ёлғиз ўғлидан хабар йўқ. Она уруш тугаган йилдан бошлаб ҳар куни ушбу портга келиб, соатлаб фарзанди отланган йўлга телмуриб ўтиришни одатга айлантиради. Орадан йиллар ўтади.

70-йиллар ўрталарига келиб денгиз тортилиб кета бошлайди ва портнинг жойини ўзгартириш керак бўлади. 30 йилдан ортиқ вақт боласини шу жойда кутиб келаётган она “портни кўчирманг” деб дод-фарёд солади.

“Менинг болам урушга шу йўлдан кетган. Келса энди шу йўлдан келади”, — деб портни кўчирмоқчи бўлганларга зор йиғлайди.

“Опа, энди денгиз бўлмайди. Кемалар қатнамайди. Болангиз келадиган бўлса машинада ёки самолётда келади, лекин денгиз йўли билан эмас”, — дейди улар.

“Йўқ, тушунмаяпсиз. Менинг болам ҳали ёш. У ўз уйини фақат шу йўл орқалигина топа олади. У Мўйноқдан бошқа ерни билмайди, фақат денгизга чиқиб кўрган, холос. Келса, денгиз йўли билан келади. Йўқса у уйни қандай топади?...”

- Мен 1978 йили Олматига ўқишга кетаётган пайтимда Оқсари онанинг шу портга бораётганини охирги марта кўрдим. 83 йилда ўқишни тугатиб келдим, лекин кейин у кишини кўрмадим, — деб эслайди мўйноқлик Ханимой опа.

- Мўйноқ тумани райкомининг иккинчи секретари лавозимида 28 йил ишлаган Абдикерим Тлеуов деган киши 40 йил ўғлини кутган онанинг тақдиридан ғоят таъсирланиб, урушга кетиб ҳалок бўлган аскарлар хотирасига бағишлаб “Учган юлдуз” эсдалигини яратиш ғоясини илгари сурган эди, — дейди экскурсовод-олим Октябр Доспанов.

Ушбу эсдаликда аввал 1941-1945 ёзуви бўлиб, учида беш юлдуз бўлган. Ҳозирда эсдалик қайта таъмирдан чиқарилди.

“Кемалар қабристони” айнан шу ерда жойлашган. 12 дона эски кемалар бир вақтларда бу жойда денгиз бўлганлигидан дарак беради.

2000 йилларнинг бошигача денгизнинг қуриган майдонларида 300га яқин кемалар қолиб кетган эди. Уларни шу вақтлари металлолом учун кесиб-кесиб давлатга топширишди.

Ҳозирда қолган 12 дона эски кемани ҳам йўқ қилиб юбориш ғояси мутасадди раҳбарлар томонидан вақти-вақти кўтарилиб келинмоқда. Негаки, шу кемалар Қорақалпоғистоннинг имижига салбий таъсир кўрсатар эмиш. Яқинда Мўйноқ бўйича ўтказилган бир йиғилишда юқори лавозимдаги битта амалдорнинг шу таклифни яна бир бора кўтаргани мени ҳам ҳайрон қолдирди. Ахир, сайёҳлар шу манзарани кўриш учун Мўйноққа келяпти. Агар, кемаларни йўқ қилиб юборса, шундан сўнг гап-сўз кўпаймайдими? Ўзи Мўйноқда туризмни ривожлантириш бўйича Президент қарори қабул қилинган бўлса.

2010 йилда Мўйноққа БМТнинг Бош котиби Пан Ги Мун келадиган бўлади. Қизгин тайёргарлик бошланади. Шунда ҳалиги 12 та кемани нари судраш, бери судраш бўйича топшириқлар жонига теккан битта амалдор “шу кемаларни ҳам вақтида металлоломга бериб юбориш керак эди. Бошга битган бало бўлди-ку” деган экан.

Мўйноқда яқинда “Мотамсаро она” ҳайкали қурилиб битказилди. Бизнингча, Оқсари она тимсолида ҳам битта эсдалик ўрнатса мақсадга мувофиқ бўлар эди. Ахир, Оқсари она каби юртимизда қанчадан қанча оналар бўлган, дейсиз.

4 818
Есимхон Қаноатов, ЎзА