ЎзА Ўзбек

02.07.2020 Чоп этиш версияси

Учқудуқлик Нурбек Эргашов бир йўла Американинг 20 олийгоҳига ўқишга қабул қилинди

Учқудуқлик Нурбек Эргашов бир йўла Американинг 20 олийгоҳига ўқишга қабул қилинди

Навоий вилояти Учқудуқ туманида истиқомат қилувчи ёш йигит – Нурбек Эргашов бир вақтнинг ўзида Америка университетларнинг 20 тасига ўқишга қабул қилинди. Улар орасида Ўзбекистондаги Webster университети ҳам бор.

4-синфдан инглиз тилини ўрганишга қизиққан Нурбек даставвал дунёдаги энг яхши дастурчи бўлишни, айни шу боисдан Тошкентдаги Инҳа университетида ўқишни орзу қиларди. Аммо кейинчалик унинг фикри ўзгарди.

Қариндоши Англияга ўқишга кетганидан сўнг унинг ҳам бирдан-бир орзуси чет элда ўқиш бўлди. Хорижий олийгоҳларга ўқишга киришнинг эса ўзига яраша талаблари бор. Навоий шаҳридаги 1-сонли лицейда ўқиш давомида у ҳар кунлик дарс соатларини янада кўпайтириб, яхшироқ билим олишга интилди.

Ана шу изланишлари натижасида чет элда ўқиш учун асосий имтиҳон ўрнини босувчи сертификатлар – IELTSда 7,5, SATда 1340 (SATдан 1200 балл тўплаганлар учун аслида Америка олийгоҳларига кириш учун асосий мезон ҳисобланади) балл йиғишга эришди.

– Имтиҳонсиз, бироқ мактаб, лицейдаги баҳолар ва ўқитувчи тавсияномаси ҳам керак бўлади, – дейди Нурбек Эргашов. – Кўпроқ SATни америкаликларнинг ўзи топширади. IELTS ни инглиз тили она тили бўлмаган мамлакат фуқаролари топширади. SATда математика ва инглиз тили қисмлари бор. Америка олийгоҳларига ҳужжат топшириш сентябрдан мартгача бўлади. 

Мен ҳам 2020 йил март ойида онлайн тарзда ҳужжат топширдим ва эришган ютуқларим - IELTSдаги 7,5, SATдаги 1340 йиққан балларим фойда берди. Бу сертификатлар билан мен Америка университетларнинг 20 тасига қабул қилиндим. Улар орасида Ўзбекистондаги Webster университети ҳам бор. Аммо менинг ниятим чет элда ўқиш.

Ўқув курси ташкил этишни мақсад қилган Нурбек бугунги пандемия шароити сабаб Америкадаги ўқишини кейинги йил давом эттирмоқчи. Ҳозир эса учқудуқлик ёшларга ўз билими ва тажрибасини ўргатган ҳолда ўзи каби билимдон ёшлар сафини кенгайтирмоқчи.

4 031
Абдували Бўриев. ЎзА