ЎзА Ўзбек

22.05.2020 Чоп этиш версияси

Уч сотих ердан 30 миллион сўм даромад

Уч сотих ердан 30 миллион сўм даромад

Томорқачиликнинг кони фойда экани хусусида кўп бора таъкидлаяпмиз. Бу борада яхши натижаларга эришган юртдошларимиз фаолиятини ёритяпмиз. Мақсад халқимизнинг томорқачиликдаги тажрибаларини ошириш, ўз томорқасидан унумли фойдаланишга ўргатиш.

Бу галги саёҳатимиз қулупнай етиштириш билан танилган Қашқадарё вилояти Қарши туманидаги Кахлак маҳалла фуқаролар йиғини бўлди.

Қишлоқдаги қайси бир хонадонга кирманг кичиккина томорқасида қулупнай экилганини кўрасиз. Ушбу тансиқ мевани етиштириш, парваришлаш сирларини бир-бирларига ўргатишдан чарчамайди. Шунинг учун деярли ҳамма хонадонда қулупнай бор. Қишлоқлик деҳқонларнинг таъкидлашича, оммавий равишда қулупнай етиштирилганда, кўпроқ ҳосил тўплаш имкони пайдо бўлади. Кўп ҳосил бор жойга эса мижозларнинг ўзи келади. Агар битта-иккита томорқада етиштирилса, уни бозорга олиб бориб сотиш керак.

photo_2020-05-22_18-35-59.jpg

Шу қишлоқлик Шамсиддин Примов томорқасининг 3 сотих ерида қулупнай етиштирмоқда. Суҳбатимиз асносида у йил давомида 30 миллион сўмгача даромад олишини таъкидлаб қолди. Табиийки у бунга қандай эришаётганига қизиқдик. Яхшиси, унинг ўзидан эшита қолинг.

– Қулупнайни экишдан олдин ерни яхшилаб ағдариб, чириган гўнг билан бойитамиз, – дейди Ш.Примов. – Қулупнай кўп йиллик ўсимлик ҳисобланади, лекин биз ундан икки-уч йил баъзан тўрт йил фойдаланамиз ва кейинги йилда эски қулупнайзорни бузиб, янги кўчат қиламиз. Бундай қилишимизга сабаб, йил ўтган сайин қулупнай кўчати илдиз отиб, кўпайиб кетади. 

Масалан, бир туп ўсимлик 30-40 тупга кўпаяди. Натижада ҳосилдорлик пасайиб кетади. Янги кўчатлар иккинчи ва учинчи йилда мўл ҳосил беради. Томорқамизга экилган қулупнай кўчатлари бу йил икки йиллик бўлди ва ҳар теримда 100 килограммдан ҳосил оляпмиз. Апрелни боши билан чиқади. Меваси пиша бошлагач ҳар уч кунда терилаверади. Янги чиққан маҳалда килосини 25 минг сўмдан сотдик. Ҳозир 10-12 мингдан сотяпмиз. Озуқасига қарашиб турилса, кеч кузгача мева тугаверади.

photo_2020-05-22_18-36-07.jpg

Деҳқоннинг таъкидлашича, қулупнай ўсимлиги кўп сув талаб қиладиган экин. Ёз ойларида ҳар уч кунда маҳаллий ўғит сувга аралаштирилиб, шарбат усулида суғорилади. Бегона ўтлари юлинади. Жўякга тушган “қўл”лари яъни шоналари доимий равишда кесиб турилади. Чунки қулупнай кўчати шоналаридан кўпаяди. Яъни атрофга ўсган шонаси намга текгач томирлайди ва янги кўчатга айланади. Агар улар вақтида олинмаса, мевалари катталашмайди.

– Ўзим электр тармоқлари корхонасида ишлайман, – дейди Ш.Примов. – Бўш вақтим бўлди дегунча томорқага ундайман. Икки ўғил бир қизим бор. Улар менга асосий кўмакчи. Қулупнайни етиштиришда минерал ўғитлардан ниҳоятда кам фойдаланиш керак. Сабаби минерал ўғитни қанча кўп истеъмол қилса, меваси узилгандан кейин таркиби тез бузилади. 

Шунинг учун биз фақат маҳаллий ўғитлардан фойдаланамиз ва бу яхши самара беради. Маҳсулотимизга вилоят марказидаги катта-катта супермаркетлар харидор. Қўнғироқ қилиб қанча кераклигини айтишади. Шунга қараб олиб бориб берамиз.

photo_2020-05-22_18-36-15.jpg

Қулупнайларингизнинг нави қанақа, сўраймиз ундан.

– Кахлак нави, – дейди деҳқон кулимсираб. – Сабаби узоқ йиллардан буён қишлоғимиз одамлари қулупнайчилик билан шуғулланишади. Четдан келган бўлса ҳам ўзимизнинг навга айланиб қолган. Серҳосил, йил давомида ҳосил бераверади. Агар иссиқхона қилиб усти ёпилса, қишин-ёзин қулупнай ейсиз.

Ҳа, деҳқончиликда ҳикмат кўп. Бу Кахлак қишлоғилик битта деҳқоннинг фикрлари. Қишлоқдаги ҳар бир томорқачининг бу борада ўз қарашлари, сизу бизга илинадиган тажрибалари бор. Нима бўлганда ҳам бир оддийгина қулупнай меваси ортидан бутун вилоятга Кахлак қишлоғининг номи кетган. Бозорларга борсангиз баъзан қулупнай бошқа жойдан келтирилган бўлса ҳам кахлакники деб сотишади. Қулупнайчилик ортидан кахлакликларнинг дастурхони тўкин, турмуши фаровон.

photo_2020-05-22_18-36-10.jpg

2 263
Ў.БАРОТОВ, ЎзА