ЎзА Ўзбек

14.06.2018 18:27 Чоп этиш версияси

Уч опа-сингил – оилавий тадбиркор, аммо...

Уч опа-сингил – оилавий тадбиркор, аммо...
Фарғона вилояти Қўштепа тумани «Файз» маҳалла фуқаролар йиғини Ойдинкўл кўчаси 90 уйда истиқомат қилувчи Умарали ака Раҳимов бошига оғир синовлар тушган инсон. Рафиқаси Рўзихон Раҳимова оғир касалликдан оламдан ўтгач, уч қиз ва бир ўғли билан қолиб кетди. Болалар тақдири ва келажагини ўйлаб, бошқа оила қурмади ва касб-ҳунарли қилиб вояга етказмоқда. 

Катта қизи Феруза Раҳимова 1989 йилда туғилган. Ўзига ўзи фойдали меҳнат топди. Сингилларини ҳам ўз ортидан эргаштириб, ҳозирда ўз уйида тадбиркорлик билан шуғулланмоқда. 

– Ўғлим буёқчилик қилади. Республиканинг турли шаҳарларида буюртма тушса, бориб ишлайди. Ҳозир ҳам Тошкентда. Йигитнинг йўриғи бошқа, – дейди Умарали ака. – Қиз болаларнинг тарбияси нозик. Имкон бўлса, уларни ўқитиш керак. Ҳеч бўлмаса, ҳунарли қилиш керак. Онаси оламдан ўтганида катта қизим Феруза 15 ёшда эди. Мен ишга кетганимда укаларига ўзи қарарди, рўзғор ташвишлари унинг зиммасида. Ҳозир меваларни олди-сотдиси билан шуғулланаман. Кўриб турганингиздек уч хонали уйни қураяпман. Бу икки хонали уйнинг таги зах, пойдевори чўкаяпти. Ишчи гуруҳи келибди, раҳмат. Аммо менинг қийинчилик даврим ортда қолди. Муаммоим йўқ. Фақат шу қизларимнинг истакларини тинглаб кўринглар, нимадир ёрдамингиз текса ҳам миннатдор бўламан. 

DSC_2740.JPG

– Ўн йил олдин Муслиха деган аёлга шогирд тушган эдим. 9 ойда касб сирларини чуқур ўргатди. Уч опа-сингил бир кунда 50 метргача адрас тўқиймиз, – дейди Феруза Раҳимова. – Ҳозир кун эрта чиқади. Сахар 4 дан ишни бошлаймиз. Кун иссиғида 12 дан 15 гача дам оламиз. Кейин яна 20 гача ишлаймиз. Ишни бизга буюртмачи беради. Хом-ашё ва барча керакли материалларни ўзи келтиради. Ҳар метридан бизга 1,5 минг сўм соф фойда қолади. Бир ойда 1500 метр тўқиймиз. Фойдамиз 2 миллион сўм атрофида бўлмоқда. Кўча-куйда ишсиз сарсон бўлмаймиз. Дадамизнинг кўз олдида ишлаймиз. Лекин бозорда адрасга талаб тобора ошмоқда. Биз улгурмаяпмиз, кенгроқ жой керак. Маҳалламизда ҳозир бешта қиз бу иш билан шуғулланади, аммояна 50-100 та қизни бу ҳунарга ўргатсак, ҳам иш ҳажмлари етарли. Уйида ўтириб, бемалол “заказ”ни бажараверса бўлади. 

– Ниманинг ҳисобидан миллий матоларга талаб катта бўлаяпти?

– Билишимча, миллий илдизларимизга қайтаяпмиз. Лекин асосий маҳсулот экспортга кетаётганини ҳисобга олсак, жаҳон бозорида табиий ва тоза матоларга эҳтиёд ўсаяпти, деб ўйлайман. Айниқса, Паранжи ва Шаршара адрасларига сўрови юқори. Ўзимизни бозорда бир метри нархи 30 минг сўм турибди. Аммо хорижга ҳар метрини 35 доллардан сотишаяпти. Лекин мураккаб технологиядан ўтади. Бизга келгунича 5-6 одамнинг қўлидан чиқади. Дўракаш ипакни бир хилда таранг қилиб тортиб беради. Чизувчи гулини чизади. Бўёқчи гулни ҳар хил табиий рангларга бўяйди. Пиёзпўстидан сариқ, ёнғоқнинг пишмасдан олинган пўчоғидан кўк, анор пўстлоғидан қизил ранглар олинади. Ҳаммаси табиий кечади. Ошди-қўшди деб аталадиган мутахассис ва Гулавор тўқиш учун тайёрлаб беради. Шундан кейин бизга етиб келади. Хуллас, ўрганиб олинса, қизлар учун яхши ҳунар экан.

DSC_2735.JPG

Президент Шавкат Мирзиёевнинг “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастурини амалга ошириш тўғрисида”ги қарори фаол тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш орқали аҳолига муносиб ҳаёт шароитларини яратишга, бандликни таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Лекин боқиманда бўлмасдан, кичик имкониятдан ҳам унумли фойдалаётган бу каби опа-сингилларга ким ёрдам беради? Улар эски ва шароити йўқ жойда ишлаётгани билан тумандаги бирорта мутасадди қизиққан эмас. 

Ишчи гуруҳи кўрсатмаси билан туман Ёшлар Иттифоқи кенгаши томонидан яқин жойдаги коллеж ёки ёшлар маркази биносидан алоҳида тўқимачилик цехи ажратиш, уларни тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтказиш ва меҳнат стажи юритиш устида иш олиб борилмоқда. 4-сектор раҳбари, солиқ бўлими бошлиғи ва туман ҳокими эса ўз ҳудудидаги ҳалол меҳнати билан даромад топиш истагида бўлган опа-сингилларни, маҳалладаги ишсиз хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш бўйича на аниқ режаси ва на буни ўйлашга вақти бор...

Лазиз Раҳматов, журналист

8 084