Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

14.09.2017 15:37 Чоп этиш версияси

Ҳуқуқий тарғиботнинг самарали усуллари жорий этилади

Адлия вазирлигида Ўзбекистон Республикасининг жорий йил 7 сентябрда қабул қилинган "Ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш тўғрисида"ги қонуни мазмун-моҳияти ва аҳамиятини аҳолига тушунтиришга бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.

Анжуманда “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили" Давлат дастурида аҳолининг фаол фуқаролик позициясини кучайтириш, жамиятда ҳуқуқий онгни янада юксалтиришда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг ахборот хизматлари ҳамкорлигини таъминлашга қаратилган комплекс чора-тадбирлар белгиланганлиги таъкидланди. Мазкур қонун ҳам аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, ҳуқуқий тарғиботнинг самарали усулларини жорий этишга хизмат қилади.

Тадбирда ушбу қонун қабул қилингунига қадар ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш соҳасида ечилиши лозим бўлган маълум бир муаммоли масалалар мавжуд бўлганлиги айтиб ўтилди. Ушбу муаммоларни бартараф қилиш, шу билан бирга ҳуқуқий ахборотни тарқатиш жараёнини тартибга солишда тизимли ёндашувни ва ҳуқуқнинг қўлланилишида бир хилликни таъминлаш мақсадида мазкур қонун қабул қилинди.

Қонун ҳуқуқий ахборотни тарқатиш тизими самарадорлиги ошишига, шунингдек, давлат органлари, мансабдор шахсларнинг масъулияти кучайтирилишига хизмат қилади. Қонун қабул қилинаётган ҳар бир норматив-ҳуқуқий ҳужжат, қонун ҳужжатларига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар барча давлат органлари ва ташкилотларига, ижрочиларга, ҳар бир маҳалла, кутубхона ва таълим муассасасига етиб бориши ҳамда у ерда улардан эркин фойдаланиш имкониятини таъминлашга хизмат қилади.

Қонун билан ҳуқуқий ахборотнинг тарқатилишига масъул бўлган органлар, уларнинг ваколатлари, мажбуриятлари ва жавобгарликлари белгилаб берилди. Хусусан, Адлия вазирлиги ҳуқуқий ахборотни тарқатиш соҳасида махсус ваколатли давлат органи сифатида қайд этилиб, унга давлат органларининг ҳуқуқий ахборотни тарқатиш бўйича фаолиятини самарали мувофиқлаштириш, услубий раҳбарлик қилиш вазифаси юклатилди.

Анжуманда қонуннинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини аҳолига тушунтириш ишларини ташкиллаштириш бўйича фикр-мулоҳазалар билдирилди. Иштирокчиларни қизиқтирган саволларга мутахассислар жавоб қайтарди.

Гўзал Сатторова, ЎзА
1 856






Все о погоде - Pogoda.uz