Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

03.04.2018 17:16 Чоп этиш версияси

Уч авлод учрашуви

Уч авлод учрашуви Наманган вилояти мудофаа ишлари бошқармасида уч авлод учрашуви тадбири бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, вилоят ҳокимлиги вакиллари, ҳарбий хизматчилар, Қуролли Кучлар фахрийлари, Наманган муҳандислик-қурилиш институтининг академик лицейида ташкил этилган махсус гуруҳ ўқувчилари иштирок этди.

Учрашувда уч авлод, яъни фахрий ҳарбийлар, бугун миллий армиямиз сафларида хизмат қилаётган ҳарбий хизматчилар ҳамда Ватан ҳимоячиси бўлиш орзусида ҳарбий таълим муассасасида сабоқ олаётган курсантлар Қуролли Кучларимиз тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар самаралари, миллий армиямизнинг тинчлик-осойишталикни таъминлашдаги муҳим аҳамияти ҳақида суҳбатлашди.

4.jpg

– Миллий армиямиз сафларида хизмат қилиш Ўзбекистон фуқаролари учун наинки конституциявий бурч, айни чоғда энг нуфузли ва шарафли касблардан бирига айланганини Қуролли Кучлар сафида ўз йигитлик бурчини адо этиш истагида бўлган ёшлар сони тобора ортиб бораётганида ҳам кўриш мумкин, – дейди Қуролли Кучлар фахрийси, истеъфодаги подполковник Ҳабибулло Ҳамроалиев. – Умримнинг 23 йилини юрт тинчлигини сақлаш, осмонимиз мусаффолигини таъминлаш учун бахш этдим. Бугун шуни фахр билан айта оламанки, юртимиз тинчлиги, сарҳадларимиз дахлсизлиги ишончли қўлларда.

Замонавий қурол-аслаҳа ва техника билан таъминланган миллий армиямиз, аввало, чуқур билимга эга, замонавий фикрлайдиган, интеллектуал салоҳиятли, малакали ҳарбий кадрлар билан ҳам мустаҳкамланиши ғоятда муҳим. Шу боис, бўлажак Ватан посбонларини тайёрлаш масаласига мамлакатимизда устувор аҳамият берилмоқда. Уларни маънан етук ва жисмонан соғлом вояга етказиш учун кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда. Наманган муҳандислик-қурилиш институти академик лицейида ташкил этилган махсус гуруҳда таҳсил олаётган йигитларнинг ҳам яқин келажакда Ватанимизнинг муносиб ҳимоячиларига айланишига шубҳа йўқ.

5.jpg

– Мен Чуст шаҳриданман, – дейди мазкур гуруҳ 1-курс ўқувчиси, кичик сержант Ҳожиакбар Ҳасанов. – Болалигимдан ҳарбий бўлишни орзу қилардим. Мақсадим йўлида мактабда аъло баҳоларга ўқидим, рус, инглиз тилларини пухта ўргандим, спортнинг таэквондо тури билан шуғулландим. Лицейни тамомлагандан сўнг олий ҳарбий билим юртида таҳсил олишни давом эттириб, келажакда офицер бўлмоқчиман.

Тадбирда Қуролли Кучлар фахрийларига ташкилотчилар томонидан қимматбаҳо совғалар топширилди, вилоятдаги ҳарбий қисмларнинг офицер, сержант ва аскарлари, академик лицейнинг махсус гуруҳида таҳсил олаётган йигитлар ҳарбий оркестр садолари остида жанговар саф тортиб ўтди.

Ватан озодлиги йўлида ҳалок бўлган юртдошларимиз хотирасига бағишлаб бунёд этилган ёдгорлик пойига гуллар қўйилди. Иштирокчилар Наманган шаҳридаги бир қатор таълим муассасаларида бўлиб, ўқувчи-ёшлар билан тинчликнинг қадри, ватанпарварлик мавзуларида суҳбатлар ўтказди.

Акрамжон Сатторов, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА
3 780