ЎзА Ўзбек

11.10.2018 15:21 Чоп этиш версияси

Учқудуқда оилавий меҳмон уйи очилди

Учқудуқда оилавий меҳмон уйи очилди

Мамлакатимизда туризм соҳасида иш олиб бораётган тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг самарали фаолият юритиши борасида яратилаётган имконият ва имтиёзлар жойларда кўплаб замонавий меҳмонхоналар барпо этилишига хизмат қилмоқда. 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 7 августдаги “Оилавий меҳмон уйлари фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, жойларда оилавий меҳмон уйлари ташкил этилмоқда.

Навоий вилояти Учқудуқ туманида ҳам “Шодлик” оилавий меҳмон уйи ўз фаолиятини бошлади. Бу ерда бир вақтнинг ўзида 10 кишига сифатли хизмат кўрсатиш учун замонавий шароит яратилган.

– Тижорат банкининг 100 миллион сўмлик кредити эвазига оилавий меҳмон уйини ташкил этдик, – дейди меҳмонхона раҳбари Ф.Шарипов. – Бу 4 кишининг бандлигини таъминлаш имконини берди. Инглиз, хитой ва бошқа чет тилларини биладиган ходимларни ишга жалб этяпмиз.

Меҳмонхонада вилоятлардан ташриф буюрган меҳмонлар билан бирга, хорижлик сайёҳлар ҳам бор. Ўзини Ву Жа Оянг деб таништирган хитойлик инвестор бу ерда яратилган шароитлар, айниқса, ходимларнинг муомала маданиятидан мамнунлигини таъкидлади.

Нуриддин Раҳимов, ЎзА​​
2 210