ЎзА Ўзбек

31.07.2018 17:36 Чоп этиш версияси

Учқўрғонда ГЭС қурилиши бошланди

Учқўрғонда ГЭС қурилиши бошланди Мамлакатимизда ҳаёт фаровонлиги ва иқтисодий тараққиётни таъминлашга хизмат қиладиган муҳим омиллардан бири – энергетика тизимини ривожлантириш борасида кўплаб лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Буни Наманган вилоятида қиймати қарийб 1 миллиард 200 миллион долларлик 900 МВт қувватга эга “Тўрақўрғон иссиқлик электр станцияси” барпо этилаётгани мисолида ҳам кўриш мумкин.

Айни пайтда вилоятда қайта тикланадиган, экология ва тежамкорлик нуқтаи назаридан катта аҳамиятга эга муқобил энергия манбаларини барпо этиш бўйича изланишлар олиб борилмоқда. Жумладан, сувдан энергия олиш лойиҳалари амалга оширилмоқда.

12.jpg

Вилоят ҳудудидан ўтган Катта Фарғона канали водийдаги энг йирик гидротехник иншоотлардан биридир. Мазкур канал Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон ҳудудидаги 500 минг гектар суғориладиган ерларни суғоришда катта аҳамиятга эга. Айни пайтда канал ҳавзасида иккита гидроэлектр станцияси барпо этилаётир.

Президентимиз 2017 йил 7 июль куни вилоятга ташрифи чоғида мазкур каналда қуриладиган гидроэлектр станциялари лойиҳаси билан танишган эди.

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 2 майдаги “2017-2021 йилларда гидроэнергетикани янада ривожлантириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида”ги қарорига мувофиқ Наманган вилоятида умумий қуввати 38,5 МВт, ишлаб чиқариш қуввати 150,8 миллион КВт соатни ташкил этувчи кичик гидроэлектр станциялари қуриш кўзда тутилган. Жумладан, Учқўрғон тумани ҳудудида Катта Фарғона каналида кичик ГЭСлар каскадини қуриш режалаштирилган.

21.jpg

Президентимиз топшириқлари ва мазкур қарор ижроси доирасида лойиҳа қоғоздан амалга кўчди. Сув хўжалиги ва энергетика объектлари қурилишида катта тажриба тўплаган “Topalang HPD BULDING” МЧЖ бунёдкорлари Хитой билан ҳамкорликда каналнинг Учқўрғон тумани ҳудудидан ўтган қисмида ГЭС қурилишини бошлади.

– Лойиҳа қиймати 26 миллион долларга яқин ушбу объект бугунги кунда мамлакатимизда бунёд этилаётган гидроэнергетика иншоотлари орасида алоҳида ўрин тутади, – дейди мазкур МЧЖ бош муҳандиси О.Жўраев. – Станцияларнинг ҳар бири 6 МВт қувватга эга бўлиб, йилига 72,8 миллион КВт соат электр қуввати ишлаб чиқаради.

Ўтган давр мобайнида объектда 45 миллиард сўмлик иш бажарилди. Тўрт ярим километрли янги канал ўзани барпо этилди. ГЭСлар айнан мана шу тармоқда қад кўтаради. Айни пайтда бўлажак станциялар бинолари қурилмоқда. Декабрь ойи охирида турбиналар ҳам монтаж қилиб бўлинади. Келгуси йилнинг биринчи чорагида созлаш ишлари олиб борилади ва Наврўз байрами арафасида истеъмолчиларга дастлабки электр қуввати етказиб берилади.

Айни пайтда қурилиш майдонларида икки сменада иш ташкил қилинган. 15 экскаватор, бульдозер ва бошқа техника ҳамда механизмлар, 20 дан ортиқ транспорт воситаси туну кун ишламоқда.

Акромжон Сатторов, Ҳотам Мамадалиев (сурат) ЎзА
5 453